Росулуллоҳ энг буюк муаллим
“Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган барча салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан. Биз Европа миллатлари, маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад алайҳиссалом сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирор кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”. (Буюк немис файласуфи Иоханн Волфганг Гёте.)
Ҳаётда кўпчилик ўзига қиёс излайди. Қайсидир олим, қайсидир қаҳрамон ва қайсидир санъаткорни ўз идеали деб билади. Маслаҳатим шундай кишиларга, излаётган идеал кишингизни 7 миллиард инсон ичидан излаб чарчаган бўлсангиз, қалбидан ёмонликка буюрувчи нафс олиб ташланган, Шайтон насибаси ундан узилган комил инсонни изланг . Чунки Ундай инсон ўз нафсидан келиб чиқиб гапирмайди, сўзи ҳақ, йўли тўғри бўлади. Шундай инсон ҳам бормикан? Албатта бор. У Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бобосининг тушидаёқ оламга нур бўлиб кўриниши билан бобосининг қалбини эгаллаган оламларга раҳмат Пайғамбар. Исми тақдирига ҳамоҳанг бўлган, тинимсиз мақтовларга сазовор Аллоҳнинг энг севимли бандаси. Ўзидан кейингиларга абадий ибрат, ҳар бир изланувчи мухлис бандага комил муаллимдир. Уҳуд тоғи У Зотга панд берганда ҳам, У Зот Уҳудга панд бермаган кечирими тоғдан кучли, қалби самимиятга, муҳаббатга тўлган маҳбуб ҳабибдир. Тўхтовсиз синовларнинг занжири У Зотнинг бардошини бука олмаган, У Зотга қасд қилганлар ниҳоятда исломга иймон келтиргунича чиройли сабр ва адолат байроғини елкага илиб залворли қадамлар ила ўрнак бўлган, исломга қалқон, Қиёматда унматига нурли шафоатчидир. У Зот ҳақларида қанча мақтовлар айтсак оз, гўзал хулқларни маржондек ипга терсак, бу маржоннинг охири кўринмайди.
Дарҳақиқат, У Зот ҳаётларидан ибрат излаган кишига ибрат бор, касбида йўл йўриқ излаганга тавсиялар бор. Ушбу тавсиялар асрлар ошса-да ўз кўламини йўқотмаган, аксинча у мўъжизалар илмий исботини топиб тасдиқланиб бормоқда. Биргина таълим соҳасидаги киши изланса, ўзи учун ўнлаб кўникма олиши мумкин. Шу ўринда сўзимизга исбот ўлароқ, дарс жараёнида талабаларга янги дарсни етқазиш бўйича Росулуллоҳдан қиёс излайликчи. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадис да Абу Саид розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Масжиддан чиқишингдан олдин сенга Қуръони каримдаги улуғ суралардан бирини ўргатаман», дедилар. Кейинроқ қўлимдан ушлаб масжиддан чиқа бошлаган эдилар, мен у зотга: «Менга Қуръони каримдаги улуғ суралардан бирини ўргатаман деб айтмаганмидингиз?» дедим. Сўнг У Зот: «Алҳамдулиллаҳи Роббил ааламийн (Фотиҳа сураси) — икки марта нозил бўлган етти оят», дедилар. Талабаларни бир янгилик айтаман деб қизиқтириб қўйиш, дарс мобайнида сергак ўтиришларини таъминлайди.
Деймизки, илм олиб, олим, шифокор, муҳандис, дастурчи, қўйингки жамиятимиз учун муҳим бўлган бир манфаатли касбни эгаллашга интилинг. Фақат пойдеворини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларидан олинг. Шунда касбингиз аввали яхшилик, хизмат ҳақи баракали бўлади. Қийинчиликка тушсангизчи?! Унда ҳам Росулуллоҳдан ибрат олинг. Ахир, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир жабҳада биз учун энг буюк муаллим!
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассааси
2-босқич толиби
Темиров Оғабек Ўғли