КИШИЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИ
Бирор кишини кофирга чиқариш жуда нозик ва хатарли масаладир. Шунга қарамай, бугунги кунда мусулмонларни «осонгина» кофирга чиқараётганлар кўпаймоқда. Энг ачинарлиси, улар ушбу иддаоларини ижтимоий тармоқларда оммага эълон қилишмоқда, баъзи разиллари эса уламоларни ҳам куфрда айблай бошлади. Бу эса уларнинг диний билим савияси пастлиги ёки хатолигини кўрсатади.
Бу масалада “Шарҳи Ақийдатут Таҳовия” киобида қуйидагилар айтилади:
«Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз, модомики буни ҳалол ҳисобламаса». Бу ердаги «аҳли қибла»лардан мурод, Муҳаммад соллаллоҳу ъалайҳи вассал лам келтирган барча нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирортасини инкор қилмаганлар назарда тутилади. Демак юқорида зикр қилинган кишилардан бирортасини, гуноҳи кабира, ёки бошқа гуноҳлар туфайли «кофир» деб ҳукм чиқармаймиз.
Гуноҳ сабабдан кишиларни кофирга чиқараётган тоифалар оят ва ҳадислардан далил келтиришга уринишади:
1. Набий алайҳиссалом: «Мусулмонни сўкмоқлик фисқдир, У билан уруш қилмоқ куфрдир» деганлар. (Бухорий ва Муслим ривояти”
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Мусулмон билан куфрнинг ўртасида намозни тарк қилиш бордир», деганлар
Бу масалалада аҳли сунна вал жамоа айтадики, киши гуноҳи кабирани қилиш билан эмас, балки уни ҳалол санаш билан диндан чиқади. Яъни бир киши ароқни ҳалол деб эътиқод қилса, кофир бўлади, аммо ароқни ичсаю, уни ҳалол деб эътиқод қилмаса, диндан чиқмайди. Гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай милллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига Аҳли сунна вал жамоа иттифоқ қилганлар. Чунки, куфр иккига эътиқодий ва амалий куфр, бошқача қилиб айтганда, Исломдан чиқарадиган куфр ва мажозий куфрга бўлинади.
Баъзи бир гуноҳларнинг оят ва ҳадисларда «куфр» деб аталиши айнан «амалий» – мажозий куфрдир. Агар гуноҳи кабира билан диндан бутунлай чиқадиган бўлса, гуноҳкор муртад бўлиб, уни ўлдириш вожиб бўлар эди. Унинг ҳақида авф ҳам қабул қилинмас эди. Зино, ўғрилик ва бошқаларда ҳадд(шаръий жазо)лар ҳам жорий қилинмас эди. Шариат ҳукмида эса мазкур гуноҳларни қилган одамлар «муртад» деб эмас, балки «жазога лойиқ жиноятчи» деб топилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Лаа илааҳа иллаллоҳу”, деган кимсага тегмаслик: гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқрмаймиз”, дедилар”. (Абу Довуд ривоят қилган)
Аммо бундан «гуноҳларни қилаверса бўлар экан», деган фикрга бормаслик керак. Бу маънода жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. «Гуноҳни қилаверса бўларкан», дейишнинг ўзи куфрга олиб боради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирор кишини маъсият, ёки хато устида кўрадиган бўлсак, уни дарров кофирга чиқаришдан сақланишимиз лозим. Аллоҳ таоло барчамизни ўз динида собитқадам қилсин, «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ» калимаси устида ўзига йўлиқишимизни насиб қилсин.
Фойдаланилган Адабиётлар:
- Сунний Ақидалар: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
- Тафсири Ҳило
- Шарҳи Ақийдатут Таҳовия
-
Баҳодир Раҳматов,
Мир Араб ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мударрси