Мовароуннаҳрда тафсир илми ва муфассирлар
Қадимги Ислом манбаларида ҳозирги Ўрта Осиё, «Мовароуннаҳр» ва «Хуросон» номлари ила зикр қилинган.
Тарихий Ислом китобларида Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Косон, Шош, Фарғона, Марв, Гургенч, Ўзган ва бошқа шаҳарларнинг номлари ҳам зикр қилинган.
Мазкур шаҳарларнинг барчаси диёримиздадур, улардан кўплари ҳозирги вақтгача ўз қадимий номлари билан аталади.
Бутун Ислом оламига маълум ва машҳурким, бу ўлка барча илмларда, жумладан Ислом илмларида ҳам жаҳонга донг таратган буюк алломаларни етиштирган.
Мазкур илмлар ичида ҳадис, тавҳид, навҳу, фиқҳ ва бошқа кўпгина илмлар бор. Биз эса ҳозир фақат Мовароуннаҳрдаги тафсир ва муфассирлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Мусулмонлар келиб фатҳ қилганларидан сўнг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу диёрларни ҳам Ислом нури билан мунаввар қилди. Ерлик аҳоли Исломни қабул қилганларидан сўнг, аввалги мусулмонлар янги мусулмонларга Ислом илмларини ўргата бошладилар.
Бу илмлар ичида тафсир илми ҳам бор эди. Маълумки, бу диёрларнинг туб аҳолиси Исломдан аввал ҳам баъзи бир илм ва маданият турларидан хабардор эдилар.
Ушбу сабабга кўра аллома Ибн Халдун таъкидлаганидек, уларда Ислом илмларини қабул қилиш ва ривожлантиришга лойиқ малака бор эди.
Бир оз вақт ўтиши билан муҳаддислар мадрасаси пайдо бўлди ва улар Қуръон тафсири тўғрисидаги асарларни жамлаган биринчи кишилар, деб эътироф қилиндилар.
Уларнинг сардори Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий эдилар. «Кашфи Зуннун» номли китобда зикр қилинишига кўра, у зот «Тафсири кабир» номли алоҳида бир тафсир китоби таълиф қилган эканлар, лекин афсуски, мазкур китоб бизгача етиб келмаган. Шунга қарамасдан, Имом Бухорий тафсир илмида улкан асар қолдириб кетганлар, у зотнинг «Жомеъус саҳиҳ» китобларида Қуръони Карим тафсирига оид мингдан зиёд ҳадис мавжуд.
Иккинчи ҳижрий асрда тафсир илми ҳадисдан ажраб, алоҳида илм бўлгандан сўнг, Мовароуннаҳрдан улкан муфассирлар етишиб чиқдилар ва шуҳратлари бутун жаҳонга таралди. Улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:
1. Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий.
Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топганлар ва 333 ҳижрий йилда вафот этганлар. У зотнинг аксарият муаллифотлари тавҳид илмида, яъни илми каломда бўлган. Имом Мотуридий ўзларининг «Таъвилоту аҳли сунна» номли тафсирларида илми калом уламолари йўлидан борганлар ва Қуръони Карим оятларини ақидада Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини қўллаб тафсир қилганлар.
2. Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий.
У зот Имом Ҳодий номли билан машҳур бўлганлар, 373 ҳижрий санада вафот этганлар. Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китоблар таълиф қилганлар. Тафсир китобларини эса «Баҳрул улум» деб номлаганлар ва бу тафсир «Тафсир бил маъсур» тоифасидандир.
3. Имом Абул Барокот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий.
Бу улуғ имом Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. (Насаф шаҳри ҳозир Қарши деб номланади). Имом Насафий 701 ҳижрий санада вафот этганлар.
Имом Насафий ўзларининг «Мадорикут танзил» номли тафсир китобларини таълиф қилишда Имом Замаҳшарийнинг «Кашшоф» тафсирларидан истиъфода қилганлар.
Имом Насафийнинг «Мадорикут танзил» номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламо ва толиб илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.
4. Имом Фаҳриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайин Розий.
Бу имом 534 ҳижрий санада Рай шаҳрида таваллуд топганлар ва умрларининг кўп қисмини Хоразмда ўтказганлар. У кишининг «Мафотиҳул ғайб» номли тафсир китоблари илм аҳли ўртасида оятлар орасидаги муносабатларни ва суралар ўртасидаги боғланишларни баён қилиш ва бошқа бир қанча имтиёзлари билан машҳур бўлган. Имом Розий 606 ҳижрий санада вафот этганлар.
5. Имом Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Замаҳшарий.
Бу улуғ имом Хоразмнинг Замаҳшар қишлоғида 467 ҳижрий санада таваллуд топганлар ва 538 ҳижрий санада вафот этганлар. У зот туғилган юртларида дафн қилинганлар. (Замаҳшар қишлоғи ҳозирги Туркманистон жумҳурияти Тошҳовуз шаҳридан 30 чақирим узоқликда жойлашган).
Имом Замаҳшарий турли илмларга доир кўплаб китоблар тасниф қилганлари ва энг машҳур муаллафотларидан бири «Кашшоф ан ҳақоиқи ва уйунил ақовили фи вужуҳит таъвил» номли тафсир китоби бўлиб, у кўпчиликка «Кашшоф» номи билан машҳурдир.
Бундан ташқари Мовароуннаҳрда «Итқон», «Тафсири Нўъмоний», «Тафсир Тибён», «Тафсир Мавлоно Чархий» каби маҳаллий луғатларда таълиф қилинган кўплаб тафсирлар мавжуд.
Шахбоз Саидов,
Мир Араб ўрта махсус
ислом таълим муассасаси