07.10.2024

Имом ат-Термизий

Мовароуннаҳр ҳудудидан, ўзининг дин йўлидаги хизматлари орқали инсониятга дунё ҳамда охират саодат йўлини ўргатган, бу билан чекланмай, унда жонли намуна бўла олган буюк аждодларимиз, хусусан, Бухорию-Термизийларга бисёр бир халқмиз. Ренессанс-уйғониш даврида кўплаб уламолар етишиб чиқди. Дунё олим-уламога тўлди. Айни шу даврда,  бундан 1200 йил аввал милодий 824, ҳижрий 209 йилда Термизда ўз исмини тарихларга муҳрлаган бир зот дунё юзини кўрди. У Имом ат-Термизий эди..."Гап исботи билан!" – деганларидек, қисқа танишув ила у зотни таниш орқали буни англаймиз...
Имом ат-Термизийнинг таржимайи ҳоллари
Буюк Ҳофиз Имом ат-Термизийнинг машҳур насаблари қуйидагича: Муҳаммад ибн Исо ибн Савро ибн Мусо ибн Даҳҳок. Лекин, айрим манбаларда эса: Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савро ибн Сакан¹ ёки  Муҳаммад ибн Исо ибн Савро ибн Шаддод ибн Исо Ас-Суламий ат-Термизий² кўринишида учратишимиз ҳам мумкин. Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг Термизнинг Буғ қишлоғидан эканликлари, мутақоддим уламолар томонидан Ал-Буғий ат-Термизий нисбатлари орқали билдириб ўтилган. Самъоний ҳам ўзларининг "Ал-Ансоб" китобларида: "ал-Буғий" нисбатини келтириб,Термизийнинг шу қишлоқдан эканликлари ҳақида ёзадилар.³
У зотнинг устозлари
Термизий роҳимаҳуллоҳ кўплаб шайхлари томонидан доимо эъзозда бўлиб, фазилатлари ва илмда имомликлари борасида улар томонидан бир овоздан тасдиқланганлар. Улар орасида яққол ажралиб турадигани бу – Имом Бухорийдир. Ибн Халкон:  "Имом ат-Термизий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг шогирдидир"– дея, ўз асарида қайд этганлар.⁴  Забардаст олим, ҳадис имоми, Имому-Ҳофиз Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий роҳимаҳуллоҳ: "Имом Термизийни фақатгина жоҳил ва нодонлиги ҳаммага маълум кишиларгина паст санайди" – дея, таърифлайдилар.  У зотнинг шайх-устозларидан бир нечаларини санаб ўтамиз: Қутайба ибн Саид, Исъҳоқ ибн Раҳувяҳ(Роҳувайҳ), Муҳаммад бин Амр ас-Саввоқ ал-Балхий, Маҳмуд бин Ғойлон, Исмоил бин Мусо ал-Фазарий, Аҳмад ибн Муни, Абу Мусаб аз-Зуҳрий, Бишр бин Муоз ал-Ақодий, Ҳасан ибн Аҳмад ибн Абу Шуайб,  Абу Аммор Ҳусайн ибн Ҳорис ва Муаммар Абдуллоҳ ибн Муовия Ал-Жумаҳий, Абдулжаббор ибн Ал-Ало, Абу Курайб, Али бин Ҳажар, Али бин Саид бин Масруқ Ал-Киндий, Амр ибн Али Ал-Фаллас, Имрон ибн Мусо Ал-Қаззоз, Исъҳоқ ибн Мусо Ал-Хатмий ва Иброҳим ибн Абдуллоҳ Ал-Ҳаравий ва бошқалар.⁵
Уламоларнинг Имом Термизий бораларида айтган мақтовлари
Имом Абу Исо ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ алломалар, илм, ақл, омонат ва дин аҳли орасида катта мавқега эга бўлганлари ҳеч кимга сир эмас. Бунга мисол сифатида у зотга кўплаб уламолар томонидан айтилган тасанноларни келтиришимиз мумкин.
Икки саҳиҳайн( Имом Бухорий ва Имом Муслим) китобида Мустадрок соҳиби  Имом Ҳоким айтадилар: «Мен Умар ибн Алакнинг бундай деганини эшитдим: «Ал-Бухорий вафот этгач Хуросонда илм, ҳифз, тақво ва зуҳд бўйича Абу Ийсога тенг ҳеч ким қолмади, у (тақво туфайли)кўп йиғлар эди, ҳатто бир неча йил давомида кўзи ожиз бўлиб қолди.⁶
Ибн Ҳиббон айтадилар: « Имом Термизий ҳадисларни жамлаб тасниф этган, ҳифз этиб унга шўнғиб кетган эдилар.»⁷
Абу Саъд Идрисий айтадилар: «Кўзлари ожиз, ҳофиз, ҳадис илмида суяниб-эргашиладиган имомлардан бири Муҳаммад ибн Исо ибн Савро Ат-Термизий "Ал-Жоми», «Тарих» ва ”Илал",  китобларини ҳақиқий пухта олимларга хос тарзда тасниф қилди. Термизий ҳифзда зарбулмасал бўлар даражадаги етук ҳифз соҳибидир.⁸

Ибн Хилкон Термизий ҳақларида шундай дейдилар: “Ҳадис илмида иқтидо қилинган имомлардан бўлмиш, машҳур ҳофиз “Ал-Жомиъ ва «Илол» китобларини пухта олимларга хос тарзда тасниф қилган, ҳифзда зарбулмасал бўладиган етук ҳифз соҳибидир. У Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг шогирди бўлиш билан бир қаторда баъзи устозларда шерик ҳамдир, масалан: Қутайба ибн Саид, Али ибн Ҳажар, Ибн Башор ва бошқалар.⁹
Абу Яло ал-Халил ибн Абдуллоҳ ал-Халили ал-Қазвиний айтадилар: Муҳаммад ибн Исо ибн Савро ибн Шаддод ал-Ҳофиз розияллоҳу анҳунинг сунан борасида ва яна жарҳ ва таъдил борасида китоби бор. У зотдан Абу Маҳбуб ва Ажло ривоятлар қилишган. Термизий роҳимаҳуллоҳ ўзининг омонатдорлиги, (ҳадис илми: ривоя ва дироя борасида)имомлиги ва етук илми билан машҳурдир. ¹⁰
Ас-Сомъоний айтдилар: «Термизий роҳимаҳуллоҳ — муболағасиз ўз асрининг имомидир.»¹¹
Ибн ал-Имод айтадилар: «У зот тенгдошлари орасида ажралиб турувчи, ёд олиш ва маҳоратда ҳақиқий мўъжиза эди.» ¹²
Ибн Касир айтадилар: “У ўз даврида ҳадис илмининг имомларидан бўлиб, унинг машҳур асарлари, жумладан, «Ал-Жомиъ», «Аш-Шамоил», «Саҳобаларнинг исмлари» ва бошқа асарлари мавжуд.¹³
Ибн ал-Асир айтади: “У ҳофиз имом эди, ҳамдеса кўп яхши асарларни тасниф этган. Шу жумладан: "Ал-Жомиъ ал-кабир фи ал-ҳадис", бу Термизий роҳимаҳуллоҳнинг китобларининг энг яхшисидир. ¹⁴
Термизий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий менга айтдилар: «Мен сендан, сенга берганимдан кўра кўпроқ фойда кўрдим.»¹⁵
Аслида бундай мақтовлардан яна кўплаб келтиришимиз мумкин, "Оқилга ишора кифоя" – дегаларидек, шу ерда тўхталамиз. 
Келгуси мақолаларда яна буюк Имом Абу Исо ат-Термизий роҳматуллоҳи алайҳ билан танишув орқали, инсоний камолотни-одамийликни англашда давом этамиз...
Хулоса ўрнида
Юртимиз мустақилликка эришгач, истиқлол неъмати туфайли ўзлигимизни англаш сари дадил-илдам ҳаракатлар олиб борилмоқда. Биз бунга биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2024 йил 15 августдаги ПҚ-292сонли «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Қарорини ёки айни шу йили ташкил қилинган Имом Термизий номидаги институтни очилганини мисол қилиб чекланамиз, зеро ислоҳатлар кундек равшан. Бу ибораларни ўқир эканмиз, тафаккур қилайлик...Биз ўзлигимизни англаш сари интилиб, буюк боболаримиздан ўрнак олувчи, уларга яхшилик билан талпинувчи, ҳаётларидан сабоқ олиб, уни бугунги ҳаётимиз билан боғлай олувчи шахслар бўлиб етишишимиз керак. Бу бизнинг Ватан олдидаги фарз ва қарзимиздир!
1-Сияру аълам ан-Нубало 13/270
2‐Ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя 11/77
3-Ал-Ансоб лис-Самъоний 2/361
4-Вафоётул -Аъён 4/278
5-Сияру аълам ан-Нубало 13/271
6-Сияру аълам ан-Нубало 13/273
7-Ас-сиқот 9/153
8-Таҳзийбул Камол фи асмаи ар-рижол (Миззий)1/172
9-Вафоётул -Аъён 4/278
10-Ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя 11/77
11-Ал-Ансоб лис-Самъоний 2/362
12-Шузурот аз-Заҳаб 3/327
13-Ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя 11/77
14-Ал-Комил фи ат-Тарих 6/474
15-Таҳзиб ат-Таҳзиб Ибн Ҳажар 9/389
Ибн Саид мақоласидан фойдаланилди.

Усмонхон Самихон ўғли,  
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси