Муҳаммад Абу Исо ат-Термизий
Муҳаммад Абу Исо ат-Термизий-буюк муҳаддис, катта олим, ҳадис илми ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломадир. Термизийнинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтган, дастлабки маълумотни ҳам шу ерда олган. Термизий Абу Исонинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган, фақат тарихчилар унинг: «Бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келганлар», – деган фикрини келтириш билан чегараланадилар. Болалигидан ўта зийраклиги, хотирасининг кучлилиги, ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан ўрганган, бу борадаги билимларини янада ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига борган. Узоқ йиллар Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Узоқ давом этган сафарлари чоғида машҳур муҳаддислардан таʼлим олган. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Қутайба ибн Сайд, Ишоқ ибн Мусо, Махмуд ибн Ғайлон ва бошқа унинг устозлари эди.
Термизий Имом Бухорий билан Нишопур шаҳрида учрашган ва икки аллома беш йил шу ерда яшаган. Имом Бухорий ўз шогирдини мақтаб, камтаринлик билан: "Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим", деган. Бу Термизийга берилган жуда катта баҳо эди.
Термизий йўлда, сафарда бўлганда ҳам, ёки бир жойда муқим турганда ҳам устозларидан, учратган ровийлардан эшитган ҳадисларни ёзиб олар, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борарди. 868 йил хориж сафаридан ўз юртига қайтган Термизий илмий-ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди ва йирик муҳаддис олим, имом сифатида шуҳрат қозонди. Термизийнинг шогирдлари унинг ишларини давом эттирди. Улар ичида Макҳул ибн алФадл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Ҳамод ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад Насафий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. "Ал-жомеъ ас-саҳиҳ" ("Ишонарли тўплам"), "ашШамоил аннабавия" ёки "АшШамоил аннабий саллолоҳу алайҳи ва саллам" ("Пайғамбар алайҳиссаломнинг шакл ва сифатлари"), "алИлал филҳадис" ("Ҳадислардаги иллатлар"), "Рисола филхилоф валжадал" ("Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола"), "атТаърих" ("Тарих"), "Китоб уззуҳд" ("Зоҳидлик китоби"), "Китоб уласмо валкуно" ("Исмлар ва кунялар китоби") ва бошқа Термизийнинг асарлари ичида энг машҳури, шубҳасиз, "Ал-жомеъ ас-саҳиҳ" бўлиб, 6 та ишончли ҳадислар тўпламидан биридир. Ушбу асар илмий манбаларда "Жомеъ ат-Термизий", "Саҳиҳи Термизий", "Сунани Термизий" номи билан ҳам аталади. Термизийнинг муҳим асарларидан яна бири "аш-Шамоил ан-набавия" Пайғамбар алайҳи салломнинг шахсий ҳаёти, у зотнинг суврат ва сийрати, ажойиб фазилатлари, одатларига оид 408 ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир. Бу китоб азалдан исломшунос олимлар, тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига тортиб келади. Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Унинг тили равон, услуби ғоятда оддий. Асар форс ва турк тилларига таржима қилинган.
"Аш-Шамоил ан набавия" китобининг 16-асрга оид бир қўлёзмаси Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланади. "Аш-Шамоил ан-набавия" ўзбек тилига ўгирилиб, сўнгги йилларда Тошкентда бир неча бор нашр этилди.
Мустақиллик йилларида Термизийнинг ёдгорлик мажмуаси 2016-2017 йиллари қайтадан таъмирланиб, қутлуғ зиёратгоҳга айлантирилди. 2024 йил август ойида «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2024 йил октябрь ойида Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади. Тадбирни юқори савияда нишонлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланди:
Имом Термизийнинг «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя» ва «Сунани Термизий» асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш;
2024 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида «Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш.
2024 йил центабр-октябрь ойларида Термиз давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ҳамда Имом Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид илмий мақолалар танлови ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони» танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилди.
Ушбу уламоларимизнинг ҳаёт йўллари биз учун ўрнак, намунадир. Уларнинг илмий мерослари мисли кўрилмаган хазинадир. Уларнинг илмий меросларини ўрганиш ҳамда ёш авлодга ўргатиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
A. Нажмиддинов
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси
ёшлар билан ишлаш маънавият ва
маърифат бўлими бошлиғи