Мусулмонлар фитналардан сақланиши лозим
Ислом дини инсонларга тотувлик, бирдамлик, меҳр-муҳаббат ва инсоф-диёнат каби хислатларни уқтиради. Тинчлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурадиган жамият ривожланади ва гуллаб-яшнайди. Бироқ, тарих ва ҳозирги замон воқелиги шундай кўрсатмоқдаки, мусулмонлар орасида фитна ва низолар тарқалиши жамиятнинг заифлашишига, тараққиётдан ортда қолишига олиб келади. Шу сабабли, фитналардан сақланиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи ҳисобланади.
Фитнанинг луғавий маъноси “синаш”, “имтиҳон қилиш”, “оловда тоблаш” каби маъноларни англатади. Қуръони карим ва ҳадисларда эса фитна турли маъноларда келган бўлиб, улар орасида “ҳақ йўлдан тўсиш”, “ширк ва куфр келтириш”, “одамларни қатл қилиш”, “ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш”, “одамлар ўртасида келишмовчилик солиш” каби маънолар мавжуд. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ
“Фитна қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят). Бу оятда фитнанинг таъсири ҳатто қотилликдан ҳам оғирроқ эканлиги таъкидланган.
Фитнанинг тарихий мисолларига юзланадиган бўлсак. Ислом келганидан кейин Мадинадаги Авс ва Хазраж қабилалари тотувликда яшай бошладилар. Бироқ, фитначилар улар орасида низо чиқаришга ҳаракат қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Аллоҳдан қўрқишга ва жоҳилият даъволаридан қайтишга чақирдилар. Бундан англашиладики, фитналар мусулмонлар ўртасида бузғунчилик қилиш, уларни ўз йўлидан адаштириш учун доимо қўлланиб келган. Ҳозирги кунда ҳам бу усулдан фойдаланиб, мусулмонлар ўртасида уруш ва низолар келтириб чиқарилмоқда.
Замонавий фитналар ва уларнинг оқибатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирги кунда мусулмон юртлардаги келишмовчиликлар, бир-бирини душманга айлантириш ва миллат ичида зиддиятлар пайдо қилиш катта фитналардан ҳисобланади. Охирги йилларда “ИШИД” террорчи ташкилоти томонидан қўзғатилган фитналар миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Бу оқибатда юртлар вайрон бўлди, болалар етим, аёллар бева қолди. Демак, фитначилар орқали бутун бир жамият ҳалокатга юз тутади.
Ислом номи билан қилинган урушлар, қон тўкишлар асл ислом таълимотига мутлақо зиддир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"سَتَكُونُ فِتَنٌ الْقَاعِدُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْقَائِمِ وَالْقَائِمُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْمَاشِي وَالْمَاشِي فِيهَا خَيْرٌ مِنْ السَّاعِي وَمَنْ يُشْرِفْ لَهَا تَسْتَشْرِفْهُ وَمَنْ وَجَدَ مَلْجَأً أَوْ مَعَاذًا فَلْيَعُذْ بِهِ" (رواه الامامُ البخاري عن ابي هريرة رضي الله عنه ).
яъни: “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис фитналарга аралашмаслик, унинг таъсирига тушмасликни тарғиб қилади.
Фитналардан сақланиш учун мусулмонлар бир неча муҳим тамойилларга амал қилишлари лозим:
1. Жамоатга эргашиш: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтилоф чиққанда катта жамоатга эргашишни буюрганлар: “Қачон ихтилофни кўрсангиз, катта жамоатни маҳкам тутинглар” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, фиқҳий мазҳабларга амал қилиш фитналарга қарши энг яхши восита бўлади.
2. Олимлардан маслаҳат сўраш: Ҳар қандай масалада илмли уламолардан маслаҳат олиш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Билимсизликнинг давоси сўрашдир” (Имом Абу Довуд ривояти). Тўғри манбалардан илм олиш, шубҳали шахслар ва номаълум фатволарга эргашмаслик керак.
3. Ишончли манбаларга таяниб, текшириб ҳаракат қилиш: Ҳозирги кунда ёлғон ахборотлар ва фитна уюштириш мақсадида тарқатилаётган хабарлар ижтимоий тармоқлар орқали жуда осон тарқалади. Шунинг учун ҳар қандай маълумотни текшириш, унинг манбасини аниқлаш лозим.
4. Фитначиларга қарши маърифий кураш олиб бориш: Фитналарга қарши энг яхши восита илм ва маърифатдир. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси фитначиларнинг ёлғон даъволарини фош этишга ҳаракат қилиши, одамлар орасида осойишталикни сақлаш учун ҳисса қўшиши керак.
Хулоса ўрнида шу таъкидлаш жоизки, фитналар мусулмон жамиятлар учун энг катта хатарлардан биридир. Тарихда ва ҳозирги кунда фитналар орқали бутун бир давлатлар қулаган, миллатлар заифлашган. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон фитналарга учмаслик, уларга қарши маърифий курашиш, илм олиш, жамоатга эргашиш ва ишончли олимлардан маслаҳат сўрашга ҳаракат қилиши керак. Аллоҳ таоло юртимизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан ҳимоя қилсин, халқимизнинг тинч-хотиржам ҳаётини бардавом қилсин! Омин!
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим
муассасаси матбуот котиби,
“Болои Ҳовуз” масжиди имом хатиби