18.02.2025

ҚУРЪОН – МЎЪЖИЗА МАНБАИ

Қуръони карим – илоҳий манба. У Аллоҳ таолонинг охирги замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга туширган, тиловати ибодат ҳисобланган муқаддас каломидир. Қуръони каримни ҳақлигига ҳеч қандай эътироз, шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, батафсил, аниқ-равшан баён қилинган. Бандалар имкон қадар бу илоҳий манбани янада чуқурроқ ўрганиш ва англашга ҳаракат қилишлари зарур. Исломни билмоқчи, ҳақиқатни англамоқчи, шариатни тушунмоқчи, ҳидоят йўлида юрмоқчи бўлган инсон бевосита Қуръони каримга мурожаат этиши керак. Қуръон илоҳий мўъжиза, инсон эса унинг олдида ожиз. Ҳамма ҳам уни тўлиқ тушунавермайди. Уни англаш учун етарли даражада билим талаб этилади. Аск ҳолда инсон қаттиқ адашиши, гумроҳ бўлиб қолиши муқаррар. 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръон ҳақида ўз раъйидан бир гап айтса ёки аниқ билма¬ган нарсасини гапирса – ўзига дўзахдан жой ҳозирлайверсин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бошқа бир лафзда эса “Кимки Аллоҳ Китоби борасида ўз раъйидан келиб чиққан ҳолда бир гап айтса-ю, (иттифоқо) айтгани тўғри бўлиб чиқса ҳам, хато қилган бўлади”, дейилган.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудек зот бежизга: “Қайси Осмон менга соя солгай, қайси Ер мени кўтаргай, агар Аллоҳ Китобидаги бир оят ҳақида ўз раъйим билан ёки аниқ билмаган нарсам билан гапирсам?!” демаганлар.
Ибн Абу Мулайка раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларига қарата: “Қуръон муфассири бўлган Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан бир оят ҳақида сўралган эди, у киши бу борада лом-лим демадилар. Ва ҳолбуки, агар шу оят ҳақида сизлардан сўралганида, албатта, нимадир деган бўлардингизлар”, деганлар.
Саъид ибн Мусайяб розияллоҳу ҳар қанча олим бўлмасинлар, Қуръон борасида фақат ва фақат аниқ билган нарсанигина гапирганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда айрим тоифа ёки шахслар бу борада етарли даражада билимга эга бўлмасдан туриб, Қуръони каримни ўз раъйлари билан тафсир қилишмоқда. Уни ўзлари тушунган тарзда бошқаларга талқин қилиб, ўртада турли тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. 
Хулоса ўрнида айтамизки, илоҳий манбани ҳурмат қилмоқ, суннатга мувофиқ иш тутмоқ, саҳоба ва тобеъинларга эргашмоқ биз учун энг тўғри, порлоқ ва аниқ йўлдир.

Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаи мударриси