09.10.2024

Имом Термизий ҳаёти ва илмий меъроси

Анонтация: Мақолада ўрта асрларда илм марказларига айланган Марказий Осиё шаҳарларидан етишиб чиқиб, илм-фаннинг ҳадис соҳаси ривожланишига ҳисса қўшган муҳаддис уламолар ҳақида сўз юрутилади. Хусусан, Имом Абу Исо Термизийга алоҳида тўхталиб у кишининг ҳаёт йўллари ва бизга меърос қилиб қолдирган асарлари аҳамияти ёзилган. Бундан ташқари, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Имом Термизий ҳадисларидаги моҳиятини биз ёшлар чуқур ўрганишликда катта аҳамият бериш ва у зотнинг таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида гап боради.

Аннотация: В статье говорится об учёных-мухадди, выросших в городах Средней Азии, ставших в Средние века центрами знаний, и внесших свой вклад в развитие хадисной области науки. В частности, написано о важности для нас образа жизни Имама Абу Исы Термизи и его наследия. Кроме того, говорится, что мы, молодые люди, должны придать большое значение глубокому изучению сущности нашего уважаемого президента Шавката Мирзиёева в хадисах Имама Термизи и широко отметить 1200-летие со дня его рождения.

Annotation: The article talks about muhaddi scholars who grew up in the cities of Central Asia, which became centers of knowledge in the Middle Ages, and contributed to the development of the hadith field of science. In particular, the importance of Imam Abu Isa Termizi's ways of life and his legacy to us is written. In addition, it is said that we young people should give great importance to the deep study of the essence of our honorable president Shavkat Mirziyoyev in the hadiths of Imam Termizi and widely celebrate the 1200th anniversary of his birth.


Калит сўзлар: Имом Термизий, ҳадис, ҳадисшунослик, илм.
Ключевые слова: Имам Термизи, хадисы, хадисоведение, наука.
Key words: Imam Termizi, hadith, hadith studies, knowledge.


Муқаддас заминимиз азал-азалдан инсоният тамаддуни, айниқса, Ислом дини ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутаффакирларга бешик бўлган. Хусусан, ҳадисшунослик илми ВИИИ аср ва ХИ асрларда асосий ва зарурий илмлардан бирига айланган. Бу даврда Шарқнинг турли мамлакатларидан бўлган тўрт юздан ортиқ муҳаддислар шу илм билан шуғулланган. Замонамизнинг буюк муҳаддислари саналмиш Имом Бухорий (810-870), Имом Муслим (817-875), Имом Доримий (789-869), Имом Абу Довуд (817-889) ва Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855)дек зотлар айнан шу даврда ўзларининг дин учун, айниқса, ҳадис учун буюк хизматларини олиб борган эдилар. Бу муҳаддислар бошлаб берган хайрли ишларни Имом Термизий (824-892) ҳам чуқур масъулият ва катта идрок билан давом эттирди.
Буюк ватандошимиз муҳаддис олим Имом Абу Исо Термизий ҳижрий 209(824)-йили Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топган. Ёшлик чоғиданоқ илмга бўлган қизиқиши ҳамда идрокли ва заковатли бўлганлиги боис ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Илмга бу даражада муҳаббат ортидан, ёш бўлишига қарамай Термиз, Самарқанд, Марв, Бухоро ва Мовароуннаҳрнинг бошқа шарҳарларида истиқомат қилиб, у ерлардаги муҳаддис ва диний уламолардан фиқҳ, тафсир, ҳадис илмларида таҳсил олиган. Минглаб ҳадисларни ёддан билган буюк муҳаддис ва ҳофиз, Ислом ҳуқуқини қунт билан ўрганган – фақиҳ ва олим бўлиб ўзининг буюк хизматлари билан ислом равнақи учун ҳисса қўшган.
Ислом уламолари ўртасида илк даврдан бошлаб ҳадисларнинг тўғрилиги, уларни ишончли манбаларга асосланишига катта эътибор берилган. Чунончи, ўша даврнинг ўзидан бошлабоқ ноаниқ, чала-чулпа, ҳатто сохта ҳадислар ҳам эл орасида тарқай бошлаган. Шундай пайтларда улар қайта-қайта текширилиб, муҳаддисларнинг бетиним меҳнати натижасида асл ҳолига қайтарилиб, ёзма равишда қайд қилинган. Натижада ислом уламолари орасида ишончли манбалар асосида тўпланган ва тартибга келтирилган олтита ҳадислар тўплами («Сиҳоҳи ситта») муаллифлари энг нуфузли ва мўътабар муҳаддислар деб тан олинган. Мана шу эътироф этилган машҳур муҳаддислардан бири – Имом Термизий (роҳматуллоҳи алайҳи)дир.
Имом Термизий ўз ижодий фаолияти давомида ўндан ортиқ асарлар яратди. Унинг илмий меъросида, шубҳасиз «Ал-Жомеъ» катта аҳамиятга эга асарлардан биридир. Бу асар «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам»), «Ал-Жомеъ ал-Кабийр» («Катта тўплам»), «Сунан ат-Термизий» номалари билан юритилади . Тарихчи Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ёзишича, Имом Термизий бу асарини 270-ҳижрий (милодий 884) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига етгандан сўнг ёзган .
Ушбу асар қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳаларида, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам сақланмоқда. «Сунан Термизий» асари муҳим манба сифатида бир неча марта нашр қилинган. Бу китоб 1866(1283)-йили Митоҳда, 1875(1292)-йили Қоҳирада ва 1980 йили Байрутда нашр қилинган. Имом Термизийнинг бу муҳим асарига бир қатор шарҳлар ҳам ёзилган бўлиб, булардан бири Ибн ал-Арабий (вафоти 543-ҳижрий, 1148-милодий йили) номи билан машҳур бўлган имом ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ашбилийнинг «Оридат ал-Аҳвазий ала китоб ат-Термизий» номли 13 жуздан иборат шарҳларини келтириш мумкин. Ушбу шарҳ илк бор 1931 йилда Миср пойтахти Қоҳирада нашр қилинган. Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдуроҳман ибн Абдураҳим ал-Муборак (183-1353) қаламига мансуб яна бир шарҳ «Туҳфат ул-Ахвазий би шарҳи ат-Термизий» деб аталади. Бу асар 4 жуздан иборат бўлиб, 1979 йили Байрутда нашр қилинган.
Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоил ан-Набавийя» («Пайғамбаримизнинг алоҳида фазилатлари»)дир. Бу асар баъзи манбаларда «Аш шамоил Муҳаммадийя», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи васаллам»   номлари билан ҳам аталади. Асар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ташқи суратлари, шахсий ҳаётлари, у зотнинг сийратлари, фазилат ва одатларига оид тўрт юз саккиз ҳадиси шарифни жамлаган қимматли асардир. Шу ўринда бир манбани айтиш керакки, пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фазилат ва одатлари, шахсий ҳаётлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан кўплаб олимлар, муҳаддислар шуғулланган эдилар. Лекин Термизийнинг бу асарида ўзгача фазилат ва ҳиммат билан ёзилган бўлиб, у зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фазилатлари ва одатларига оид ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, аниқ бир тартибга келтириб, яхлит китоб шаклида тасниф қилган. «Аш-Шамоили ал-Муҳаммадия» асари аввалдан исломнинг улуғ мутафаккир олимлар ва тадқиқотчилар томонидан турли шарҳ ва таснифлар ёзилган. Улардан Абдурауф ал-Муновий ал-Мисрийнинг «Шарҳ уш-Шамоил», Али ибн Султон ал-Ҳаравий ал-Қорининг «Жамаъул-васоил фи шарҳи аш-Шамоил», Сулаймон ибн Умар Мансур ал-Жумалнинг «Ал-Мавоҳиб ал-Муҳаммадия би шарҳи аш-Шамоил ат-Термизий»  каби шарҳларни кўрсатиш мумкин. Бу асарнинг услуби аниқ ва соддалиги билан кўпчилик асарлардан жуда фарқланиб туради. Бу асар муҳим тарихий манба сифатида туркий ва форс тилларига ҳам таржима қилинган. Имом термизийнинг ушбу асарига шарҳ ёзган машҳур олим ал-Азҳарнинг шайхларидан бири бўлган Иброҳим ал-Божурий: “Имом Термизийнинг «Ас-Шамоил ал-Муҳаммадия» китоблари ўз бобида яккаю ягона асардир. Тартиби ва ўз ичига олган мавзулари жиҳатидан ягона бўлиб, нодир китоблар жумласидан ҳисобланур. Унинг овозаси Мағрибу Машриққа бориб етди.”  — деб таъкидлаган эди. Асар мазмунан икки қисмга бўлинган бўлиб, унинг биринчи қисмига мансуб ҳадислар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи қиёфалари (суврат)га бағишланган. Унга кўра, Пайғамбаримиз новча ҳам, паст бўйлик ҳам бўлмай, балки ўрта бўйли, пешоналари кенг, ҳар доим юзларидан нур ёғилиб тургандек бўлгаб, кўзлари катта-катта зот бўлганлар. Асарнинг иккинчи қисмида келтирилган ҳадисларда эса Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ички дунёларива ахлоқий фазилатлари баён қилинган бўлиб, уларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқий жиҳатдан намунавий, мукаммал бир зот эканликлари, муомалада у зотнинг ҳаммага бир хил бўлишликлари ва самимий эканликларини биламиз. Ушбу асар олим Саид Маҳмуд Тарозий (вафоти 1992-милодий йил) томонидан ўзбек тилига таржима қилинган  бўлиб араб алифбоси ва кирилл ёзувида Тошкент шаҳрида бир неча марта нашр қилинган.
Шунингдек Имом Термизийнинг «Китоб ат-Тарих», «Китоб ал-Илал» (мазкур асарнинг иккита катта ва кичик таҳрири мавжуд бўлиб, улар «Китоб ал-Илал ал-Кабир» ва «Китоб ал-Илал ас-Сағир»), «Китоб уз-Зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо вал-кунна» («Ровийларнинг исм ва лақаблари тўғрисида китоб»), «Ал-Илал фил-ҳадис» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишувлар тўғрисида»), «Рисола фил-хилоф вал-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-Саҳоба»  («Пайғбаримиз саҳобаларининг исмлари»)  каби бир қатор асарларни ҳам ёзган.
Мустақиллик даврида давлатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримов бошчилигида Имом Термизий мақбараси замонавий талаблар асосида обод қилинди ва катта зиёратгоҳга айлантирилди.  «Абу Исо Термизий илмий меросини тадқиқ қилиш, асарларини таржима ва нашр қилиш» номли лойиҳа доирасида «ал-Жомеъ ас-Сунан» («Суннатлар тўплами»), «Абу Исо Муҳаммад Термизий асарлари илмий-изоҳли таржималарини тайёрлаш ва нашр қилиш» лойиҳаси доирасида алломанинг «Тасмияту асъҳоби Расулуллоҳ» («Расулуллоҳ сафдошлари») номли китоблари нашр қилинди. Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан олдин зикр қилинган ишларни давоми ўлароқ Имом Термизийнинг шахсияти, илмий меъросини ёшларимиз орасида ибрат намунаси ўлароқ кенг татбиқ этиш давом эттирилди. Хусусан, 2017 йил 14 февраль куни “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорнининг имзоланиши тарихий воқеадир. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши Абу Исо Термизий ва Термизий алломаларнинг беназир меъросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас заминимиз азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини халқимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёшларимизни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш мақсад қилинган эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2024 йил 15 августда «Муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсад қилиб олинган»  қарорни қабул қилдилар. Хусусан, Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг кўламда ҳамда халқаро моҳиятда ўтазилиши назарда тутилган. Шу асосда ауйтган сўзларни “Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий алломаларнинг беназир меъросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдир”  айтганлари ҳам бежизга эмас. Зеро бу сўзлар моҳиятида чуқур тафаккур мужассамдир. 
Хулоса ўрнида шуни айтмоғимиз даркорки, Имом Термизий бобомизнинг биз учун катта илмий меърос сифатида қолдирган бу асарларини ўрганмоғимиз ҳамда у орқали нафақат диний балки фалсафа, тарих каби фанларни чуқур ўраганишимиз учун катта пойдевор сифатида кўрилишини билиб олишимиз мумкин. Аллоҳ у кишидан ва бошқа олдин ўтган диний ва дунёвий билимлар учун ўз ҳиссаларини қўшган буюк олиму уламолардан рози бўсин.

Рамазонжон Юнусов,
Бухоро шаҳари Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси 2-босқич талабаси