Имом Паздавийнинг илмий мерослари
Ислом динининг илмий ва фиқҳий йўналишларида улкан из қолдирган Фахрул Ислом Паздавий, ўз асрининг буюк алломаларидан бири ҳисобланади. Унинг ҳаёти, илмий фаолияти ва асарлари бугунги кунда ҳам мусулмон олами учун маънавий ва илмий аҳамият касб этади. У ҳанафий мазҳабининг фиқҳий асосларини мустаҳкамлашга ҳамда уни кенг оммага етказишга катта ҳисса қўшган.
Имом Паздавий ҳижрий 400 йил (милодий 1010 йил) Қашқадарё вилояти Насаф (ҳозирги Қарши) яқинидаги Пазда қишлоғида туғилган. Унинг «Паздавий» нисбаси туғилган жойининг номи билан боғлиқ. Паздавийнинг илк таълимини отасидан олганлиги ва кейинчалик илм-фан марказлари бўлган Насаф ва Самарқандда таҳсил олганлиги маълум. Бу шаҳарлар ўша даврда Мовароуннаҳрнинг асосий илм ва маданият марказлари бўлиб, фиқҳ, калом, ҳадис ва тафсир каби соҳаларда машҳур уламолар етишиб чиққан.
Унинг устозлари қаторида Муҳаммад бин Ҳусайн ал-Паздавий, Абдулкарим Паздавий, Ҳасан бин Муҳаммад ад-Дарбандий ва Умар бин Мансур ал-Хонабий каби замонасининг етук уламолари бор. Паздавий нафақат фиқҳда, балки исломнинг турли илмий йўналишларида ҳам чуқур билимларга эга бўлиб, ўз асрда «Фахрул Ислом» унвонига сазовор бўлган.
Паздавий ХИ асрнинг иккинчи ярмида яшаб ижод қилган. Унинг ҳаёти Қорахонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Бу даврда Бухоро, Самарқанд, Насаф ва бошқа шаҳарлар нафақат сиёсий аҳамиятга эга бўлган, балки улар илм-фан, маданият ва маърифат марказлари сифатида танилган. Мовароуннаҳр ўша вақтда ҳанафий мазҳабининг асосий қалъаси бўлиб, кўплаб фиқҳий ва усулул фиқҳ асарлари айнан шу ерда ёзилган.
Паздавийнинг илмий фаолияти шу муҳитда шаклланган. Ҳанафий мазҳаби ўша даврда мусулмон жамоатлари ўртасида кенг тарқалган бўлиб, фиқҳий баҳслар кўплаб масалалардаги ижтиҳодий қарорларнинг тўғрилигини текширишга қаратиладиган эди.
Фахрул Ислом Паздавийнинг илмий фаолияти ҳанафий мазҳабининг асосий қоидаларини чуқур ўрганиш ва уларни баён қилишга бағишланган. У нафақат амалдаги масалалар бўйича фатволар берган, балки ислом ҳуқуқшунослиги ва фиқҳ назариясини мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим илмий ишлар қилган.
Асарлари
1. «Усул ал-Паздавий»
Бу асар ҳанафий мазҳабининг усулул фиқҳ соҳасидаги асосий китобларидан бири ҳисобланади. Унда Паздавий ижтиҳод, қиёс ва ижмо каби фиқҳий манбаларни аниқ ва тушунарли усулда баён қилган. Бу асар ҳозиргача ҳанафий уламолар томонидан ишончли манба сифатида фойдаланилади.
2. «Шарҳ ал-Жомиъ ас-Соғийр»
Бу асар Муҳаммад Шайбонийнинг «Жомиъ ас-Соғийр» асарига ёзилган шарҳ бўлиб, унда ҳанафий мазҳабининг фиқҳий қарорлари ва қонунларини кенг ёритган. Асарда ҳар бир масаланинг манбаси, қўлланилган ижтиҳодий усуллар ва уларнинг асослари баён этилган.
3. Фатволар тўплами
Паздавийнинг фатволари ҳам ўта муҳим бўлиб, уларда у мусулмон жамоаси ҳаётидаги турли масалаларга ечим таклиф қилган. Унинг фатволари ҳанафий мазҳаби доирасида кенг тарқалган.
Устозлар ва Шогирдлар
Паздавийнинг илмий ривожланишида устозлари катта ўрин тутган бўлса, унинг шогирдлари орқали унинг илми кенг тарқалган. Унинг шогирдлари қуйидагилар:
• Абу Собит Ҳасан бин Али ал-Паздавий
• Абул Маъолий Муҳаммад бин Носир ал-Хотийб
• Абул Маҳомид Муҳаммад аз-Залий
Бу уламолар орқали Паздавийнинг илми наслдан-наслга ўтказилган.
Фахрул Ислом Паздавий ўзининг илмий билимлари ва ижоди билан фиқҳий баҳсларда асосий ўринни эгаллаган. У ҳанафий мазҳабини ҳимоя қилиш ва ривожлантиришда фаол иштирок этган. Унинг Ғаззолий каби замондошлари билан бўлган илмий мунозаралари тарихий аҳамиятга эга. Масалан, от гўштининг ҳалоллиги тўғрисидаги баҳсда Паздавийнинг илмий далиллари юқори баҳоланган.
Паздавий ўз замонида нафақат фақиҳ, балки сиёсий ва ижтимоий масалаларда ҳам маслаҳатчи сифатида хизмат қилган. Унинг илмга садоқати ва инсоний фазилатлари туфайли у Самарқанд ва Бухорода қозилик лавозимларини эгаллаган. Кейинчалик, у ўз хоҳиши билан бу мансабларни тарк этиб, илмий ишларини давом эттириш учун туғилган қишлоғи Паздага қайтган.
Фахрул Ислом Паздавийнинг ҳаёти ва илмий мероси мусулмон жамоаси учун жуда катта аҳамиятга эга. Унинг асарлари ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий мазҳабининг назарий ва амалий масалаларида муҳим аҳамият касб этади. Паздавийнинг ижоди ва фаолияти нафақат ўз асрида, балки бугунги кунда ҳам маънавий ва илмий ҳаёт учун намуна бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, Паздавийнинг асарларини чуқур ўрганиш ва уларни замонавий шароитларда тадбиқ этиш ислом ҳуқуқшунослигининг янада ривожланишига ҳисса қўшади. Унинг буюк меросини авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиздир.
Жаҳонгир ХУДОЙҚУЛОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси