03.12.2024

Тинчлик ва омонликни сўраш энг афзал дуодир.

Аллоҳ таоло муборак каломида шундай мархамат қилади:

{ وَأَمَّا بِنِعۡمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثۡ }

“Ва, аммо, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла.”
("Зуҳо" сурас 11-оят)

Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг неъмати ичида бўлади. 
Бу неъматларни Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида зикр қилинган.
Мана шу улуғ нематлардан бири тинчлик неъмати бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади
“Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). 
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: 
“Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Айнан шу мазмунни Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: 
“(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик!
Аллоҳ таоло тинчлик- осойишталигимизни ҳамиша барқарор, юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!

Саъдуллаев Сирожиддин,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси.