Ислом гиёҳвандликни қоралайди
Ислом дини инсонлар учун соғлом ва тоза ҳаёт тарзини тавсия қилади. Унда ҳар бир инсонга тан ва руҳ соғлигига эътибор бериш, ўзи ва жамиятга зарар етказадиган ишлардан узоқ туриш буюрилган. Шу боис Ислом гиёҳвандликни қаттиқ қоралайди ва унинг ҳар қандай шаклини тақиқлайди.
Гиёҳвандлик ва унинг зарарлари
Гиёҳванд моддалар инсоннинг саломатлигига, ақл-фаросатига, руҳий ва маънавий ҳолатига катта зарар етказади. Гиёҳвандликнинг таъсирида одамнинг танасига ва онгига қаттиқ таъсир кўрсатилади, унинг ҳаётини назорат қилиш имконияти йўқолади. Унинг оқибатида инсон ҳар қандай жиноят ва гуноҳларни содир этиши мумкин.
Гиёҳвандлик жамият учун ҳам катта муаммо ҳисобланади. Бу иллат орқали оила ажралишлари, ижтимоий муаммолар, жиноятлар кўпайиши ва жамиятнинг ижтимоий тузилишига зарар етиши мумкин. Шу сабабли, Исломда ҳар бир мўмин-мусулмон ўзи ва атрофидагиларни бу иллатдан асрашга масъул деб ҳисобланади.
Исломда ҳаром қилиш сабаблари
Ислом шариатида ҳар бир ҳаром қилинган нарсанинг инсонга ва жамиятга зарар келтириши асосий сабаб қилиб келтирилган. Гиёҳвандлик ҳам инсоннинг онгини, танини, ҳаётини ва жамиятни таҳдидга соладиган иш сифатида ҳаром қилинган. Қуръони Каримда ҳам алкогол, қимор ва манифий таъсир кўрсатувчи моддалар қатъий тақиқланган.
Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِنَّمَا ٱلۡخَمۡرُ وَٱلۡمَيۡسِرُ وَٱلۡأَنصَابُ وَٱلۡأَزۡلَٰمُ رِجۡسٞ مِّنۡ عَمَلِ ٱلشَّيۡطَٰنِ فَٱجۡتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ ٩٠
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.” (Моида, 90-оят)
Бу оятдан англашиладики, ҳар қандай маст қилувчи моддалар ҳаром қилинган, улар инсонни ҳақ ва ботилни ажратиш қобилиятидан маҳрум қилади, уни турли гуноҳларга етаклайди.
Гиёҳвандликка қарши курашда Исломнинг ўрни беқиёсдир. Ислом дини нафақат гиёҳвандликдан узоқ туришни, балки унинг тарқалишига қарши туришни бошқа инсонларга зарар етказиш ва зарар кўришга ҳам қарши.
Ибн Aббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар қилиш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ”, дедилар”.
Ибн Можа ривоят қилган.
Ислом ўргатган қоидаларга амал қилиб, инсон ўзига, оиласига ва жамиятига масъул бўлиши лозим. Ҳар бир мусулмон ўз атрофидаги одамларни бу каби иллатлардан асрашга ҳаракат қилиши, ёшларга соғлом ҳаёт тарзини ўргатиши лозим.
Гапимизнинг хулосаси ўлароқ, гиёҳвандлик инсон ҳаётини издан чиқарадиган, уни жиноят ва гуноҳларга етаклайдиган иллатдир. Ислом дини уни қоралайди ва ҳар бир мусулмондан соғлом, тоза ҳаёт тарзини олиб боришни талаб қилади. Шу боис ҳар бир мўмин ўзини ва атрофидагиларни бу иллатдан асрашга ҳаракат қилиши, жамиятда соғлом муҳит яратиш учун масъул эканини унутмаслиги лозим.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби