06.10.2024

Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ нинг сийратлари: ота-оналари, дунёга келишлари ва эмизилишлари


Аллоҳнинг суюклиси — Ҳабибуллоҳ, пайғамбарлар сарвари Муҳаммад Мустафо ﷺ нинг сийратларига киришар эканмиз, мақсад У зотни яқиндан таниш ва танитишдир. Лекин бу, У зотни “таниб”,  содир бўлган воқеа-ҳодисаларни шунчаки “тарихий факт” ёки, “бадиий ижод” тарзида талқин қилиш эмас, балки бундан У зот ﷺ нинг сийратларини ўрганиш мобайнида ҳаётий ибрат ва хулослар чиқариш, бу орқали дунё ва охират бахтига йўлланма олиш кўзда тутилган. Яшар эканмиз вақт аталмиш жараён инсонларни бирин-кетин ўз зарварақларига муҳрлаб бормоқда. Шундай бўлсада тарих фақат бир Зотнигина ўзига шараф ва инсониятга гўзал намуна сифатида кўрсатиб келмоқда. Савол туғиладики, “Бу зот қолган инсонлар каби одам фарзанди бўлса, бу улуғликка-эъзозга ”истедоди-таланти“ туфайли эга чиқдими? Ёки,  бунда бошқа бир ”сир-асрор“ яширинми? У зот билан бўлган турли ҳодисалар ҳар ким билан содир бўлиши мумкину, У киши шунчаки ”тасодифий омад соҳиби”ми?! Бунга ўхшаш саволларга жавобни, холис ният ва тўғри ёндашув бизга ҳамроҳ бўлган ҳолида, у зотни атрофлича ўрганиб тўғри таниш орқалигина топса бўлади: У зоти шариф Муҳаммад ﷺ инсоният фахри бўлиш билан бир қаторда аввало, Аллоҳ Таоло ўзининг ҳикмати илоҳийси ила бандалари орасидан танлаб олган пайғамбарлари ичра юборилишда сўнггиси бўлсада, мақтовли мақомлар ичра уларнинг аввали, оламларга раҳмат-мағфират, муаллим, мураббий, музаккий¹ қилиб юборилган, унинг инсу-жинга туҳфа-фазлу карамидирлар. Буни яхшилаб ёдимизда сақламас эканмиз,  У зотнинг сийратларига ёндашувда хатога йўл қўйиб, Муҳаммад ﷺni шунчаки тарихий истедодли-феномен сифатида талқин этиб тойилишимиз мумкин. Билдик-ки, У зот ﷺ шунчаки бир инсонгина эмас, балки илоҳий мўъжизалар ила элчилиги, пайғамбарлиги тасдиқланган, хато-камчилик ва нуқсону-гуноҳлардан маъсум ва маҳфуз, инсониятга хитобида Аллоҳ азза ва жалланинг ваҳийси ила мурожаат қилган, дунёни ҳам моддий ҳам маънавий зулмат ботқоқлигидан нурли кенг ва тўғри йўлга чорлаган ва олиб чиққан, ўз қардоши башариятга меҳрибон ва раҳимли бўлиш баробарида хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи, сўзлари шеър ҳам эмас, ёлғон ҳам эмас, коҳинлигу-мажнунлик ҳам эмас фақат ва фақат Аллоҳнинг ваҳийси бўлган, Аллоҳ ўз каломида уни олий хулқ, гўзал наъмуна узра дея таъриф этган, доимо мақтовларнинг олийсига сазовор бўлган Аҳмаду-Маҳмуд, Муҳаммад Мужтабодирлар.
У зотни таърифлашда давом этар эканмиз қуйидаги нуқталарга эътибор қаратамиз:
1. Он хазрат ﷺ га буюрган ва қайтарган ишларида сўзсиз эргашишни Алийм ва Ҳакийм  Аллоҳ амр этган.
2. У Зот ﷺga эргашиш Аллоҳнинг муҳаббатига олиб борувчи йўл сифатида айни Аллоҳ таоло томонидан баён этилган.
3. У зот ﷺdan юз буриш, азият бериш ёки азиятга элтувчи иш қилиш, куфр, гуноҳи кабира ёки амалларни ҳабата этгувчи қилмиш сифатида уқтирилган.
4. У зот ﷺning суннатларига мувофиқ турмуш кечириш дунё ва охиратдаги мутлоқ саодат ва қиёмат кунига қадар шундайлигича дунёни тўлақонли обод этишнинг ягона йўриқномаси сифатида қолади.

5. Аллоҳ ва фаришталар у зотга салот-салом айтишлиги ойдин, қадрларига етиш инсоният бўйнида қоимдир. 
6. Аллоҳнинг сўнгги Набий ва Росули, унинг Қули, олам ичра такрорланмас шахсият, бу фақат Муҳаммад ﷺ дирлар. 
Шу ўринда, юқорида айтилган сўзлар шунчаки шоирона мажоз, ёки бўлмаса, сўзларни адабий тарзда моҳирона қўллаш орқали йиғилган бир уюм сўзлар бирикмаси эмас, аксинча асосли ва ишончли ҳақиқатлигини қисқача исботлашга киришамиз:
 Аллоҳ Таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қуйидагича марҳмат қилади:

{ لَقَدۡ مَنَّ ٱللَّهُ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ إِذۡ بَعَثَ فِيهِمۡ رَسُولٗا مِّنۡ أَنفُسِهِمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمۡ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبۡلُ لَفِي ضَلَٰلٖ مُّبِينٍ }
[سُورَةُ آلِ عِمۡرَانَ: ١٦٤]

Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У аларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатадир. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам. (Оли Имрон сураси 164-оят)

{ لَقَدۡ جَآءَكُمۡ رَسُولٞ مِّنۡ أَنفُسِكُمۡ عَزِيزٌ عَلَيۡهِ مَا عَنِتُّمۡ حَرِيصٌ عَلَيۡكُم 
بِٱلۡمُؤۡمِنِينَ رَءُوفٞ رَّحِيمٞ }
[سُورَةُ التَّوۡبَةِ: ١٢٨]

Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди. (Тавба сураси 128-оят)

{ وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةٗ لِّلۡعَٰلَمِينَ }
[سُورَةُ الأَنبِيَاءِ: ١٠٧]
Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик. (Анбиё сураси 107-оят)

{ وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٖ }
[سُورَةُ القَلَمِ: ٤]

Ва албатта, сен улкан хулқ узрадурсан. (Қалам сураси 4-оят)

{ يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ إِنَّآ أَرۡسَلۡنَٰكَ شَٰهِدٗا وَمُبَشِّرٗا وَنَذِيرٗا }
[سُورَةُ الأَحۡزَابِ: ٤٥]

Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи

{ وَدَاعِيًا إِلَى ٱللَّهِ بِإِذۡنِهِۦ وَسِرَاجٗا مُّنِيرٗا }
[سُورَةُ الأَحۡزَابِ: ٤٦]


Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик.

{ وَبَشِّرِ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ بِأَنَّ لَهُم مِّنَ ٱللَّهِ فَضۡلٗا كَبِيرٗا }
[سُورَةُ الأَحۡزَابِ: ٤٧]

Мўминларга, албатта, уларга Аллоҳдан улуғ фазлу марҳамат бўлиши ҳақида хушхабар бер. (Аҳзоб сураси 45-46-47-оятлар)


{ إِنَّآ أَعۡطَيۡنَٰكَ ٱلۡكَوۡثَرَ }
Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик.

{ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَٱنۡحَرۡ }
Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлик сўй.

{ إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ ٱلۡأَبۡتَرُ }
[سُورَةُ الكَوۡثَرِ: ٣]
Албатта, сени ёмон кўриб, айбловчининг орқаси кесикдир. (Кавсар сураси)

{ وَإِذۡ أَخَذَ ٱللَّهُ مِيثَٰقَ ٱلنَّبِيِّـۧنَ لَمَآ ءَاتَيۡتُكُم مِّن كِتَٰبٖ وَحِكۡمَةٖ ثُمَّ جَآءَكُمۡ رَسُولٞ مُّصَدِّقٞ لِّمَا مَعَكُمۡ لَتُؤۡمِنُنَّ بِهِۦ وَلَتَنصُرُنَّهُۥۚ قَالَ ءَأَقۡرَرۡتُمۡ وَأَخَذۡتُمۡ عَلَىٰ ذَٰلِكُمۡ إِصۡرِيۖ قَالُوٓاْ أَقۡرَرۡنَاۚ قَالَ فَٱشۡهَدُواْ وَأَنَا۠ مَعَكُم مِّنَ ٱلشَّٰهِدِينَ }
[سُورَةُ آلِ عِمۡرَانَ: ٨١]

Аллоҳ Набийлардан: “Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, –деб аҳду паймонларини олиб туриб: –Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?” деганини эсла. Улар: “Иқрор бўлдик”, дейишди. У: “Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман”, деди. (Оли Имрон 81-оят)

{ مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَآ أَحَدٖ مِّن رِّجَالِكُمۡ وَلَٰكِن رَّسُولَ ٱللَّهِ وَخَاتَمَ ٱلنَّبِيِّـۧنَۗ وَكَانَ ٱللَّهُ بِكُلِّ شَيۡءٍ عَلِيمٗا }
[سُورَةُ الأَحۡزَابِ: ٤٠]
Муҳаммад ﷺ сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир. (Аҳзоб сураси 40-оят)


{ قُلۡ إِن كُنتُمۡ تُحِبُّونَ ٱللَّهَ فَٱتَّبِعُونِي يُحۡبِبۡكُمُ ٱللَّهُ وَيَغۡفِرۡ لَكُمۡ ذُنُوبَكُمۡۚ وَٱللَّهُ غَفُورٞ رَّحِيمٞ }

Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айт.

{ قُلۡ أَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَٱلرَّسُولَۖ فَإِن تَوَلَّوۡاْ فَإِنَّ ٱللَّهَ لَا يُحِبُّ ٱلۡكَٰفِرِينَ }
[سُورَةُ آلِ عِمۡرَانَ: ٣١-٣٢]

Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас. (Оли Имрон 31-32-оят)


{ ٱلۡيَوۡمَ أَكۡمَلۡتُ لَكُمۡ دِينَكُمۡ وَأَتۡمَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ نِعۡمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ ٱلۡإِسۡلَٰمَ دِينٗاۚ}
[سُورَةُ المَائـِدَةِ: ٣]

Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим.
(Моида сураси 3-оятдан)

{ لَّقَدۡ كَانَ لَكُمۡ فِي رَسُولِ ٱللَّهِ أُسۡوَةٌ حَسَنَةٞ لِّمَن كَانَ يَرۡجُواْ ٱللَّهَ وَٱلۡيَوۡمَ ٱلۡأٓخِرَ وَذَكَرَ ٱللَّهَ كَثِيرٗا }
[سُورَةُ الأَحۡزَابِ: ٢١]
Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.
(Аҳзоб сураси 21-оят)

{ إِلَّا تَنصُرُوهُ فَقَدۡ نَصَرَهُ ٱللَّهُ إِذۡ أَخۡرَجَهُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ ٱثۡنَيۡنِ إِذۡ هُمَا فِي ٱلۡغَارِ إِذۡ يَقُولُ لِصَٰحِبِهِۦ لَا تَحۡزَنۡ إِنَّ ٱللَّهَ مَعَنَاۖ فَأَنزَلَ ٱللَّهُ سَكِينَتَهُۥ عَلَيۡهِ وَأَيَّدَهُۥ بِجُنُودٖ لَّمۡ تَرَوۡهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ ٱلسُّفۡلَىٰۗ وَكَلِمَةُ ٱللَّهِ هِيَ ٱلۡعُلۡيَاۗ وَٱللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ }
[سُورَةُ التَّوۡبَةِ: ٤٠]

Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. 
(Тавба сураси 40-оят)

{ ٱلَّذِينَ يَتَّبِعُونَ ٱلرَّسُولَ ٱلنَّبِيَّ ٱلۡأُمِّيَّ ٱلَّذِي يَجِدُونَهُۥ مَكۡتُوبًا عِندَهُمۡ فِي ٱلتَّوۡرَىٰةِ وَٱلۡإِنجِيلِ يَأۡمُرُهُم بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَيَنۡهَىٰهُمۡ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيۡهِمُ ٱلۡخَبَٰٓئِثَ وَيَضَعُ عَنۡهُمۡ إِصۡرَهُمۡ وَٱلۡأَغۡلَٰلَ ٱلَّتِي كَانَتۡ عَلَيۡهِمۡۚ فَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ بِهِۦ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَٱتَّبَعُواْ ٱلنُّورَ ٱلَّذِيٓ أُنزِلَ مَعَهُۥٓ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ }
[سُورَةُ الأَعۡرَافِ: ١٥٧]

Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий, Набий, Пайғамбарга эргашадилар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар–ана ўшалар нажот топгувчилардир”, деди. (Аъроф сураси 157-оят) 
صدق الله العظيم!
Буюк Аллоҳ рост айтди!

“Пайғамбар ким?, Муҳаммад Мустафо ﷺ қандай зот? Мартабалари қандай?”
булар ҳақида қисқача маълумотга эга бўлдик, энди У зотнинг туғилишлари доирасидаги мавзуга киришамиз. Ундаги ғаройиботлар билан танишамиз, оят ҳадислардан келиб чиқади-ки, У зот ﷺ нинг яратилишларидан тортиб, қайси ой ва кунда таваллуд топишлари бўлсин, қайси насабдан, қандай ота-онадан туғилганлари, буларнинг бари ўзига хос биз билган ва билмаган ҳикматларга тўла, зеро ислом ақидасида “тасодиф” дея аталмиш тушунчага ҳеч бир ўрин йўқ. Ҳар нарса Аллоҳнинг ҳикмати ва илми, иродасига мувофиқдир. Демак у кунда содир бўлган турли ғаройиботларга инкорий ҳайрат назарида қарашга ҳеч бир ўрин йўқ. Иншааллоҳ қалбларимиз буни англаш ила покланиб, завқу-шавққа тўлади, ибратланади... 
У зотнинг уламолар иттифоқига кўра ишончли дея билинадиган насаблари қуйидагича:
Оталари Абдуллоҳ у кишиниг оталари Абдулмуттолиб (исмлари Шайба) ибн Ҳошим(исмлари Амр) ибн Абду Маноф(исмлари Муғийра) ибн Қусой(исмлари Зайд) ибн Килоб(исмлари Ҳаким) ибн Мурро ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр (исмлари Қурайш) ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музор ибн Низор ибн Маъд ибн Аднон ( Аднон эса силсилада Исмоил алайҳиссаломга бориши аниқ ва маълум.) 
Оналари томондан насаблари қуйидагича: 
Омина бинти Ваҳб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра Ибн Килоб. Оналарининг насаблари шу нуқтада оталарининг насаблари билан бирлашади.

Росулуллоҳ ﷺ нинг ота-оналари никоҳланишлари
Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб оталарига энг суюкли фарзандларидан эди. Абдулмуттолиб оталик вазифаси ўлароқ Абдуллоҳни Омина бинти Ваҳб билан никоҳладилар. Бир неча ҳадисларда келадики Росулуллоҳ ﷺ нинг насабларида ҳеч бир зино ёки бузуқлик аралшмаган. Барча аждодлари Аллоҳ жорий қилган муқаддас Никоҳ риштаси ила уйланган. Аллоҳ ушбу оилани сарвари коинот Муҳаммад Мустафо ﷺ учун энг гўзал суратда сақлаган. Бу ҳам Аллоҳнинг у зотга бўлган раҳматидан бир нишона. Никоҳ пайтида Оталарининг ёши айрим манбаларда 25 ва айримларида 18 ёш дея айтилади. Саййид Абдуллоҳ танишиб ўтганимиздай Қурайшнинг ҳасаб ва насаб жиҳатлама энг олийси эдилар. Оналари саййида Омина бўлса Макка аёлларининг энг иффатли, гўзал, оқила аёли эдилар. Улар бирга ҳаёт кечиришни бошлагач оламларга хушхабар ёйилди, буни пайқаганлар пайқамаганлардан кўп бўлди. Оламларга раҳмат пайғамбарга Саййида Омина ҳомиладор бўлдилар... Тез орада Он хазрат ﷺ га оналари қорнидалик пайтларидан бошлаб қаттиқ синовлар кела бошлади, Муҳаммад ﷺ икки ойлик ҳомила вақтларида оталари Абдуллоҳ Мадинада Шомдан сафардан қайтиш чоғида вафот қилдилар. У зот Дор ан Набиғо деган ерга дафн қилинди. Бунда ҳам албатта улкан ҳикматлар яширин эди...
Она қорнида 6 ойлик бўлганларида “Худонинг дўсти, охирзамон Пайғамбарига юклик бўлдинг, — деб Оминага тушларида башорат бўлди. — Бу муборак ўғил туғилган сўнгида оти Муҳаммад бўлсин”, дейилди. Туғилган чоғларида Абдулмуттолибга ҳам бу исм илҳом қилинди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Исо алайҳиссаломдан 571-йил кейин туғилдилар. У замонда Эрон мамлакатида машҳур Нўширавон Одил подшоҳ эди. Одил подшоҳ замонида туғилдим, деган сўзлари ривояти ҳам бор. Раббиул-аввал ойининг 12-си душанба саҳар вақтида дунёга келдилар. Она қорнида ётишлари, онадан туғилишлари бошқа болалардек бўлмади. Оналари Саййида Омина юклик хотинларга бўладиган бадан оғирликларининг ҳеч бирини тортмадилар. Ва ниҳоят ўша кутулган онлар яқинлашди...
Айрим манбаларда келтирилишича у зотга дояликка Аллоҳнинг қудрати билан ҳазрати Марям, ҳазрати Осиё ва бошқа бир неча ҳур қизлар ҳозир бўлдилар. Бола туққан хотинлардек одатдаги тўлғоқ тортиш, қурсоқ оғриғи, қон келишига ўхшаш нарсалардан ҳеч бири бўлмади. Пайғамбаримиз туғилганларида поклик, тозалик билан вужудга келдилар. Шундоқки, суннат қилинган эдилар. Киндиклари кесилган, баданлари ёғланган, хуш ислик нарсалар суртилган ҳолда туғилдилар. Айрим манбаларда эса бу пайтда саҳобий Абдурраҳмон ибн Авфнинг оналари Шифо ҳозир бўлганлари айтилади.
Шундай қилиб Пайғамбаримиз ﷺ дунёга келган кечада ул зотнинг шараф ва ҳурматлари учун Худои таоло кўп мўъжизалар кўрсатди. Бу замонда одамлар , ўтган пайғамбарларнинг кўрсатган ҳақ динларидан адашган жаҳолат ботқоғига ғарқ бўлган эди. Араб мушриклари тарафидан Байтуллоҳга 360 дона бут осилган арабларнинг ҳар бир уруғи ўзларига атаб, Байтуллоҳга бир донадан бут осиб қўйишни одат қилган эдилар. Мана шу бутлар Пайғамбаримиз туғилган кечада ҳаммалари юзтубан йиқилиб, ерга тушади. Эрталаб келган кофирлар бу ҳолни кўриб, ҳайрон қоладилар. Яна Она қорнидан ерга тушган чоғларида  бир нур пайдо бўлди, унинг ёруғлигидан Шом вилоятидаги Бусро деган шаҳарнинг саройлари кўринди. Макка шаҳри билан бунинг оралиғи 50 кунлик йўл эди. Ҳозирги Эрон халқи у замонларда ҳаммалари оташпараст кофир эдилар. Тутган динлари эса мажусийлик дини — ўтпарастлик эди. Буларнинг ибодатхоналаридаги минг йиллаб, узун замонлардин бери ўчмай, ёниб турган ҳисобсиз ўтлари Пайғамбаримиз она қорнидан тушган чоғларида ўчиб қолди. Яна ул мамлакатда Сова деган бир кўл бор эди, шу кечада ерга сингиб кетиб Самова деган чўлдан қайнаб чиқди. У чўл сувга тўлди, кўлга айланди. Бунда ҳам оламга ўзига хос ишорлар бўлса ажаб эмас, зеро бу кундан бошлаб икки золим империя зулмлари исканжасидан ер юзи озод бўлиши бошланган эди. Бу туғилиш нафақат башариятга бутун оламаларга таъаллуқли бўлганиданми еру-осмон, набототу-жамодот қўйингки барча олам севинди, шайтон алайҳи лаъна ва унинг тобеълари эса ларзага тушди...

Муҳаммад ﷺ  илк бор эмизилишлари ва сут оналари
У зотни илк эмизиш оналари Саййида Оминага насиб бўлди, у зот ﷺ ни ўз кўксиларида 7 кун тутиш шарафини туйдилар. Гўё бу ила Росулуллоҳ ﷺ оналари тафтидан оз бўлсада ором олган эдилар ва буни асло унутмадилар ҳам. Буни у зот ﷺ оналари қабрларини зиёрат қилар эканлар Аллоҳга оналари Саййида Омина ҳаққида илтижо қилганларида кўришимиз мумкин. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, аҳли сунна валжамоа у зот ﷺ нинг ота-оналари ҳақида ножўя сўзлар айтишдан қайтарадилар, бил-акс уларни жаннатий эканликлари борасида шубҳага ўрин қолдирмайдиган далилларни келтирадилар. У зот бу муборак она ила кўп вақт яшамадилар, тез орада Макка урфига кўра эмизилиш учун қишлоққа қараб юзландилар. Бу одат ҳам гарчи онани боласидан айирсада, фойдали томонлари ҳам бор эди. Масалан қишлоқ ҳавоси шаҳарникидан соф ва табиати тоза  ҳам бепоён эди. Бу ўз навбатида боланинг нимжон, уфқи тор бўлиб вояга етишидан бир нави ҳимоя эди.

Маккада Баъни Саъд аёллари
Улар эмизишга бола қидириб юришибди, лекин уларнинг ҳеч бири отаси вафот этган етимгина қолган гўдакни олгиси йўқ, чунки улар у ҳақида отаси ўлгани ва етимлигини эшитишган эди. Бошқа маълумот билишмас эди, унга яқинлашиб ҳам кўришмади... Тақдири илоҳий билан эшаги ориқлигидан йиқилай деб зўрға қадам босгани учун Ҳалима Саъдийя қабиласидан ортда қолиб келар эди. Ҳалима Саъдийяни Маккада ҳали ўзи билмаган бир ажиб ҳол кутмоқда... Макка. Бадавлат оила фарзандларини аллақачон қабила аёллари илиб кетган, атрофда унга фарзанд берадиган ҳеч кимса йўқ... Шу фурсатда оламларга раҳмат бўлган Муҳаммад Мухтор ﷺ га кўксини тутиш унга насиб этди. Ҳалима Саъдийя Саййида Омина билан кўришгач болани қўлга олар экан шу чоғдан унга муҳаббати тушди ва оналик қилишни бошлади. У зот ﷺ сал қолса бу урфдан четда қолишлари мумкин эди, бунинг сабаби эса отасиз етим қолганлари, аёлларга эса пулдор отали болалар кераклиги эди... Аллоҳ ўз Росулига танлаган оила эса ниҳоятда яхши ва ғамхўр эди.
Росулуллоҳ ﷺ оз фурсатгина оналари билан бўлиб, Маккадан чиқиб кета бошладилар. Ҳаммадан кеч қолиб келган Ҳалима уйига Ҳаммадан илғорлаб етиб келди. У зотдаги барака ва муаттар ифор чор атрофни қамради. Уларнинг ризқлари баракага тўлди. Ҳатто чорвалари қаерда ўтласа ана ўша ер ҳамма учун гўё ризққа тўла макон дея таъриф этила бошлади. Шу тариқа кунлар ўта бошлади, оламга Нур қалбга сурур тўлди!

Ўзгариш вақти келмадими?!

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси
3-босқич толиби 
Абдусаматов Усмонхон Самихон ўғли