19.03.2025

Раҳбарга итоат вожибдир

Раҳбарга итоат қилиш – ислом динида ҳар бир мусулмон зиммасидаги бурчлардан бири бўлиб, бу масъулиятни ҳис этиш инсонни тартиб-интизомга чорлайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга ҳавола қилинг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир» («Нисо» сураси, 59-оят).
Шариатимиз инсонлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва яхшиликни рағбатлантиради. Бирдамликда яшаш, тажрибали ва илмли раҳбарга итоат этиш – жамият тараққиётининг муҳим омилларидан биридир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва саллам   ҳам саҳобаларни сафарга юборганларида, улар орасидан бирини бошлиқ қилиб тайинлар ва унга итоат қилишни буюрар эдилар. Саҳобалар бу анъанани давом эттириб, катта муваффақиятларга эришганлар.
Бугунги кунда ҳам жамиятимизда раҳбарга итоат қилиш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда. Бу оилада ҳам, ижтимоий муҳитда ҳам муҳимдир. Кўплаб муаммолар айнан раҳбарга итоатсизлик ва унинг моҳиятини англаб етмаслик туфайли келиб чиқмоқда. Масалан, оилаларда ажримлар кўпайиб, фарзандлар ота-онага бўйсунишдан бош тортмоқда, аёллар эрига ҳурматсизлик қилаётгани кузатилмоқда. Бу ҳолатларнинг барчаси жамиятда тартиб-интизом заифлашишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзидан кейин ота-онага итоат қилишни буюриб, уларга ҳатто «уфф» демасликка чақирган. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам ҳам оила мустаҳкамлиги учун аёлнинг эрига муносабати қанчалар муҳим эканини таъкидлаб:
“Инсон инсонийлик юзасидан сажда қилиши мумкин бўлганида, мен аёлни эрига сажда қилишга буюрар эдим”, – деганлар.
Ҳудди шу каби, ўқувчининг устозига нисбатан ҳурмати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аждодларимиз: «Устоз – отангдек улуғ», – деб таъкидлашган. Буюк саҳобалардан бири Али розияллоҳу анҳу эса шундай деганлар:
«Менга бирон-бир ҳарф ўргатган одам, ҳоҳласа мени қул қилиб ишлатсин, ҳоҳласа сотиб юборсин».
Демак, биз қачон оиламизда, маҳалламизда, иш жойларимизда йўл-йўриқ кўрсатувчи раҳбарларга итоат ва одоб билан муносабатда бўлсак, олдимизга қўйган буюк мақсадларимизга эришамиз. Шундагина ҳаётимиз мазмунли ва баракали бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга муҳаббатли қилсин ва қалбларимизни ёмон ниятлардан покласин. Омин.

Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси 
Аскаров Дийдоржон