Тафсир илми, тарихи ва ривожланиш босқичлари
Таърифи. “Тафсир” сўзи араб тилидаги “فَسَّرَ، يُفَسِّرُ، تَفْسِيْرٌ” сўздан олинган бўлиб, “очмоқ”, деган маънони англатади. Унинг ўзаги فسر калимаси.
Қомусул муҳитда “فسر тафсир сўзига ўхшаб очиқлаб бериш, яширин нарсани очиш маъноларини англатади. Феъл ضرب ва نصر бобларидан.”, - дейилган .
Тафсир ҳиссий очиш ва маънавий ёритиб бериш маъноларида ҳам ишлатилади. Иккинчи маънода ишлатилиши нисбатан кенг тарқалган.
Истилоҳда:
علم يبحث فيه عن كيفية النطق بألفاظ القرآن و مدلولاتها و أحكامها الإفرادية و التركيبية و معانيها التى تحمل عليها حالة التركيب و تتمات لذلك
Тафсир – Қуръон лафзларининг талаффузи, далолат қиладиган маънолари, якка ва таркиб ҳолларидаги ҳукмлари, гап таркибидаги маънолари ва шунга боғлиқ бўлган масалаларни ўрганувчи илм.
Таъриф шарҳи:
1. Қуръон лафзларининг талаффузи:
Қуръон лафзларининг талаффузини мутақаддим муфассирлар, ўз тафсирларида, оятни тафсир этиш асносида айтиб ўтганлар. Ҳозирда бу илм “Қироат илми” номи билан машҳур.
2. Қуръон лафзларнинг далолат қиладиган маънолари:
Лафз араб тилида қандай маъноларни англаташини далиллар асосида белгилаб бериш. Тафсир китобларида араб луғатшуносларининг сўзлари ва адабиёти билан сўзларнинг маъноларини шарҳлаш кенг тарқалган.
3. Лафзнинг якка ҳолатдаги ҳукмлари:
Лафзнинг ўзаги, келиб чиқиши, турли суратларда маъноларининг ўзгариши, вазнлари ва ҳар бир вазннинг ўзига хос маъноларини ўрганиш керак. Буни сарф илми ўрганади.
4. Лафзларнинг мураккаб ҳолатдаги ҳукмлари:
Лафзнинг бошқа бир калима билан бирикса қандай маъно ифода этиши, унинг наҳвий таркиби қандай бўлишини билиш. Буларни наҳв ва маъоний илмлари ўрганади.
5. Лафзларнинг гап таркибига кирган ҳолатидаги умумий маъноси қандай бўлиши, яъни тўлиқ оят ўзининг олди ва тугалланмаси билан қандай маъно ифода этишини билиш .
Қадимда “тафсир” маъносида бошқа бир лафздан ҳам фойдаланилган. У “таъвил” калимасидир. Қуръони карим оятларида тафсири маъносида “таъвил” сўзи ишлатилган.
و ما يعلم تأويله الا الله
Шу сабабдан кейинги уламолар ўртасида тафсир ва таъвил калималари маънодошми ёки улар ўртасида фарқ борми, деган баҳс кўтарилган.
Улуғ муфассирлардан Имом Абу Убайд р.а ва бошқа баъзи муфассирлар ҳар иккаласи бир-бирига маънодош сўзлардир дейишган . Бошқа гуруҳ муфассирлар уларнинг ўртасида фарқ борлигини айтиб, фикрларига қуйидагиларни далил қилиб келтиришган:
1. Тафсир лафз алоҳида кўринишини шарҳлаш, таъвил эса Қуръон жумлаларини умумий шарҳлаш.
2. Тафсир лафзнинг зоҳирий маъносини баён қилади, таъвил эса аслий мақсадини ойдинлаштиради.
3. Тафсир фақат бир маънога далолат қиладиган оятларда бўлади. Таъвил турли маъноларга далолат қилувчи оятнинг бир маъносини бошқаларидан устун қилиш.
4. Тафсир ишонч билан шарҳлаш, таъвил эса тараддуд билан шарҳлаш.
5. Тафсир Қуръон лафзларининг маъно-мафҳумини баён этса, таъвил ўша мафҳумдан чиқадиган сабоқ ва ҳикмату – натижаларни равшанлаштириб беради.
Гарчи иккинчи тоифа муфассирлар тафсир ва таъвил ўртасидаги ўзаро фарқни баён қилсаларда, лекин бу борада Имом Абу Убайд фикрлари ҳақиқатга яқиндир. Чунончи бу иккала лафзнинг ўртасида истеъмол қилиниши эътиборидан ўзаро фарқ қилмайди.
Шу сабабдан ҳам мутақаддимлар замонидан ҳозиргача муфассирлар бу икки лафзни бир хил маънода истеъмол қилиб келишаётгани кузатилади .
Тафсир илми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган. У зот одамларга Қуръони каримнинг маъноларини баён қилар, саҳобаларнинг Қуръони карим оятларининг маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар.
Саҳобаларга тафсир илми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қолган. Қуръони карим уларнинг тилларида нозил қилинган. Улар бирор оятни тушунмай қолсалар, жавобни Қуръоннинг ўзидан қидирар эдилар. Баъзида иш шунинг ўзи билан битар эди. Агар жавоб топа олмасалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига мурожаат қилишарди.
Саҳобаи киромлар баъзи масалаларда қуйидагиларга суяниб ижтиҳод қилар эдилар:
1) Араб тилини мукаммал билишлари.
2) Арабларнинг одатларидан хабардорликлари.
3) Қуръон нозил бўлган пайтдаги Арабистон ярим оролида истиқомат қилувчи насроний ва яҳудийнинг аҳволларидан воқиф эканлари.
4) Фаҳмлари ўткирлиги ва идроклари кучи .
Табиийки, бу борада барча саҳобаларнинг салоҳиятлари бир хил эмас эди. Баъзида бирлари тушунган маънони иккинчилари англамай қолар эдилар. Мисол учун “Бугун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим” маъносидаги оятни эшитиб кўп саҳобалар хурсанд бўлган бўлсалар, Умар розияллоҳу анҳу бу оятдан Расулуллоҳнинг вафотлари яқинлигини тушуниб маҳзун бўлганлар . Улардан Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар .
Тафсир мактаблари. Саҳобалар давриди тафсир борасида алоҳида мактаблар ривожланди. Тобеъийларнинг кўпчиликлари шу мактабларнинг давомчилари бўлдилар. Бу мактаблар ичида учтаси: Макка тафсир мактаби, Мадина тафсир мактаби ва Ироқ тафсир мактаблари энг машҳурлари эди .
Макка тафсир мактаби. Бу мактаб Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхумога нисбат берилади. У киши Маккада ўз дарс ҳалқаларини ташкил қилиб, у ерда тобеъийларга тафсир ва бошқа илмлардан дарс берар эдилар. Бу мактаб шогирдлари ичида Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима, Товус ибн Кайсон ва Ато ибн Абу Рабоҳлар машҳур бўлинди .
Мадина мактаби. Бу мактаб Каъб ибн Убай розияллоҳу анҳуга нисбат берилади. Шу билан бирга Мадинада у кишидан ташқари кўплаб саҳобалари истоқомат қилар эдилар. Уларнинг кўпларидан тафсир борасидаги ривоятлари бу мактаб талабаларига таъсирини ўтказган.
Бу мактаб вакилларидан уч киши машҳур бўлган: Зайд ибн Аслам, Абул Олия, Муҳаммад ибн Каъб Қуразий .
Ироқ мактаби. Ироқ мактабининг асосчиси сифатида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тан олинган. Ироқда у кишидан бошқа саҳобалар бўлгани ва инсонлар улардан ҳам илм ўрганганликларига қарамай, Куфага Амирул-мўминин Умар розияллоҳу анҳунинг амрлари билан муаллим қилиб тайинланган Ибн Масъуддан илм ўрганишга кишиларнинг рағбатлари баланд эди.
Ироқликлар раъй аҳли эканлиги билан бошқалардан ажралиб туришарди. Бунинг таъсирини кўплаб ихтилофли масалаларда кўришимиз мумкин. Уламолар Ибн Масъуднинг далил келтиришнинг бу йўналишига асос солган, кейинги олимлар у кишига эргашганларини айтишади. Табиийки бу нарса тафсир илмига ҳам ўз таъсирини ўтказди ва бу заминда Қуръони каримни ижтиҳод билан шарҳлаш кўпайди.
Куфа мактаби кўплаб забардаст уламоларни етиштирди. Улардан машҳурлари: Алқама ибн Қайс, Масруқ, Асвад ибн Язид, Мурро Ҳамадоний, Омир Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатодалардир .
Тадвин даври. Умавийлар халифалигининг охири, Аббосийлар халифалигининг бошларида тафсир фани ривожида янги давр – асарлар яратиш даври бошланди.
Олдинги даврларда тафсир ривоятлар тарзида кейинги авлодларга етказилар эди. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ва бир-бирларидан эшитганларни тобеъийларга, тобеъийлар ўзларидан кейингиларга оғзаки тарзда айтиб берар эдилар.
Кейинчалик ҳадисларни йиғиш ва уларни саралаш даври бошланди. Бу борада турфа асарлар битилди. Бу китобларнинг боблари ичида тафсирга ажратилган боблар ҳам бор эди. Лекин махсус тафсир учун, сурама-сура, оятма-оят шарҳ ёзилган асарлар битилмади.
Кейинги боскичда Ибн Можа, Ибн Жарир Тобарий, Абу Бакр ибн Мунзир Найсабурий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва бошқа уламолар тафсир борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеъийлар, табаъа тобеъийлардан келган ривоятларни иснодларни келтириб мусҳаф тартиби бўйича тартиблаб, ҳар бир оят остига шарҳ келтириб асарлар ёздилар. Бу тасфирнинг ҳадис илмидан ажралиб чиқиши эди .
Кейинги босқичларда кўринишидан юқоридагиларга, яъни тафсир бил-маъсурга ўхшаш, аммо гапларни эгаларига нисбат беришда санадларни келтириб ўтмайдиган тафсирлар пайдо бўлди. Шу сабабли тафсир китоблари ичига тўқима хабарлар ва исроилиёт кириб қолди. Бу тафсирларнинг кўпларида муаллиф бир оят борасида эшитган барча сўзларни буниси тўғри, буниси нотўғри демасдан, келтиради. Натижада уни ўқиган киши бу ривоятларнинг барчасини асли бор деган гумонга бориб колади. Ҳатто баъзи китобларда “ғазабга учраганлар ва адашганлар” сўзларининг тафсири борасида ўндан ортиқ сўз келган. Ҳолбуки бу оят тафсири саҳиҳ ҳадисда очиқ ойдин айтиб ўтилган .
Кейинги босқичда тафсир илмида тафсир бил-маъсур чегарасидан чиқилиб тафсир бир-раъй йўналиши пайдо бўлди. Сабаби бу даврда араб тилшунослиги асослари мукаммал ўрганилган, фиқҳий ва ақоидий мазҳаблар пайдо бўлиб, улар орасидаги ихтилофли масалалар ёритиб ўтилган эди. Мана шулар тафсирлар ичига кириб, асарларда ривоят қилинган хабарлардан ташқари муаллифнинг турли масалалардаги ижтиҳодлари баён қилина бошлади .
Жаҳонгир ХУДОЙҚУЛОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси