10.11.2024

Қабрларни зиёрат қилиш ислом одобларидан

Ислом динида қабрларни зиёрат қилиш ва вафот этганларни ёдлаш катта аҳамиятга эга. Қабр зиёрати фақат марҳумларни хотирлаш учунгина эмас, балки бизга ҳаётни эслаш, уни қадрлаш ва ўлим ҳақиқатини қабул қилишда ҳам муҳим манба ҳисобланади. Қуйида қабр зиёрати одоблари ва унинг аҳамияти ҳақида динимиз таълимотига кўра асосий жиҳатларни келтирамиз.

1. Қабрларни зиёрат қилишнинг аҳамияти

Қабрларни зиёрат қилиш инсонга ҳаётининг маъноси ҳақида фикр юритишга ёрдам беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қабр зиёратини тавсия қилганлар.  Бурайда розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти). Имом Аҳмад ва Имом Термизийларнинг ривоятида: “Бас, уларни зиёрат қилаверинглар. Чунки улар сизларга охиратни эслатади”, дея марҳамат қилганлар. Қабрга бориш инсонга охират ҳаёти ҳақидаги мулоҳазаларни уйғотади ва ўлим ҳақида ўйлашга сабаб бўлади.

2. Қабр зиёрати одоблари

Қабр зиёратининг муайян одоблари бўлиб, уларга риоя қилиш зиёратнинг мақсадини ҳосил қилишда катта аҳамиятга эга:
• Таҳоратли ҳолда бўлиш: Қабр зиёратига боришдан олдин тоза бўлиш керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тозаликни ҳам доимо тарғиб қилганлар. Ҳадиси муборакларида «Мўминнинг безаги таҳорат суви етган жойгача етади» дея марҳамат қилганлар. Таҳорат мўминнинг безаги ҳисобланади.

Салом бериш: Қабрга борганда аввал салом бериш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлар олдида “ “Ассалому алайкум, мўмин-мусулмонлар диёрининг аҳли. Албатта, биз ҳам, иншоаллоҳ, сизларга қўшилувчидирмиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз” (Имом Муслим ривояти).  деганлар.
Дуо қилиш: Қабр зиёрати вақтида марҳумлар учун дуо қилиш тавсия этилган. Инсон зиёратда марҳумлар ҳақига “Аллоҳим, уларни мағфират эт ва раҳмат қил” деган маънода дуо қилиши мумкин.
Ҳурмат билан туриш: Қабр олдида туришда сукут сақлаш, ҳурмат билан ёндошиш ва юқори овозда сўзлашмаслик лозим. Зеро, улуғларимиз қабр зиёратига борган киши вафот этган одамни ҳаётлигида қандай эҳтиром қиладиган бўлса мана шундай эҳтиромда туриши кераклигини айтганлар.

3. Қабр зиёратининг фойдали жиҳатлари

Қабр зиёрати инсонга бир қатор маънавий фойдалар келтиради:
• Охиратни эслатади: Қабр зиёрати инсонни ўлим ҳақиқатини тушунишга чақиради. Инсон дунёдаги ҳаёти охирлашишини эслаб, ўзига савол қўяди: “Мен қандай ҳаёт кечиряпман? Охиратга қандай тайёрланяпман?”
• Ҳиссиётларни уйғотиш: Қабр олдида инсон қалбида тафаккур уйғонади, ўлимни, дунё ўтишчанлигини эслайди ва ҳиссиётлари сезиларли равишда ёмонликдан қайтиб, яхшиликка интилади.
• Яхши амалларни кўпайтириш: Қабрни зиёрат қилиш инсонга яхшилик қилишга, ёмонликлардан узоқлашишга сабаб бўлади. Бу ўзини Аллоҳга яқинлаштиришда ҳам аҳамиятлидир.

4. Қабр зиёратида эътибор қилиш керак бўлган баъзи жиҳатлар

Қабр зиёратида шариатда таъқиқланган баъзи ишлар ҳам мавжуд бўлиб, улардан сақланиш лозим:
Қабрларга сиғиниш ёки улардан сўраш: Ислом таълимотига кўра, бирон-бир марҳум ёки қабр олдида Аллоҳдан бошқа бировдан ёрдам сўраш ёки уларга сиғиниш мумкин эмас.
Исломга номутаносиб бўлган одатлар: Баъзи жойларда қабр зиёратида шариатга зид бўлган баъзи одатлар амалга оширилади. Мисол учун, қабрлар атрофида айланиш, атрофида тўпланиб турли ношаръий ишларни қилиш ёки зиёрат вақтида жаҳолатга олиб борувчи ишлар қилиш буларнинг барчасидан ислом қайтарган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қабрларни зиёрат қилиш исломда маъқул кўрилган амаллардан бири бўлиб, унинг мақсади инсонга охиратни эслаш, ўзига таълим олиш ва вафот этганларни хотирлашдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига кўра, қабр зиёрати инсон қалбига ёруғлик киритиш ва уни яхши амалларга ундайди. Бу амални тўғри ният ва одоблар билан бажариш, исломнинг инсон тарбиясидаги муҳим аҳамиятини кўрсатади.

Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби