
БЕНАМОЗ – КОФИР ЭМАС!
Бугунги кунда айрим шахслар тарафидан намоз ўқимаган кишиларни кофирга чиқариш анъанага айланиб қолган. Аслида ҳам шундайми? Бу масалани атрофлича ўрганмай туриб, унга ҳукм бериш яхши эмас. Бунинг учун аввало бенамозлик ва куфр ўртасида фарқ борлигини билиш керак.
Барчамизга маълумки, Исломни тан олмаган ёки уни бутунлай рад этган киши кофир бўлади. Бенамоз ҳам кофир бўлиши мумкин деган тахмин қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ислом шариати гумонга асосланиб ҳукм чиқаришга қарши бўлиб, ҳар қандай масала бўйича аниқ далил ва ишончли маълумотларга эга бўлиш керак.
Намоз – бу Исломнинг бешта асосий устунларидан бири ва у ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Шунга биноан унинг фарзлигини умуман тан олмаган ёки бутунлай инкор этган киши кофир бўлади. Бироқ уни тан олган, кейинчалик ўқирман деган ёки инкор этмаган бандага куфр ҳукми берилмайди. Уни фосиқ мусулмон дейилади. Намоз ўқимагани учун шариатга мувофиқ гуноҳкор саналади, аммо бу уни дарҳол куфрда деб айтишга асос бўла олмайди, бу билан диндан чиққан ҳисобланмайди. Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқа уламолар ҳам бенамоз инсонни очиқ-ойдин куфрда деб айтишга қарши бўлишган. Жумҳур уламолар “Намозни тарк қилиш – гуноҳи кабира. Бу ҳам бошқа гуноҳи кабиралар каби қўл урилганда, у билан инсон кофир бўлмайди”, деганлар.
Шунинг учун, бенамоз бўлган инсонга нисбатан ҳукм чиқаришда уни куфрда деб айтиш ёки унга кофир бўлди деб баҳо бериш мумкин эмас.
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ