28.02.2024

Фарзандларимиз – ойнадаги аксимиздир


Фарзанд тарбияси ҳар бир ота-она учун улкан масъулиятдир. Ислом динида ота-онанинг ўз болаларига нисбатан масъулияти ҳақида кўплаб оятлар ва ҳадислар келган. Бу масъулиятни тўғри адо этиш учун ота-она аввало ўз феъл-атвори ва хатти-ҳаракатларига эътибор бериши лозим, чунки фарзандлар ота-онанинг кўзгусидир. Улар ота-онасининг сўзларини эмас, амалларини кузатади ва ўз ҳаётида уларга эргашади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا
«Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва аҳлингизни дўзах ўтидан сақланг!» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Ушбу оят ота-оналарнинг нафақат ўзлари учун, балки ўз оилалари, хусусан, фарзандлари учун ҳам жавобгар эканини очиқ-ойдин кўрсатади. Бола тарбиясида уларнинг ҳаётга, одобларга ва Исломий қадриятларга қандай муносабатда эканлиги ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам болалар тарбияси ҳақида кўплаб насиҳатлар қилганлар. У зотнинг сўзлари бизга шуни англатадики, бола қалби соф ва беғубор бўлиб, унга қандай уруғ сепсангиз, шундай мева беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
كُلُّ مَوْلُودٍ يُولَدُ عَلَى الْفِطْرَةِ فَأَبَوَاهُ يُهَوِّدَانِهِ أَوْ يُنَصِّرَانِهِ أَوْ يُمَجِّسَانِهِ
«Ҳар бир бола фитратда туғилади, кейин ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади.» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис ота-онанинг болага таъсирини очиқ-ойдин ифодалайди. Бола дунёга келганда, у табиий ҳолатда бўлади. Унинг маънавий ривожланиши, ҳаётий тамойиллари ва ахлоқий қадриятлари ота-онанинг қўлида. Ота-она ўз фарзандига қандай муҳитни яратиб берса, у шундай шаклланади. Агар ота-она болага меҳрибонлик, сабр-тоқат ва адолатни намоён этса, бола ҳам бу сифатларни ўзида акс эттиради. Агар аксинча, ота-она бепарво, қўпол ва сабрсиз бўлса, бола ҳам ўз ҳаётида бу хусусиятларни кўрсатиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Фарзанд тарбиясида ўрнак бўлишнинг аҳамияти жуда катта. Ота-она болага нафақат насиҳат қилиш, балки ўзи шу насиҳатларга амал қилиш орқали ўрнак кўрсатиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّ اللَّهَ سَائِلٌ كُلَّ رَاعٍ عَمَّا اسْتَرْعَاهُ
«Аллоҳ ҳар бир масъулиятли кишидан ўз қўл остидагилар ҳақида сўрайди.» (Имом Бухорий ривояти).
Фарзанд ота-онанинг тарбияси асосида улғаяди. Агар ота-она болага Қуръон ва Суннат асосида тарбия берса, Аллоҳнинг амрларига итоат қилишни ўргатса, бу бола нафақат ота-онасининг дунёдаги, балки охиратдаги нажотига ҳам сабабчи бўлади. Шу боис ота-оналар болаларига яхши амалларни ўргатишда ўзларини кузатиб, тўғри йўл тутишлари керак.
Бола ота-онасининг феъл-атвори ва хатти-ҳаракатларини нафақат ўрганади, балки уларни ҳаётий тамойил сифатида қабул қилади. Масалан, агар ота-она ҳалол меҳнат қилсаю, болаларига ҳам ҳалолликнинг аҳамиятини тушунтирса, бола бу одатни ўзида шакллантиради. Аммо ота-она ёлғон гапирса ёки бировнинг ҳақини ейишни оддий иш деб билса, фарзанд ҳам буни табиий деб қабул қилади.
Фарзандни тўғри тарбиялаш учун ота-онанинг биринчи ўринда Аллоҳга ибодатда бардавом бўлиши, фарз амалларни бажариши ва болаларини шу йўлга бошлаши зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
مُرُوا أَوْلاَدَكُمْ بِالصَّلاَةِ وَهُمْ أَبْنَاءُ سَبْعِ سِنِينَ
«Болаларингиз етти ёшга тўлганида уларга намозни буюринг.» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Бу ҳадис болаларимизни диний таълим ва тарбия орқали Аллоҳга яқинлаштиришимиз лозимлигини кўрсатади. Бола намозни ўрганиб, уни одат қилса, бу унинг нафақат дунёвий, балки охиратдаги нажотининг ҳам асосидир.
Фарзандларимиз бизнинг аксимиздир. Агар болаларимизда яхши сифатларни кўришни истасак, аввало ўзимизда ўша сифатларни шакллантиришимиз лозим. Агар биз меҳрибон, ҳалол ва масъулиятли бўлсак, болаларимиз ҳам шундай бўлади. Аксинча, агар биз сабрсиз, бепарво ёки адолатсиз бўлсак, бу сифатлар фарзандларимиз ҳаётига ҳам цингади.
Аллоҳ таоло бизга фарзандларимизни Қуръон ва Суннат асосида тарбиялашни ва улар орқали савоб амалларимизни давом эттиришни насиб этсин. Ота-оналар ўз масъулиятларини адо этишда ҳушёр ва сабрли бўлишлари, ҳар бир ҳаракат ва сўзларига эътиборли бўлишлари керак, чунки фарзандлар ота-онанинг ойнадаги аксидир.

Жаҳонгир ХУДОЙҚУЛОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси