Дўстликнинг улуғ қадри
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, У барча инсониятни бир ота-онадан яратди ва бу орқали ўзаро дўстлик ва биродарликни таълим берди. Аллоҳнинг расули Муҳаммад (с.а.в.) улуғ одоблар, гўзал фазилатлар ва ҳақиқий дўстликни қандай бўлишини амалда намоён этдилар. Шу боис, исломий дўстлик нафақат дунёвий алоқаларни, балки охиратни ҳам обод қилишга хизмат қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) дўстлик ва биродарлик ҳақида шундай дейдилар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "مثل المؤمنين في توادهم وتراحمهم وتواصلهم كمثل الجسد الواحد، إذا اشتكى منه عضو تداعى له سائر الجسد بالسهر والحمى" (Маъноси: Мўминларнинг ўзаро меҳрибонлиги, ҳамжиҳатлиги ва дўстлиги бир тананинг ҳолига ўхшайди: агар бир аъзо оғриса, бошқа аъзолар ҳам у билан бедорлик ва иситма билан ҳамдард бўлади.)
Бу ҳадис мусулмонларнинг бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббатини ифодалайди. Мўмин киши фақат ўзининг манфаатини эмас, балки биродарининг ҳам яхшилигини ўйлайди, бу эса ҳақиқий дўстликнинг ўлчовидир.
Дўстликнинг асоси – Аллоҳ учун севиш
Ислом таълимотига кўра, ҳақиқий дўстлик Аллоҳ учун бўлиши керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ (Маъноси: Албатта мўминлар биродардирлар. Бас, икки биродарингизнинг орасини тузатинг ва Аллоҳдан қўрқингиз, шоядки раҳмат қилинсангиз.) (Ҳужурот сураси, 10-оят)
Бу оят мўминларнинг биродарлигини таъкидлайди. Исломда биродарлик ва дўстлик миллат, тил ёки ирқ асосида эмас, балки иймон ва тақво асосида бўлади. Шунинг учун ҳақиқий дўстлик Аллоҳ йўлида бирлашиш билан юзага келади.
Дўстнинг ҳақ-ҳуқуқлари
Ҳақиқий дўстлик фақат яхши кунларда эмас, оғир дамларда ҳам бирга бўлишни талаб этади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай дейдилар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "المسلم أخو المسلم، لا يظلمه ولا يسلمه. ومن كان في حاجة أخيه، كان الله في حاجته، ومن فرّج عن مسلم كربة، فرّج الله عنه كربة من كربات يوم القيامة." (Маъноси: Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди ва уни ташлаб қўймайди. Кимки биродарининг ҳожатини чиқаришга ёрдам берса, Аллоҳ унинг эҳтиёжини қондиради. Кимки мусулмоннинг бошига тушган мусибатни енгиллатса, Аллоҳ Қиёмат кунидаги мусибатларидан бирини енгиллаштиради.)
Дўстнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида исломда жуда кўп тавсиялар берилган. Улардан баъзилари қуйидагилардир:
• Дўстга нисбатан ҳамиша ҳалол ва самимий бўлиш.
• Унга ёрдам беришда ҳеч қачон чекинмаслик.
• Дўстни ғийбат қилишдан, унинг сирларини ошкор қилишдан тийилиш.
• Оғир кунида ёнида бўлиш ва унинг ҳолидан хабардор бўлиш.
Муҳожирлар ва ансорлар – ҳақиқий биродарлик намунасидир
Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврида Макка мусулмонлари (муҳожирлар) Мадияга ҳижрат қилишга мажбур бўлганларида, ансорлар (мадиналик мусулмонлар) уларга мислсиз ёрдам кўрсатдилар. Улар нафақат уйларини, балки мол-мулкларини ҳам улашиб, ҳақиқий биродарликнинг намунаси бўлдилар. Бу эса мусулмон дўстлигининг энг олий даражасини кўрсатади.
Дўстлик – охиратда ҳам фойда келтиради
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
الْأَخِلَّاءُ يَوْمَئِذٍ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ إِلَّا الْمُتَّقِينَ (Маъноси: Ўша Кунда (Қиёматда) дўстларнинг баъзилари баъзиларига душман бўлур, фақат тақводорлар бундан мустаснодир.) (Зухруф сураси, 67-оят)
Бу оят дўстликнинг охиратда ҳам давом этиши учун унинг тақво ва Аллоҳ йўлига асосланган бўлиши лозимлигини англатади. Агар дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам фойда келтиради.
Ҳақиқий дўстнинг фазилатлари
Ҳақиқий дўст Аллоҳ учун севилади ва унинг фазилатлари қуйидагича бўлади:
• Дўсти учун хайрли бўлиш.
• Дўстига маслаҳат бериш ва унинг камчиликларини очиқ ва самимий тушунтириш.
• Дўстига оғирлик туғдирмаслик ва ундан миннатдорлик кутмаслик.
Хулоса
Ислом бизга ҳақиқий дўстликни ўргатади. Дўстлик – инсонлар ўртасидаги энг улуғ неъматдир. Агар у Аллоҳ йўлига асосланиб қурилса, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам мукаммал саодатга эришилади. Келинг, дўстларимизни қадрлайлик, уларни Аллоҳ учун яхши кўрайлик ва бу дўстликни сақлаб қолишга ҳаракат қилайлик. Ахир Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "خير الأصحاب عند الله خيرهم لصاحبه." (Маъноси: Аллоҳ наздида энг яхши дўст – дўстига энг кўп яхшилик қилганидир.)
Жаҳонгир ХУДОЙҚУЛОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси