06.02.2025

Бағрикенглик – илоҳий амр

Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида барча мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. 
Жумладан, У зот “Мумтаҳана” сурасининг 8-оятида: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, деган.
Самарқандлик фақиҳ Абу Лайс Самарқандий ҳазратлари машҳур “Баҳрул улум” номли тафсир китобида ушбу оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб қайд қилган. Насафлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этганлар.
Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган. “Ҳужурот” сурасининг 13-оятида: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”, деб марҳамат қилган.
Демак, инсониятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонлар турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби ўзаро танишиш, ҳамкорлик қилиш, боғланиш ва маърифат ҳосил қилишдир.
Аббосий халифалардан бўлган Ҳорун Рашид ўз даврида: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга-бирга ишласинлар”, деган. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, деган экан.
Бизнинг мустақил юртимизда яшовчи турли дин вакилларига диний маросимларини ўтказишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштироклари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Бу борада мамлакатимиз ўзига хос бой тажриба орттиргани барчага маълум. Буни бутунжаҳон эътироф этмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд ал-Ҳусайннинг қуйидаги сўзлари бунинг ёрқин далилидир: “Бугунги динлараро ва миллатлараро нотинчлик бўлиб турган таҳликали кунларда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатларо тотувлик турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқдир”.
Демак, Ислом дини мусулмонларни ўз диндош биродарларига ва барча инсонларга яхшилик, олийжаноблик, меҳр-мурувват қилишга чорлаш билан бир қаторда, ўзаро тинчлик ва тотувликда бўлган бошқа дин вакилларига ҳам яхшиликда, бағрикенгликда ва меҳр-шафқатда бўлишларига буюрган.


Мақсуд Акромов,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси