БАҒРИКЕНГЛИК ТАЛҚИНИ
Дин инсонларни эзгу ғоя ва эзгу мақсад йўлида бирлаштирувчи омилдир. У мусаффолик манбаи, диллар сокинлигидир. Дин орқали қалблар яқинлашади, маданиятлар бирлашади. Шу боисдан миллий мафкурамизнинг асосий тамойилларидан бири “Динлараро бағрикенглик” ғоясидир. Дунёда турли-туман халқлар яшар экан, уларнинг эътиқодлари ҳам ўзига хослик касб этади.
Шу билан бирга, уларнинг барчаси фақат эзгуликни тарғиб қилади. Зеро, уларнинг вужудга келишига ҳам ёвузликни инкор қилиш, бунёдкор ғоялар рўёбига эришиш сабаб бўлган. Диний бағрикенглик икки кўринишда талқин қилинади: биринчиси, ташқи кўринишдаги бағрикенглик бўлиб, ўзгаларнинг диний эътиқодини инкор этмаслик, унга қарши курашмасликдир. Иккинчиси, ички ижобий бағрикенглик бўлиб, муайян диний эътиқодда мустаҳкам бўлган ҳолда бошқа диний қадриятларни ҳам яхши билиш бўлиб, уларга нисбатан ҳурмат билан ёндошиш ҳисобланади. Айниқса, бизнинг муқаддас Ислом динимизда диний бағрикенглик масаласига алоҳида урғу берилади. Хусусан, мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган набийларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифалар Аллоҳнинг ҳузуридан эканига бирдек иймон келтириши лозим. Набий алайҳиссалом Мадинаи Мунавварага борганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома туздилар, улар билан тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар.
Бу ҳол биз умматлар учун диний бағрикенглик борасида ажойиб бир ибрат, кўрсатмадир. Халқимиз доимо дуога қўл очар экан, биринчи навбатда юртимизга тинчлик, хонадонларимизга файзу барака тилаб, яхши ният қилади.
Аллоҳ таоло Юрт равнақи ва ўзаро ҳамжиҳатликни бардавом қилсин!
Нарзилло АҲМЕДОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси