14.12.2024

Касални зиёрат қилиш исломдандир

Ислом дини инсонийлик, биродарлик ва меҳр-оқибат тамойилларини ўзида мужассам этган дин бўлиб, унда мусулмонларнинг бир-бирларига ёрдам кўрсатиши ва қийинчиликларда далда бериши алоҳида ўрин эгаллайди. Касални зиёрат қилиш ана шундай улуғ амаллардан бири ҳисобланади. Ушбу амал орқали мусулмон киши Аллоҳнинг розилигига яқинлашади, ўз биродари билан алоқаларини мустаҳкамлайди ва улуғ савобга эга бўлади.

Касални зиёрат қилиш нафақат диний бурч, балки инсоний қадриятдир. Қуръонда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَىٰ وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ  
«...бир-бирларингизга яхшилик ва тақвода ёрдам беринг, гуноҳ ва адоватда ёрдам берманг.»  
(Моида сураси, 2-оят)

Бу оят мусулмонларни яхшилик ва тақвода бир-бирларини қўллаб-қувватлашга чақиради. Касални зиёрат қилиш ана шу яхшиликнинг бир кўринишидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) мусулмонларни касални зиёрат қилишга ундаган ва унинг улуғ савобини бир неча ҳадисда баён қилганлар. Жумладан:

1. Жаннат Мукофоти  
Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:  
إِنَّ الْمُسْلِمَ إِذَا عَادَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ، لَمْ يَزَلْ فِي خُرْفَةِ الْجَنَّةِ حَتَّى يَرْجِعَ  
«Мусулмон киши мусулмон биродарини зиёрат қилса, қайтгунча жаннат мевазорида бўлади.»  
(Имом Муслим ривояти)

Зиёратнинг мазмунини янада очиб бериш учун ундан: «Эй Росулуллоҳ, жаннат мевазори нима?» деб сўралганда, у зот:  
جَنَاهَا  
«Бу жаннатнинг мевалар териладиган жойидир,» деб жавоб бердилар.

2. Аллоҳнинг Раҳматига Ғарқ Бўлиш  
Пайғамбаримиз яна шундай деганлар:  
مَنْ عَادَ مَرِيضًا لَمْ يَزَلْ يَخُوضُ فِي الرَّحْمَةِ حَتَّى يَجْلِسَ، فَإِذَا جَلَسَ اغْتَمَسَ فِيهَا  
«Ким касал кишини зиёрат қилса, бориб ўтиргунича Аллоҳнинг раҳматида сузиб юради. Ўтирса, раҳматга ғарқ бўлади.»  
(Имом Термизий ривояти)

Бу ҳадислар касални зиёрат қилишнинг нақадар улуғ савобга эга эканини кўрсатади. Бу амал зиёратчига Аллоҳнинг раҳматини жалб қилиш билан бирга, касал киши учун руҳий далда бўлишига хизмат қилади.

Касални зиёрат қилиш Аллоҳнинг розилигига эришиш йўлидаги улуғ амаллардан бири бўлиб, бу амалнинг қадри Қуръонда ҳам бевосита кўрсатилган. Аллоҳ таоло айтади:  

وَمَا تُقَدِّمُوا لِأَنْفُسِكُمْ مِنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِنْدَ اللَّهِ  
«Сиз ўзларингиз учун қилган ҳар қандай яхшиликни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз.»  
(Бақара сураси, 110-оят)

Мусулмон киши касални зиёрат қилиб, унга далда берса, бу яхшилик Аллоҳнинг ҳузурида катта мукофот билан қайтарилади.

Касални зиёрат қилишнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

1. Руҳий далда бериш  
Зиёрат касал киши учун руҳий қўллаб-қувватлашдир. Зиёрат орқали касал киши ёлғиз эмаслигини ҳис қилади ва бу унинг соғайишига ижобий таъсир кўрсатади.  

2. Биродарликни мустаҳкамлаш  
Аллоҳ таоло мусулмонларни биродарликка ундайди:  
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ  
«Дарҳақиқат, мўминлар биродардирлар.»  
(Ҳужурот сураси, 10-оят)  

3. Аллоҳнинг розилигини топиш  
Зиёратчи Аллоҳдан касал учун дуо қилиб, унинг соғайишини сўраса, улкан савобларга эга бўлади. Росулуллоҳ (с.а.в.) тавсия қилган дуо:  
اللَّهُمَّ اشْفِ أَنْتَ الشَّافِي، لَا شِفَاءَ إِلَّا شِفَاؤُكَ، شِفَاءً لَا يُغَادِرُ سَقَمًا  
«Аллоҳим! Шифо берувчи Сендирсан. Сендан бошқа шифо йўқ. Сенинг шиоингдан бирор бир касаллик қолиб кетмайди»

Ислом касални зиёрат қилишни юксак амал деб эътироф этсада, унинг одобларини сақлашни ҳам талаб қилади. Қуйида зиёратчига амал қилиш тавсия этиладиган одоблар келтирилган:

1. Салом билан бошлаш ва қисқа зиёрат қилиш  
Зиёратни узоқ давом эттирмаслик керак. Бу борада ҳадисда айтилади:  
خَيْرُ الزِّيَارَةِ أَخَفُّهَا  
«Зиёратнинг энг яхшиси қисқа бўлганидир.»

2. Покликка риоя қилиш  
Зиёратчи покиза кийимда ва ёқимли ҳид билан бориши керак. Аммо ҳаддан ташқари кучли ҳидли атирлар ёки байрам кийимларидан фойдаланиш касал кишига ноқулайлик туғдириши мумкин.

3. Яхши хабарлар етказиш  
Зиёрат вақтида касални хурсанд қиладиган, унга умид бағишлайдиган сўзларни айтиш тавсия этилади. Росулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар:  
بَشِّرُوا وَلاَ تُنَفِّرُوا  
«Хушхабар беринг, қўрқитманг.»  
(Имом Бухорий ривояти)

4. Шифокорнинг кўрсатмаларига амал қилиш  
Зиёратчи касалнинг муолажасига аралашмаслиги, дорилар ёки таомлар ҳақида маслаҳат бермаслиги керак. Бу фақат мутахассиснинг вазифасидир.

Касал учун самимий дуо қилиш зиёратнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:  
مَنْ دَعَا لأَخِيهِ بِظَهْرِ الْغَيْبِ قَالَ الْمَلَكُ وَلَكَ بِمِثْلٍ  
«Ким биродари учун унинг йўқлигида дуо қилса, фаришта: ЪСенга ҳам шундай бўлсин,ʼ дейди.»  
(Имом Муслим ривояти)  

Касални зиёрат қилиш мусулмонлар ўртасидаги биродарликни мустаҳкамловчи, меҳр-оқибатни оширувчи ва Аллоҳнинг розилигини қозонишга элтувчи улуғ амал ҳисобланади. Қуръон ва ҳадислар зиёратни савобли ибодат сифатида таърифлаб, унинг одобларини баён қилади.

Келинг, касал биродарларимизни зиёрат қилишни эътиборсиз қолдирмайлик. Бу амал орқали Аллоҳнинг раҳматини жалб қилиб, жаннат неъматларига яқинлашишимиз мумкин. Бу одатни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантирайлик ва Росулуллоҳ (с.а.в.) нинг суннатларига амал қилиб, жаннатга элтувчи йўлни мустаҳкамлайлик!


Аблуллоҳ ДАВЛАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси