
Саждага бориш ва ундан туриш тартиби
Ислом намоз адо этиш қоидаларига алоҳида эътибор қаратади. Намоздаги ҳар бир ҳаракат, жумладан, саждага бориш ва ундан туриш ҳам муайян тартибга боғлиқ. Бу борада уламолар ва ҳадислар асосида белгилаб берилган қоидалар мавжуд.
Фиқҳ китобларида саждага боришда инсоннинг ерга яқин аъзолари бирин-кетин қўйилиши таъкидланади. “Фатавои Ҳиндия”да бу ҳақда шундай дейилади:
“Агар намозхон сажда қилишни хоҳласа, аввало ерга яқин бўлган аъзоларни (ерга) қўяди. Бас, аввал тиззасини, сўнг икки қўлини, сўнг бурнини ва охирда пешонасини ерга қўяди.”
Шунингдек, “Мухтасарул-виқоя” китобида ҳам шунга ўхшаш тартиб берилган:
“(Намоз ўқувчи) рукудан сўнг такбир айтади ва сажда қилади. Саждага бориш асносида аввал тиззаларини, сўнгра қўлларини ерга қўяди.”
Саждадан туриш тартиби, саждадан туришда эса, аксинча, аввал ердан узоқ аъзолар кўтарилади. Бунга далил сифатида Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис келтирилади:
“Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни сажда қилганларида қўлларидан аввал тиззаларини ерга қўйганларини ва саждадан қайтаётганларида тиззаларидан аввал қўлларини ердан кўтарганларини кўрдим.” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари)
Шунингдек, ҳазрат Умар разияллоҳу анҳунинг намоз ўқиш тартиби ҳам бу масалада далил бўла олади. Имом Таҳовий ривоят қилган ҳадисда:
“Биз ҳазрат Умар разияллоҳу анҳунинг намозларидан шуни ўргандикки, у киши руку қилганларидан кейин ҳудди туя чўккалагандек чўккалар эдилар ва тиззаларини қўлларидан аввал ерга қўярдилар.”
Ушбу тартибнинг аҳамияти шундаки, саждага бориш ва ундан туришда шу тартибга амал қилиш суннатга мувофиқ бўлиб, у киши тана аъзоларига енгиллик беради. Бу усул суннатдаги тартибга мос келиб, ихтилофлардан узоқ туради. Шунингдек, бу ҳолат намозхоннинг ҳушуъ ва ҳузурда намоз ўқишини таъминлайди.
Мазҳаб уламолари бу масалада турли ҳадисларни ўрганиб, якдил фикрга келганлар. Барча мазҳабларда, Моликий мазҳабидан ташқари, бу тартиб асосий қоида сифатида қабул қилинган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, саждага бориш ва ундан туришда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ амал қилиш, намознинг ихлос ва камолот билан адо этилишига сабаб бўлади. Шунингдек, бу ҳолат инсоннинг соғлигига ҳам фойдали бўлиб, жисмоний ҳаракатларнинг тўғри бажарилишига ёрдам беради. Шунинг учун ҳам, фиқҳий китобларда келтирилганидек, саждага боришда тиззалар қўллардан аввал, саждадан туришда эса пешона ва қўллар тиззалардан аввал кўтарилиши афзал ҳисобланади.
Дилшод АЛИЕВ.
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби