22.07.2024

Бағрикенглик – азалий қадрият

Ўлкамизда қадим-қадимдан ота-боболаримиз томонидан диний бағрикенгликка асос солинган. Ушбу тамойилга асосланган фаолият ҳозирда ҳам давом этмоқда. Жумладан, мамлакатимизда мусулмонлар бемалол ибодат қилишлари учун мингдан зиёд масжидлар фаолият кўрсатаётгани каби насроний ва яҳудийлар ибодатларини адо этишлари учун каниса ва черковлар, бошқа дин вакиллари учун ибодатхоналар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Албатта, бу ишлар динимизнинг нақадар бағрикенглигидан далолат қилади.
Аллоҳ бизни нафақат мусулмонларга, балки ғайридинларга ҳам яхшилик ва адолат қилишдан қайтармаган. Бу нарса Қуръони каримнинг қатор оятларида ўз исботини топган. Масалан Аллоҳ таоло «Мумтаҳана» сурасининг 8-оятида: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас...» деган.
Тотувлик ва диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши, эътиқод ва динлар тарихидаги бир омилдир. Ислом ўзининг илк давриданоқ аввалги динларнинг бирортасига ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: «Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим» ва ҳоказолар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу борада Ислом умматигагина эмас, балки бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар. Бағрикенглик, кечиримлилик, самимийлик, одамгарчилик бобида у зотга тенг келадигани топилмаган, топилмайди ҳам. У зот қасос ва ўч олиш имконияти бўла туриб ўзларига зулм ва ёвузликлар кўрсатганларни кечириб юборганлар. У зот ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Рисолат мактаби таълимини олган саҳобаи киром ва тобеъинлар бу борада ҳаммамизга ўрнак ва намуна кўрсатишган. 
Иккинчи халифа, мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ғайридинларга хайрихоҳлиги, меҳр-муруввати ва адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эдилар. У зотнинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган.
Бу каби жараён бугунги кунда ҳам узлуксиз давом этаётгани барчамизни қувонтиради. Тан олиб айтишимиз керакки, биз ҳаммамиз бир ота ва бир онанинг фарзандларимиз. Аҳиллигимиз, иноқлигимиз ва ҳамжиҳатлигимиз ҳам ана шунда. 
Аллоҳ таолло раҳмдил бандаларига раҳм қилади, золим бандаларидан нафратланада. Шундай экан, Аллоҳ яратган инсон зотига нисбатан ҳурматда бўлайлик. Ота-боболаримиздан асрлар оша мерос бўлиб келаётган бағрикенглик тамойилини муносиб тарзда давом эттирайлик, уни сақлаб қолайлик ва келажак авлодга етказишда жонбозлик кўрсатайлик.

Мақсуд Акромов,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси