Тарихий обидалар шонимиздир
Тарихий обидаларни асраш ҳар қандай жамиятнинг маданий ва маънавий меросини келажак авлодларга етказишдаги муҳим вазифалардан биридир. Бу обидалар ўзида халқнинг кўп асрлик тарихини, урф-одатларини, меъморий ютуқларини ва ҳаёт тарзи ҳақида қимматли маълумотларни сақлайди. Шунинг учун уларни ҳимоя қилиш ва асраб қолиш бугунги кунда долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Зеро бизнинг кимлигимизни билмоқ истасангиз биз қурган обидаларга назар солинг деган аждодларимиз. Тарихий обидалар нафақат бир меъморчилик санъати балки, илму-фан тараққиётини қанчалик буюк бўлганлиги нишонасидир.
Тарихий обидалар нафақат ўтмишни ёдга солувчи иншоотлар, балки миллий ўзликни англатувчи белгилар ҳамдир. Халқнинг маданий мероси, санъати ва илм-фан ютуқлари бу обидалар орқали кўзга ташланади. Масалан, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларида жойлашган меъморий мажмуалар асрлар давомида халқимизнинг маданий ва илмий тараққиётидан далолат бериб келмоқда. Бу шаҳарлар ўз замонида Ислом олами ва Шарқ дунёсининг маданий марказлари сифатида тан олинган. Буюклар таъбири билан айтганда:
Самарқанд сайқали рўйи замин аст,
Бухоро Қуббайи ислому-дин аст.
Маъноси: Самарқанд ер юзининг кўркидир, Бухоро эса ислом динининг гумбазидир.
Тарихий обидаларни асрашда давлат ва жамиятнинг роли катта аҳамиятга эга. Кўплаб мамлакатларда махсус қонунлар ва дастурлар қабул қилиниб, уларни ҳимоя қилиш тизими йўлга қўйилган. Ўзбекистон ҳам бу борада катта ютуқларга эришган, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тарихий меросни сақлаш ва ривожлантириш бўйича фармонлари, шунингдек, ЮНEСКО билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар бунга мисолдир. Бу каби тадбирлар орқали обидаларни тиклаш, уларни халқаро миқёсда танитиш ва келажак авлодларга етказиш имкони пайдо бўлмоқда.
Шунингдек, халқнинг бу борадаги онгини ошириш ҳам муҳимдир. Обидаларнинг аҳамиятини тушунтириш, ёшлар орасида тарихий маданиятга бўлган қизиқишни кучайтириш орқали биз уларга эҳтиром билан муносабатда бўлишни ўргатишимиз керак. Туризм соҳасини ривожлантириш билан биргаликда, маҳаллий аҳолини бу меросни асраб-авайлашга жалб этиш лозим. Тарихий обидалар атрофидаги экологик муҳитни сақлаш, уларга зарар етказмаслик учун доимий мониторинг ва назорат ишлари олиб борилиши керак.
Хулоса қилиб айтганда, тарихий обидаларни асраш нафақат тарихни сақлаш, балки маданий ва маънавий меросимизни келажак авлодларга етказишдек масъулиятдир. Бу масъулият жамиятнинг барча қатламлари зиммасида бўлиб, ҳамжиҳатликда бу меросни асраш орқали биз халқимизнинг тарихий ва маданий бойликларини абадийлаштиришга хизмат қиламиз.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом таълим муассасаси матбуот котиби.