Имом Абу Исо ат-Термизий
Ҳар бир иши бениҳоят ҳикматли бўлган Роббимиз Қуръони Каримни ёд олиб, қалбига жо қилиб, уни кечаю кундуз ўқийдиган, уни ўрганадиган ва ўргатадиган қорилар силсиласини дунёга келтириб турганидек, бир неча юз минглаб ҳадиси шарифларни тўплаб, уларнинг матнини сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, ровийларини номма-ном ёд олган муҳаддислар силсиласини бу умматга пешво қилиб берди. Не бахтким, Ислом оламида энг машҳур бўлган, энг саҳиҳ ҳадисларни тўплаган, ҳадис илмига энг катта ҳисса қўшган муҳаддисларнинг кўпчилиги айнан бизнинг буюк аждодларимиз, диёримизда туғилиб-ўсган улуғ зотлардир. Юртимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган аср инсоният тарихида Шарқ уйғониши даври деб аталади. Ўша асрдан бошлаб диёримизда бутун дунёга мударрис бўлган, бутун Ислом оламида эътироф қилинган буюк алломалар етишиб чиқа бошлаган. Хусусан, Ислом умматига Қуръони Каримни тафсир қилиш ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифларни етказиш ва шарҳлаш борасида буюк ватандошларимизнинг хизмати беқиёс бўлган. Ана шу буюк муҳаддислардан бири – буюк ватандошимиз имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳдир. Бу зотнинг тўлиқ исми шарифлари Абу Исо Муҳаммад ибн Исо аз-Заҳҳок ас-Сулламий ал Буғий ат-Термизийдир. Сулламий деб нисбат берилишига сабаб боболаридан бири суллам деган араб қабиласига дўст тутинган. Буғий дейилишига сабаб ўша вақтдаги Буғ номли қишлоқда вафот этиб, шу ерга дафн қилинган. Имом Термизий ҳижрий 209 йили (милодий 824 йил) туғилган ва 279 йилда (милодий 894 ёки 892 йилда) душанба куни, ражаб ойининг 13-куни Термизда вафот этган. Баъзилар исмларидан кейин «зарир» деб ҳам қўшиб қўяди. Зарир дегани кўзи ожиз деган маънони англатади. Чунки умрларининг охирида кўзлари кўрмай қолган.
Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки маълумотни ҳам шу шаҳарда олганлар. Абу Исо Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган, фақат тарихчилар у зотнинг: «Бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келганлар», – деган фикрини келтириш билан чегараланадилар. Болалигидан ўта зийраклиги, ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган ат-Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаган ва бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларини зиёрат қилган. Жумладан, у узоқ йиллар Ироқда, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. 235 йиллар атрофида 25 ёшида турли хил шаҳарлар Хуросон, Ироқ, Ҳижоз ва бошқа диёр олимларидан илм таҳсил қилганлар. Ўз ўрнида энг буюк олимлардан дарс олган. Натижада замонасининг етук имомларидан бўлиб етишди. Хусусан машҳур устозларидан саҳиҳ тўплам соҳиби Имом Муслим ибн Ҳажжож Қушайрий, Сунани Абу Дувуд соҳиби Сулаймон ибн Ашъаслар билан кўришиб илм олган ва ҳадислар ривоят қилган. Ҳадислар ва ровийларинг ҳолатини эса энг катта устози ҳадисда мўминларниг амири деб аталган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан олган. Анча муддат устозини этагини тутиб жуда кўп илму фазлидан баҳраманд бўлган. Қолаверса Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Доримийдан ва Абу Зура Розийлардан ҳам илм олган. Жуда кўп китоблар таълиф этган. Ёзган китоблари ҳам у кишининг нақадар етук олим эканлигини, илм доираснинг нақадар кенглигини исботлайди. Улар:
1. Китабут тарих
2. Сунани термизий
3. Китабул илал
4. Аш-Шамоил
5. Асмаус саҳоба
6. Китабул жарҳ ва таъдил
7. Китабуз зуҳд
8. Китабул асма вал куна
9. Китабут тафсир
10. Рубаият фил ҳадис
11. Ал-Илалус сағир
12. Китабун фил асарил мавқуфа
Имом Термизийнинг ижодий фаолиятида яратилган асарлари ичида “Сунани Термизий" энг асосий ўринни эгаллайди. Ушбу асар, юқорида қайд қилганимиздек, «Ал-жоме ул-кабир», (Катта тўплам), «Саҳиҳ Имом Термизий», «Сунани Имом Термизий» каби номлар билан ҳам юритилади. Тарихчи Ибн Ҳажар Асқалонийнинг ёзишича, Имом Термизий ушбу асарини 270-ҳижрий (884-милодий) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган. Ушбу асар қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳарларида, шунингдек, ўзимизда, Ўзбекистон Фанлар Академияси, Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда. Муҳим манба сифатида «Сунани Термизий» бир неча марта нашр қилинган. Бунга далил сифатида 1283 (1866)-йили Митоҳда, 1292 (1875)-йили Қоҳирада, шунингдек, 1980 йили Байрутда нашр этилганлигини кўрсатиш кифоя. Имом Термизийнинг бу муҳим асарига бир қатор шарҳлар ҳам ёзилган бўлиб, улардан ибн Арабий номи билан машҳур бўлган Имом Ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад Ашбилийнинг «Оридатул Аҳвазий ала китоб Имом Термизий» номли 13 жузъ (қисм)дан иборат шарҳларини келтириш мумкин. Ушбу шарҳ дастлаб 1931 йилда Қоҳирада нашр қилинган. Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдураҳим Муборакфурий қаламига мансуб яна бир шарҳ ҳам «Туҳфатул-Аҳвазий бишарҳи Имом Термизий» деб аталади. Тўрт жузъдан иборат бўлган бу асар 1979 йилда Байрутда нашр қилинган (Ҳиндистон нашри ҳам мавжуд). Мисрлик олим ва адиб Жамолиддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр Суютийнинг (1445—1505) Имом Термизий асарига ёзган шарҳи «Қутул муғтазий ала Жомеъ Имом Термизий» (ундан икки қисми нашр қилинган) деб аталган. Булардан ташқари Муҳаммад ибн Абдуқодир Абу Тоййиб Маданийнинг «Шарҳу Сунани Имом Термизий», Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг «Таҳқиқ ва шарҳу Жомеъ Имом Термизий» (ўндан икки қисми 1937 йилда Мустафаул Бобиюл Ҳалабий томонидан нашр қилинган), Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг «Маориф сунани шарҳ сунани Имом Термизий» (унинг биринчи қисми 1963 йилда Покистонда нашр қилинган), Сирож Аҳмад Сарҳандийнинг «Шарҳ Сунани Имом Термизий» номли форсча шарҳи, шунингдек, Рашиб Аҳмадул Кануҳийнинг «Ал-кавкаб ад-дуррий ала Имом Термизий» (Ҳиндистонда чоп этилган), Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирийнинг икки жузъдан иборат «Ал-арф аш-шазий ала Жомеъ Имом Термизий» (бу асар ҳам Ҳиндистонда чоп этилган) ва ниҳоят Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Абдулҳодий Санадийнинг (у 1138 йилда вафот этган) «Ҳошия ала Сунани Имом Термизий» каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.
Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий айтганлар: “Имом Термизий: “Мен «Сунани Термизий»ни ёзиб, уни Ҳижоз, Ироқ, Хуросон олимларига кўрсатдим. Барчалари бу китобдан мамнун бўлдилар ва: «Кимнинг уйида шу китобдан бўлса, гўё унинг уйида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гапириб тургандек бўладилар», – дедилар” деб айтдилар. Абу Наср Абдураҳим ибн Абдул Холиқ айтганлар: “Термизийнинг «Сунан»ларидаги ҳадислар тўрт қисмдан иборат:
1. Саҳиҳлиги аниқ ҳадислар.
2. Абу Довуд ва Насаийнинг шартларига жавоб берадиган ҳадислар.
3. Юқоридаги ҳадисларга зид ҳадислар ва унинг сабабларининг баёни.
4. Саҳиҳ бўлмаган ҳадислар ва уларнинг иллатлари баёни.
«Сунани Термизий»да манфаатли илм, тўла-тўкис фойда ва улкан масалалар мужассам. У ислом асосларидан биридир. Абу Исо Имом Термизийнинг бошқа бир йирик асари «Шамоил-ун-набавийя» (Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари) деб аталади. Бу асар баъзи манбаларда «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий соллаллоҳу алайҳи васаллам», «Аш-шамоилул Муҳаммадия» номлари билан ҳам келтирилган. Асар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид 408 та ҳадиси шарифни ўзига жамлаган қимматли манбадир. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ушбу мавзу, яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп олимлар, муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин Имом Термизий асарининг бошқалардан афзаллиги ва фарқи шундаки, муаллиф имкони борича Пайғамбар алайҳиссалом фазилатларига доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, яхлит китоб шаклида тасниф қилган. «Шамоил-ун-набавийя» азалдан исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади.
У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрисий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида, зарбулмасаллар битилганини айтадилар. Шогирдларидан яна бирлари: «Имом Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Исо Имом Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди», – деб айтади. Имом Термизий кўп йиғлаганларидан ҳаётларининг охирги икки йилида кўзлари ожиз бўлиб қолган.
Ибн Атийя: «Менинг ҳузуримда Имом Бухорий ва Муслимнинг китобларига қараганда Имом Термизийнинг китоблари нурлироқ ва тушинарлироқ», – деб айтади. «Нима учун?» – деб сўралганда, Атийя: «Чунки иккита имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлларигина фойдалана олишади холос» – деб айтган экан. Шайхлардан бири Имом Термизийга 40 та ғариб ҳадисни айтиб, имтиҳон қилишлик учун сўраганда бирорта ҳарфда ҳам хато қилмасдан аввалидан охиригача ўқиб берганларини кўриб: «Сенинг мислингдаги кишини кўрмаганман», – деб айтди. Имом Термизий ўзининг ҳаётини, бутун борлиғини, иқтидорини Ислом динининг ривожига, ҳадис илмининг равнақига бахшида этди. Ҳаётининг асосий қисми ҳадис тўплаш ва ривоят қилиш билан ўтди. Имом Термизий чинакам олим, зоҳид сифатида кечаю кундуз илм билан, тоат-ибодат билан машғул эди, ҳатто, кўп йиғлаганидан ҳаётининг сўнгги икки йилида кўзи ожиз бўлиб қолган эди. Имом Термизий ҳижрий 279 (милодий 892) йили ражаб ойининг 13 кечаси ўзи туғилган Буғ қишлоғида вафот этди. У зотнинг қабри Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидадир.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов шундай деган эди: «Улуғ ватандошимиз – Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг мероси, жумладан, «Сунани Термизий» асари ҳам мусулмон оламида юксак қадрланади. Алломанинг асрлар давомида олиму фузалоларга дастур бўлиб келган инсоф ва адолат, инсонпарварликни тарғиб этувчи ғоялари ҳозирги мураккаб давримизнинг кўплаб ахлоқий-маънавий масалаларини ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиши билан эътиборга моликдир». Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳам имом Термизийнинг Шеробод туманидаги зиёратгоҳида улкан бунёдкорлик ишларини жадал давом эттириш вазифаси кун тартибига қўйилди.
Ўзбекистон – буюк алломалар юрти деб кўп айтамиз, фахрланамиз. Дарҳақиқат, бобокалонларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Эндиги вазифамиз эса аждодларимизнинг ишларини давом эттириш, уларнинг йўлини тутиш, Ватанимизнинг шаънини бутун дунёда юксакларга кўтарадиган солиҳ амаллар, хайрли ишлар қилишдир. Бунинг учун бугунги кунда барча шарт-шароитлар муҳайё, фақат холис ният, иштиёқ, эзгу мақсад ва тинимсиз меҳнат билан ҳаракат қилишимиз керак.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Иноятов А. Термизий мақоласи. 2016 // www.minbar.uz
2. Кенжабек М. Сунани Термизий. – Тошкент: Шарқ, 2012.
3. Тўрақулов М. Имом Термизий мақоласи. 2015. // www.muslimun.uz.
4. Жумабоев А. Имом Термизий илмий мероси мақоласи. www.termiziy.uz
Мир Араб мадрасаси 401-гуруҳ талабаси
Набижонов Иззатуллоҳ