14.01.2025

Инсоннинг гуноҳ ва истиғфор йўлидаги мурожаати

Инсон – хилқатнинг энг шарафли ва мукаммал мавжуди, бироқ у гуноҳ ва хатолардан холи эмас. Бу ҳаётий ҳақиқат мазкур назмнинг биринчи сатрида эътиборга олинган:  

«Гарчи ҳастам ба ҷурму исён ғарқ,  
Ту макун рӯзи фарқ мӯҷиби ҳарқ.»

“Гарчи мен гуноҳу исёнга ғарқ бўлсам ҳам, Сен қиёмат куни оловга (дўзахга) сазовор қилма.” 


Яъни, инсон ўз гуноҳлари ва хатолари ичида чўкишини англаб етади ва қиёмат кунида Аллоҳ унинг гуноҳлари сабабли дўзахга ҳукм қилмаслигини сўрайди. Бу сатрларда тавба ва истиғфорнинг юқори маънавий аҳамиятини кўрамиз. Чунки гуноҳни англаш ва Аллоҳга паноҳ сўраш – ҳақиқий банда учун асосий сифатлардан биридир.  

Илоҳий нур ва ҳидоят учун илтижо  

Назмнинг иккинчи қисмида ҳақиқий ақида ва илоҳий ҳидоят учун дуо қилинган:  

«Ё Илоҳӣ, кушой дийдаи мо,  
Ба дурустӣ ту бар ақидаи мо.» 

“Ё илоҳим, бизнинг эътиқодларимизни дуруст қилиб, кўзларимизни оч.”

Бу сатрларда инсоннинг маърифат ва ақида йўлидаги ҳақиқатни топиш истаги намоён бўлади. Бунинг учун Аллоҳнинг ҳидояти зарурдир. Қуръони Каримда ҳам шундай таъкидланган:  

مَن يَهۡدِ ٱللَّهُ فَهُوَ ٱلۡمُهۡتَدِيۖ وَمَن يُضۡلِلۡ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡخَٰسِرُونَ
“Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчидирлар.”  (Аъроф сураси, 178-оят)  

Инсон қалбидаги илоҳий нур ҳақиқат йўлини ёритади, ақидаларни мустаҳкам қилади ва уни бидъат ва залолатдан асрайди.  

Ҳақ аҳли билан бўлиш ва ҳақиқатга етакловчи илм  

Кейинги сатрларда дуо қилаётган шахс Аллоҳдан ҳақ аҳлини ўз ёнига йиғишни ва ҳақиқат лавҳини доимий тарзда ўз томонида бўлишини сўрайди:  

«Аҳли Ҳақро ба лутф ёрам кун,  
Лавҳи таҳқиқ дар канорам кун.» 

“Лутфинг билан ҳақ кишиларини менга ёр қил, ҳақиқат лавҳини доимо мен томон эт.”

Бу ерда «аҳли Ҳақ» ҳақ йўлидаги зотлардир. Улар илму ҳикмат эгаси, Аллоҳнинг раҳматига яқин бўлган инсонлардир. Бундай инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш одамга ҳақиқат йўлида катта руҳий қувват беради.  
«Лавҳи таҳқиқ» эса ҳақиқат илмидан олинган маърифатни англатади. Инсон учун ҳақиқатга етакловчи илм ва маърифат калит вазифасини ўтайди.  

Пайғамбаримиз суннатлари йўлида ва номардлардан узоқда бўлиш  

Назмнинг сўнгги сатрлари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш ва номардлар йўлидан четланишга чақириқдир:  

«Пайрави ҳазрати Набӣ гардон,  
Дур кун аз сулуки номардон.»  

“Ҳазрати Пайғамбарга эргаштириб, номардлар йўлидан йироқ қил.”
Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатлари инсонни Аллоҳга етаклайдиган энг тўғри йўлдир. Шунингдек, мазкур сатрлар номард ва ёмон инсонлар йўлидан четланиш заруриятини таъкидлайди. Номардлик йўли – дин ва инсонпарварлик қадриятларига зид йўл бўлиб, инсоннинг маънавий барқарорлигига зарар етказади.  

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб айтиш жоизки, Нақшбандия тариқатининг пешволаридан Сўфи Оллоҳёр ўзларининг “Маслакул муттақийн” китобларида мазкур назм инсоннинг Аллоҳга бўлган иймони, тавба ва истиғфор йўлидаги мурожаатини таъсирчан тарзда акс эттиради. У инсонни ўз хатоларини тан олишга, ҳақиқий ақида йўлини топишга ва Пайғамбаримиз суннатларига амал қилишга ундайди. Назмда баён қилинган дуо ҳар бир мўмин қалбидаги илоҳий ҳидоятга интилишнинг гўзал намунасидир.  

Дилшод АЛИЕВ.
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби манбалар асосида тайёрлади