12.11.2024

ИСЛОМ — БАҒРИКEНГЛИК ДИНИ

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бугун юртимиздаги ўттиз етти миллиондан зиёдни ташкил этаётган халқимиз тинчлик, осойишталикда ҳаёт кечирмоқда. Албатта, бунинг асосий негизи миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликка бориб туташади. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқликда, шу юртнинг эртаси учун камарбаста бўлиб яшаётгани ҳар биримизнинг кўзимизни қувонтирмоқда.
Ислом ўзининг илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди. Жаҳон динларининг ичида фақат Исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган: Бақара сурасининг 256-оятида: «Динда мажбурлаш йўқ»-дейилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи ишлари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки Нажрон насронийлари келганида, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар. Расулуллоҳ ўзлари намуна бўлган ҳолда бутун умматни инсонлар ўртасидаги муносабатда ҳалимликка, бағрикенгликка чақирди.
Исломда бағрикенглик масаласи жуда муҳим ўрин тутади. Ислом кишиларни бирдамликка, яхшиликка, аҳилликка чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Ҳужурот» сурасида: «Эй инсонлар, мен сизларни ҳар хил элатлар, халқлар қилдим, бир-бирларинг билан танишинглар, маърифат ҳосил қилинглар деб», дея марҳамат қилади. Дарҳақиқат, Исломда зўравонлик, ўзгага зулм етказиш йўқ. Ҳаттоки инсонларни динга зўрлик билан чақириш ҳам мумкин эмас. Ҳақиқий мусулмон, ўзини Исломда деб билган кишиларнинг шиори тинчлик бўлиши керак. Мусулмон одам, ҳадисга мувофиқ, ўзгаларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаслиги керак. Аксинча, мўмин одам атрофдагиларга фақат манфаат етказиши зарур. Пайғамбар алайҳиссалом: «Дин бу — ҳусни хулқдир», деганлар. Яъни дин бу одобдир, ахлоқдир, инсонийликнинг гўзал тажассумидир.
Хулоса қиладиган бўлсак, Бағрикенглик инсон табиатига боғлиқ нарсадир. Аллоҳ инсонни худди шу табиат ила яратган. Инсоннинг соф табиати шиддат ва қийинчиликни ёқтирмайди. У доимо осонлик ва юмшоқликка мойил бўлади. Аллоҳ таоло: «Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар», деган (Оли Имрон. 159-оят).
Эътироф этиш керакки, бағрикенглик борасида ўзбек замини азалдан намуна бўлиб келган.

Муҳаммаджон Аҳмадов
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси ёшлар билан ишлаш,
маънавият ва маърифат бўлими ходими