26.10.2024

Фахриддин Қозихон Бухорийнинг Фиқҳ илмида тутган даражалари, устоз-шогирдлари ҳамда у кишидан қолган илмий мерос

Фахриддин Қозихоннинг уламолар орасида ўзларига яраша ўринлари бордир. У киши кучли фақиҳ, мужтаҳид бўлганлар. У кишининг даражасини билиш учун кўплаб уламоларимиз томонидан тузиб, иттифоқ қилинган мужтаҳид ва фақиҳлар табақаси билан танишиб чиқишимиз керак. 
Ҳанафий мазҳабидаги фақиҳлар бошқа мазҳаб уламолари каби битта даражада эмас. Уларнинг орасида мутлақ мужтаҳид, муқаллидлар ва бошқа табақалар бор. Ҳанафий мазҳабидаги фақиҳларнинг табақаларини ўрганган киши бу борада бир неча хил таснифлаш усули борлигини англайди. Ҳанафий уламолари буни очиқ гапирган ёки китобларида унга ишора қилиб ўтган.
Бу тақсимотларнинг баъзисида фақиҳларнинг яшаган даври эътиборга олинган. Уламоларнинг табақасини аниқлашда нозик илмий меъёрлар ва мезонларга асосланмаган таснифлаш мавзуни тўлиқ ёритиб бера олмайди. Шундай таснифлашга мисол қилиб Ҳанноий  табақотини келтириш мумкин. У “Табақотул ҳанафия” китобида уламоларни йигирма бир табақага бўлган. Ушбу йигирма битта табақани бир-биридан ажратадиган сифат ёки маълум белгиларни баён қилмаган. Кафавий  ҳам “Катоибу аъломил ахёр” китобида таржимаи ҳоли келтирилган ҳанафий олимларини йигирма икки табақага таснифлаган ва ҳар бирини “Кутайба (китобча)” деб номлаган. Бу каби таснифлар мавзуни тўлиқ баён қилмайди. Чунки улар илмий меъёр ва мезонларга асосланмаган. Уларда худди муҳаддислардаги каби замон кетма-кетлигига риоя қилинган, холос. Бу асарлар муаллифларининг мақсади уламоларнинг ҳаётини баён қилиш бўлган.
Баъзи олимлар эса, уламоларни фақиҳлар наздидаги илмий қудрати, ижтиҳоди ва тахриж салоҳиятига кўра табақалаган. Бу ерда айни мана шу услуб назарда тутилган. Чунки уламоларни таснифлашдан мақсад қозилар, муфтийлар ва Ислом фиқҳида тадқиқот олиб борадиганлар ва бошқалар учун ҳанафий мазҳабидаги фақиҳларнинг қарама-қарши сўзлари ва турли ривоятлар ўртасини ажратиш ҳақида ма’лумот беришдир.
Ҳанафий мазҳаби бўйича фатво берувчи киши кимнинг гапига кўра фатво бераётганини яхши билиши, сўзи олинаётган фақиҳнинг насл-насаби, илм-маърифати, фиқҳий салоҳияти ҳамда ҳанафий мазҳабидаги ўрни каби маълумотларни яхши билмоғи даркор. Шундагина фатво берувчи саҳиҳни заифдан, устун ҳукмни кучсизидан (рожиҳни маржуҳдан) ажрата олади. Демак, ҳанафий мазҳабидаги мужтаҳид ёки фақиҳларни бундай табақаларга бўлиб ўрганилади . Баъзи уламолар бу табақаларни бештага бўлишган. Баъзилари эса еттитага бўлиб чиқишган. Беш табақага бўлган уламолар, еттита табақада келган биринчи ҳамда еттинчи табақани ҳисобга олишмаган. Биз бу ерда ана шу еттитасини келтирдик:
Биринчи табақа. طبقة المجتهدين المطلق (табақотул мужтаҳидинал мутлақ) – мутлақ ижтиҳод соҳиблари табақаси. Улар Қуръон, суннат ва бошқа шаръий далиллардан бевосита ҳукм чиқарадилар, ижтиҳодларида бошқа бировнинг фикрига эргашмайдилар. Булар тўртта мазҳаб соҳиблари – Имом Аъзам Абу Ҳанифа (80-150 ҳ.й.), Имом Шофеъий (150-204 ҳ.й.), Молик ибн Анас (93-179 ҳ.й.) ва Аҳмад ибн Ҳанбал (164-241 ҳ.й.) кабилар бўлиб, ҳар қайсилари ўз мазҳабидаги асосий қоидалар муассислари, ҳукмларни Қуръон, суннат, саҳобалар сўзлари ҳамда ижмў ёрдамида бошқа бировга тақлид қилмасдан, эргашмасдан ўзлари истинбот қила оладиган фақиҳлардир.
Иккинчи табақа. طبقة المجتهدين في المذهب  (табақотул мужтаҳидина фил мазҳаб) – мазҳаб ичидаги мужтаҳидлар табақаси. Улар Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ишлаб чиққан қоидалар асосида далиллардан ҳукмлар чиқара олишга қодир фақиҳлар. Улар баъзи фаръий ҳукмларда Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)га мухолиф бўлсалар ҳам, аслида асосий қоидаларда у зотга эргашадилар. Абу Юсуф, Муҳаммад Шайбоний, Зуфар, Ҳасан ибн Зиёд, Абдуллоҳ ибн Муборак каби Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг бевосита шогирдлари ва Абдураҳмон ибн Абу Лайло бу табақага мансубдирлар.
Учинчи табақа.طبقة أكابر المتأخرين  (табақоту акобирил мутааххирин) – мазҳаб соҳиби ва унинг шогирдларидан ривоят қилинмаган масалалар борасида мужтаҳидлар табақаси. Улар Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ва у зотнинг асъҳобларидан далил келмаган масалаларда ҳанафий мазҳабининг усулий қоидаларига асосланиб ҳукмлар истинбот қиладилар, лекин улар бирон бир масалада – усулда ҳам, фуруъда ҳам мазҳаб соҳиби ва унинг шогирдларига қарши бора олмайдилар.
Ушбу табақага мансуб фақиҳлар ҳанафий мазҳабининг ривожланишига беқиёс ҳисса қўшдилар: ривожланиш асосини ишлаб чиқдилар, тахриж ва таржиҳ қоидаларини белгилаб бердилар, фиқҳий қарашларни бир-бирига қандай қиёслаш кераклигини кўрсатиб бердилар, саҳиҳ ва заиф фикрларни ажратиш йўлларини белгилаб қўйдилар. Ушбу тоифага мансуб фақиҳлардан баъзилари қуйидагилар:
1) Абу Бакр Хассоф Аҳмад ибн Амр Шайбоний (797-875);
2) Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома Таҳовий (853-933);
3) Абул Ҳасан Убайдуллоҳ ибн Ҳусайн Кархий (873-952);
4) Фахрул Ислом Али ибн Муҳаммад Паздавий (1009-1089);
5) Шамсул аимма Ҳаловоний (ваф. 456/1063);
6) Шамсул аимма Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий (1009-1090);
7) Фахриддин Қозихон (ваф. 592/1196).
Тўртинчи табақа. طبقة أصحاب التخريج (табақоту асъҳобит тахриж) - тақлид қилувчилардан ташкил топган тахриж соҳиблари табақаси. Улар ижтиҳодга қодир эмаслар, лекин илмларининг чуқурлиги, дунёқарашларининг кенглиги сабабли мазҳаб соҳиби ва унинг шогирдларидан нақл қилинган кўп эҳтимолли ҳукмларни, бир неча тармоқли мужмал райларни ажратишга қодир бўладилар. Булар мазҳаб соҳиби ва унинг шогирдлари ишлаб чиққан усулий қоидалар ва фуруъий фикрларга қараб бир тўхтамга келадилар ва ўзларининг қатъий фикрларини айта оладилар.
“Ал-ҳидоя” асаридаги “Тахрижу Кархий”, “Тахрижу Розий”, “Тахрижул Журжоний” каби истилоҳлар шу ма’нога қаратилган.
Бешинчи табақа. طبقة أصحاب الترجيح (табақоту асъҳабит таржиҳ) - тақлид қилувчилардан иборат таржиҳ соҳиблари табақаси. Улар баъзи ривоятларни бошқаларидан афзал эканлигини “Бу авло!”, “Бу энг саҳиҳ ривоят!”, “Буниси равшанроқ!”, “Бу қиёсга мувофиқроқ!”, “Бу одамлар учун фойдалироқ!” деб айта оладиган фақиҳлар бўлиб, Абул Ҳусайн Қудурий (972-1037), Бурҳониддин Марғиноний (1123-1197) кабилардир.
Баъзи тадқиқотчилар мазкур табақага мансуб саналган Қудурий ва Марғинонийни олдинги – учинчи ёки тўртинчи табақага лойиқ дейдилар. Зотан, улар илмий савия ва фиқҳий маҳоратда Қозихондан асло кам эмас.
Олтинчи табақа. طبقة المقلدين القادرين علي التمييز بين القوي و الضعيف (табақотул муқаллидинал қодирина алат тамизи байнал қавиййи ваз заиф) - ривоятлардан зоҳири, нодири, заиф ёки саҳиҳи, кучли ёхуд кучсизини ажратишга қодир муқаллидлар табақаси. Фиқҳий матн соҳиблари шулар жумласидан бўлиб, улар ўз китобларида рад қилинган гапларни, заиф ривоятларни нақл қилмайдилар. Улар мутааххирин уламолардан мўътабар матн китоб соҳибларидир. Масалан, “Канз”нинг соҳиби, “Мухтор”нинг соҳиби, “Виқоя” нинг соҳиби, “Мажмаъ”нинг соҳиби кабилар.
Еттинчи табақа. طبقة المقلدين الذين لا يقدرون ما ذكره (табақотул муқаллидин аллазина ла яқдируна ма зукироҳу) - юқоридагиларнинг биронтасига қодир бўлмаган муқаллидлар табақаси. Улар ориқ билан семизни ажрата олмайдилар, балки кечаси билан ўтин тергандек топганини йиғаверадилар. “Ушбу табақа фақиҳларига эргашганларнинг ҳолига вой!” дейилган.
Юқорида кўрганимиздек, имом Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ)нинг даражалари учинчи, яъни мутлақ мужтаҳид ҳамда мазҳаб ичидаги мужтаҳидлардан кейинги ўринда тураркан.

Шахбоз Саидов,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси