Қалб касалликлари муолажаси
Инсон танасида қалбнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Қалб фақат биологик насос эмас, балки инсон руҳияти ва маънавиятининг маркази, Ислом таълимотларига кўра эса, Аллоҳга энг яқин бўладиган жиҳатдир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қалбни инсоннинг туб моҳияти деб таърифлаб, шундай деганлар:
"Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир."
(Имом Бухорий ривояти)
Шунинг учун ҳам қалб касалликларини даволаш инсоннинг маънавий ҳаётида катта аҳамият касб этади. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда қалбнинг ҳолати, унинг касалликлари ва уларни даволаш йўллари ҳақида кенг маълумотлар берилган.
Қалб касалликлари жисмоний эмас, балки руҳий ва маънавий бўлиб, улар инсонни Аллоҳдан узоқлаштиради. Қуръони Каримда бундай касалликлар ҳақида шундай дейилади:
أَفَمَن شَرَحَ ٱللَّهُ صَدۡرَهُۥ لِلۡإِسۡلَٰمِ فَهُوَ عَلَىٰ نُورٖ مِّن رَّبِّهِۦۚ فَوَيۡلٞ لِّلۡقَٰسِيَةِ قُلُوبُهُم مِّن ذِكۡرِ ٱللَّهِۚ أُوْلَٰٓئِكَ فِي ضَلَٰلٖ مُّبِينٍ ٢٢
“Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб қўйган шахс ўз Роббидан бўлган нурда эмасми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар.” (Зумар сураси, 22-оят)
Қалб касалликлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Қалбнинг қотиб қолиши – Аллоҳнинг зикридан узоқлашиш.
2. Киноя ва иккиюзламачилик – қалбни хиёнаткор қилади.
3. Ҳасад, нафрат ва кибр – қалбни заҳарлайди.
4. Гуноҳларни йиғиш – қалбни қоралайди ва нурдан маҳрум қилади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади."
(Имом Термизий ривояти)
Қалб касалликларининг оқибатлари
Қалбнинг маънавий касалликлари инсоннинг нафақат Аллоҳга яқинлигини, балки унинг жамият билан муносабатларини ҳам бузади. Бу касалликлар нафс ҳукмини кучайтириб, инсонни ҳалокатга етаклайди. Аллоҳ таоло Шуаро сурасининг 88-89-оятларида шундай таъкидлайди:
"У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)."
Бу оятда қалбнинг аҳамияти ва уни соғлом сақлашнинг зарурлиги очиқ-ойдин кўрсатилган.
Қалб касалликлари муолажаси
Қалбни касалликлардан сақлаш ва уни поклаш учун бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур. Қуръон ва ҳадислар бу йўлда бизни бошлайди:
1. Тавба ва истиғфор
Қалбни тозалашнинг биринчи ва энг муҳим усули – тавба. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 53-оятида шундай дейди:
۞قُلۡ يَٰعِبَادِيَ ٱلَّذِينَ أَسۡرَفُواْ عَلَىٰٓ أَنفُسِهِمۡ لَا تَقۡنَطُواْ مِن رَّحۡمَةِ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ يَغۡفِرُ ٱلذُّنُوبَ جَمِيعًاۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلۡغَفُورُ ٱلرَّحِيمُ ٥٣
“Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт.”
2. Аллоҳни доимо зикр қилиш
Зикр қалбни поклайди, унга нур бағишлайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
"Аллоҳни кўп эслаб юринглар, зеро бу қалбларнинг шифосидир."
3. Қуръон ўқиш ва амал қилиш
Қуръон қалблар учун даводир. Унга амал қилиш қалбни ҳидоят нурида юритади.
4. Ниятни тузатиш ва нафсга қарши кураш
Ҳар бир амални Аллоҳ учун қилиш қалбни поклайди. Нафсни енгиш эса қалбни мағрурлик ва ҳасаддан ҳимоя қилади.
5. Солиҳ инсонлар билан бирга бўлиш
Яхши муҳит қалбнинг покланишига ёрдам беради. Шунингдек, улар билан бўлиш қалбга яхши хислатларни сингдиради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак. Қалб инсоннинг маънавий марказидир. Унинг соғломлиги бутун ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатади. Қалбни пок ва соғлом сақлаш учун тавба, истиғфор, Аллоҳ зикри ва Қуръонга амал қилиш каби амалларни доимий равишда бажаришимиз лозим. Зеро, қиёмат куни инсоннинг нажоти унинг пок қалби билан боғлиқдир. Шундай экан, қалбимизни Аллоҳ рози бўладиган даражага етказишга ҳаракат қилайлик!
Исматулло ХОЛНАЗАРОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари