Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг илмий доиралари
Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Жомеъул кабир» асарларин ўқиган одам бу зотнинг турли илмларни эгаллаганликлари ва илмий доиралари кенглигини билиб олади.
Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Жомеъул кабир» китобларини биринчи бўлиб шарҳлаган олим Ибнул Арабий раҳматуллоҳи алайҳ «Оризатул аҳвазий» китобининг муқаддимасида Имом Термизйнинг илмлари ҳақида шундай ёзади:
«Имом Термизийнинг китобичалик ҳаловат бахш қиладиган, ўзига тортадиган китоб йўқ. Термизийнинг «Жомеъул кабир» китобида 14 та илм бор. Улар қуйидагилар:
1. Мавзуларни синфларга ажратиш
2. Санад ҳақида гапириш
3. Ҳадисни саҳиҳга чиқариш
4. Ҳадисни машҳурлигини кўрсатиб бериш
5. Ҳадиснинг бошқа йўлларини санаб чиқиш
6. Жарҳ ва таъдил қилиш
7. Ровийларни номини аниқлаш
8. Ровийларни кунясини аниқлаш
9. Ривоятни мавсуллигини баён қилиш
10. Ривоятни мақтуълигини кўрсатиш
11. Амал қилинган ҳадисларни баён қилиш
12. Амали тарк қилинган ҳадисларни баён қилиш
13. Уламоларнинг ривоятларни қабул ёки рад қилишдаги ихтилофлари
14. Ҳадиснинг таъвилидаги уламоларнинг турли қарашларини ёритиб бериш
Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Жомеъул кабир» асарларидаги бу маълумолариннг ҳар бири алоҳида бир катта илм ҳисобланади».
Ибну Саййидиннас раҳматуллоҳи алайҳ «Нафҳуш шузий» асарларида Ибнул Арабийнинг юқорида санаб ўтган нарсаларига қўшимча қилган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Рушд раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги сўзларини келтирган:
«Ибнул Арабий раҳматуллоҳи алайҳ Имом Термизийнинг китобларидаги барча илмни тўлиқ санаб чиқмаган. Агар ўша илмларни тўлиқ қиладиган бўлсак «Жомеъул кабир» китобида яна қуийдаги илмларни учратиш мумкин:
15. Ҳадисни ҳасанга чиқариш
16. Ҳадисни ғарибга чиқариш
17. Ровийларни сиқа қилишда кенгроқ маълумот бериш
18. Марфуъ ва мавқуфни баён қилиш
19. Мавсул ва мурсални баён қилиш
20. Тобеинларнинг бир-биридан қилган ривоятини баён қилиш
21. Санади муттасил ҳадисларни баён қилиш
22. Бир ҳадисни яна бошқа саҳобалар ривоят қилганини баён қилиш
23. Ровийннг саҳобий бўлгани ва бўлмаганини баён қилиш
24. Катталарнинг кичиклардан қилган ривоятини баён қилиш
25. Ровийларнин тарихини баён қилиш
Юқорида санаб ўтилган илмларнинг ҳар бири учун алоҳида китоблар ёзилган».
Бошқача қилиб айтганда «Жомеъул кабир» китоби бир вақтнинг ўзида ҳам ҳадис, ҳам фиқҳ, ҳам мусталаҳул ҳадис, ҳам тарих китоби десак асло хато қилмаган бўламиз.
Аллома Ҳофиз Ҳиндий раҳматуллоҳи алайҳ «» китобида Имом Термизийнинг илмий доиралари кенгилигини таъкидлаб у кишнинг асарлари бошқа ҳадис китобларидан устунлигини баён қилиб шундай ёзади:
«Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг тасниф қилган китоблари жуда кўп. Ўша тасниф қилган китоблариорасидаги энг яхшиси «Жомеъул кабир» китобларидир. Ҳатто Имом Термизийнинг ушбу асарлари бошқа барча ҳадис китобларидан бир неча жиҳатдан устун туради. Ўша жиҳатлар қуйидагилар:
1. Ҳадисларни гўзал тартибда келиши ва қайта такрорланмаслиги
2. Бир масалада фуқаҳоларнинг мазҳаб ва қарашларини келтириб уларнинг ҳар бирининг ўз далиллари бўлса далилларини зикр қилиш
3. Ҳадиснинг саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариблигини баён қилиш
4. Ҳадиснинг санадидаги иллатни баён қилиш
5. Ровийларнинг исм, куня, лақаб ва шунга ўхшаш илмур рижалга тегишли бўлган илмларни келтириши
Ушбу асарда яна бошқа бир қанча фойдали илмлар бор. Шунинг учун олимлар «Жомеъул кабир» ҳақида: «Бу китоб мужтаҳид одамга кифоя қилувчи ва муқаллид одамни бошқа китобларга қарашдан беҳожат қилувчи китобдир», дейишган».
Хулоса қилиб айтганда Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ кенг қамровли бир неча фанни ўзида жамлаган буюк муҳаддис бўлган.
Адиз Усмонов
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси