Порахўрлик – ижтимоий иллат.
Бандаларини доимо тўғриликка буюрган ва бир-бирларининг ҳаққини ноҳақ йўллар билан ейишдан қайтарган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Бизларга бу борада энг гўзал ўрнак бўлиб яшаб ўтган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламга саловату саломлар бўлсин.
Айтиш жоизки муқаддас ислом динимиз ҳар жабҳада адолатга буюрган. Шу билан бирга Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирларининг ҳақларини ейишдан қайтариб Ўз каломида шундай деб марҳамат қилади:
“Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси 188-оят).
Бошқа бир оятда эса қуйидагича марҳамат қилинади:
“(Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ соладиган ва ҳаромни (порани) ейдиганлардир...” (Моида сураси 42-оят).
Муфассир, тобеъин Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ: “Оятдаги “ҳаром” дан мурод порадир”, деганлар.
Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло бандаларини қаттиқ қайтарганига қарамасдан афсуслар бўлсинки бугунги кунда бундай ҳолатлар бот-бот такрорланмоқда. Бунинг асосий сабаби қилиб инсонларнинг диндан анчагина бехабар эканлиги ва мол-дунёга қаттиқ муҳаббат қўйганликларини кўрсатсак хато бўлмайди.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар»
Суюкли пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу сўзлари аслида нечоғлик даҳшатли эканини англаб етиш учун кўп изоҳ аслида шарт эмас. Бу сўзларни дуоси ҳам лаънати ҳам шаксиз ижобат бўлган, Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандаси айтганини англашликнинг ўзи кифоя қилади. Афсуслар бўлсинки бугунги кунга келиб орамизда айнан шу уч тоифадан бирига мансуб бўлган инсонлар кўпаймоқда.
Бундан ташқари айрим "ақлли" порахўрлар ўзлари олаётган порани ҳадя деб номлаб олишади. Берувчилар ҳам доимо «кўнгилдан чиқди», «атаб қўйганмиз», «эҳсон» каби «чиройли» сўзлар билан ўзининг қабиҳ амалларини «бўяб», уни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилади. Эътибор қаратадиган бўлсак, Исломда «ҳадя» сўзи ҳам аниқ таърифга эга бўлиб, у бирор инсонга фойдаланиш мақсадида савобдан бошқа ҳеч қандай манфаатни кўзламай беришдир. Ҳадянинг замирида одатда, одамларнинг меҳр-у муҳаббатини қозониш, уларга бўлган ҳурматни ифодалаш каби эзгу мақсадлар ётади. Шу билан бирга, ҳадя олувчидан бирор нарсани ноҳақ ундиришни ният қилмайди. Бир сўз билан айтганда унда ғараз ва таъма бўлмайди!
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадиларки: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўрталарингизда муҳаббат пайдо бўлади” (Имом Молик “Муватто” китобларида ривоят қилганлар). Пора берувчи ва олувчи ўртасида муҳаббат пайдо бўлмайди, чунки пора берувчи нимадандир таъмагир бўлади. Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Вазифадор кишига ҳақни ўзгартириш учун ҳадя берилса, унга эгалик қилиши (фойдаланиши) жоиз эмас”.
Порахўрлик – жамиятда адолат, тенглик, соғлом рақобат ва ҳалоллик устун бўлишига тўсқинлик қиладиган иллатлардан бири. Бу иллат давлат ва жамиятнинг ривожига салбий таъсир қилгани сабабли деярли ҳар бир жамият унга қарши курашади. Шундай экан бу иллатга қарши курашмоқлик ҳар биримизнинг асосий вазифаларимиздан бири бўлмоқлиги лозим. Чунки келажак авлодимизга қандай жамият, қандай давлат қолдираётганимизни чуқурроқ ўйламоқлигимиз керак.
Ўз ўрнида айтиш жоизки юқорида айтилганидек олинган пора ёки "ҳадя" ларни эгасига қайтариш вожиб бўлади. Баъзи олимлар эса: “Ноҳақ ўзлаштирилган моллар, маълум бўлса, эгасига қайтарилади, маълум бўлмаса, мусулмонлар фойдасига сарфланади”, – дейишган.
Қиёмат кунида бир-бирларимизга ҳаққимизни олиб бермасдан туриб, Аллоҳ бизни ҳисоб-китоб қилмайди. Золимнинг савобларидан мазлумга олиб берилади, савоблари етмаса, ҳақдорнинг гуноҳлари мазлумга ўтади. Қиёматда аҳволимиз вой бўлмаслиги учун, ботил йўл билан пул топишдан сақланишимиз ва кимнингдир ҳаққи ноҳақ бизга ўтган бўлса эгасига қайтаришимиз керак.
Аллоҳ таолодан жамиятимизни бу каби иллатлардан сақлашини сўраб қоламиз!
Абдуллаев Акрам,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси