Маййитларга қурон тиловат савоби етиши тўғрисида
Барча мусулмонлар оммаси ўтганларга атаб, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга одатланганлар. Турли мазҳабларнинг уламолари бу ишга ўз фатволарини берганлар. Аммо баъзи кишилар бу ишга ҳам хилоф қилишган. Улар дастлабки пайтда бу иш бўлмаган деган даъво билан ўзлари бу ишни қилмаслик билан кифояланиб қолмасдан, айнан бошқаларни қайтарадилар.
Имом Жалолиддин Суютий ўзларининг китобларида «Дафн пайтида айтиладиган нарсалар боби»да жумладан қуйидагиларни келтиради:
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар. Уни қабрига тезроқ элтинглар. Унинг бош тарафида «Фотиҳа»сурасини, икки оёғи тарафида «Бақара» сурасининг охирини қабрига ўқисин», деганларини эшитдим».
Табароний ва Байҳақий ривоят қилган.
Яна ўша китобнинг «Маййитга ёки қабрга Қуръон қироат қилиш боби»да имом Жалолиддин Суютий роҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:
«Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Бас, бу нарса ижмоъ бўлади. Буларнинг ҳаммасини Ҳофиз Шамсиддин Абдул Воҳид ал-Мақдисий ал-Ҳанбалий шу масала бўйича таълиф қилган жузида зикр қилган.
Қабрга қироат қилишга келсак, унинг шариатда борлигига бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар жазм қилганлар.
Заъфароний айтади: «Шофеъий раҳимаҳуллоҳудан қабр олдида қироат қилиш ҳақида сўрадим. Ҳечқиси йўқ», деди.
Ҳанафий мазҳаби бўйича қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир.
Қабр зиёрати Жума, Шанба, Душанба ва Пайшанба кунлари бўлгани яхши.
Зиёратчи «Ясин» сурасини қироат қилиш мандубдир. Буни «ал-Баҳру ар-Роиқ» китобининг соҳиби ва аз-Зайлаъий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Ким мақбараларга кирганда «Ясин» сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлар.
Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда раббисига яқин бўлади. Қуръон қироати инсон хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз бўлиб, Аллоҳнинг фазли билан маййитни қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб, ўликларга вафотидан кейин Қуръон қироат қилишга ундаганлар. У зот: "Бирор маййитга «Ёсин» сураси ўқилса, енгиллик бўлади", деб айтганлар. Албатта ушбу қироатда тиловат одобларига амал қилиб, ҳарфларни ўз махражидан чиқариш керак.
Ҳанафий мазҳабидагилар маййитга ҳамда тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб боришини жоизлигини айтишган. Ҳидоя, Бадоиъ, Баҳр ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган.
Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари ҳам қироатни савоби агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳ изни билан савоби маййитга етиб боради.
Саъдуллаев Сирожиддин,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси.