Аёллар Ислом нигоҳида
Ислом аёлларнинг ҳурмати ва қадрини оширган, уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилган ва жамиятдаги мақомларини белгилаб берган диндир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида аёллар учун ўзига хос ўгитлар ва ҳуқуқлар белгилаб қўйган. Ушбу мақолада аёлларнинг Исломдаги ҳуқуқлари ва уларга бўлган муносабатни ўрганиб чиқамиз.
Аллоҳ таоло мўминлар учун жаннатни ваъда қилар экан, у ерда аёллар ҳам эркаклар билан тенг ҳурмат ва неъматларга сазовор бўлишини айтади:
"Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди" (Тавба сураси, 72-оят).
Ислом аёлларнинг жамиятдаги аҳамиятини эътироф этиб, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлади. Аёллар нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўз ўрнига эга. Масалан, мерос ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:
"Эркаклар учун ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Аёллар учун (ҳам) ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Бу озми-кўпми, фарз қилинган улушдир" (Нисо сураси, 7-оят).
Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ҳам Исломда мустаҳкамланган. Улар нафақат меросга эга бўлади, балки ўз мол-мулкини мустақил равишда бошқариш ҳуқуқига ҳам эга. Шунингдек, эркакларнинг зиммасига аёлларнинг ризқ-рўз ва кийим-кечак каби эҳтиёжларини таъминлаш вазифаси юклатилган. Қуръони каримда айтилади:
"Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир" (Бақара сураси, 233-оят).
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам эркакларга аёлларга яхшилик қилишни буюрганлар:
"Аёлларингиз учун сизнинг зиммангизда яхшилик ила ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бордир" (Имом Муслим ривояти).
Аёлларнинг жамиятдаги роли фақат иқтисодий ёки оилавий вазиятлар билан чегараланмайди. Улар садақа, хайр-саховат ишларида ҳам фаол бўлишган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
"Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам жуфти ҳалолларига: “Қўли узунроғингиз менга тезроқ етишади”, – дедилар. Улар садақа қилишга қизиқишганида, Зайнаб розияллоҳу анҳо энг кўп садақа қилувчи эканлиги аниқланди."
Шунингдек, Ислом аёлларга нисбатан зўравонликни қатъий ман этади. Расули акрам алайҳиссалом эркакларга хитоб қилиб шундай деганлар:
"Аллоҳнинг аёл бандаларини урманглар!" (Имом Абу Довуд ривояти).
Ислом аёлларни жамиятнинг муҳим қисми сифатида кўради ва уларга нисбатан зўравонлик, адолатсизлик ва қийноқларни қатъиян рад этади. Ислом таълимотига кўра, аёлларга ҳурмат ва иззат кўрсатиш ҳар бир мўминнинг вазифасидир.
Хулоса қилиб айтганда, Исломда аёллар ҳурмати юқори даражага кўтарилган. Уларга иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ҳуқуқлар берилган. Аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга адолат билан муносабатда бўлиш Ислом динининг асосий кўрсатмаларидан биридир. Ҳар бир мусулмон эркак ва аёл Ислом таълимотига мувофиқ равишда ҳаёт кечирса, жамиятда ҳақиқий адолат ва тенглик таъминланади.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ЎМИТМ матбуот котиби,
“Болои Ҳовуз” масжиди имом хатиби