04.07.2024

Эхтиёткорлик динимиз курсатмасидир

Аллоҳга ҳамд, пайғамбар алаҳиссаломга салавоту саломлар бўлсин. 
Барчаларимиз техналогия ривожланаётган бир даврда яшаяпмиз. Ҳозирги кунда компютер техналогияси ва интернет тармоқлари кундан кун жадал ривожланиб бормоқда. Адбатта, бу нарсалар инсонларга узоқни яқин қилиш, қийинчиликларга барҳам бериш мақсадида бўлаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, инсоният фойдасини кўзлаб қилинган ишлардан ўзни ғаразли мақсадини кўзлаб ўзгаларга зарар етказаётган инсонлар орамизда учраб турибди. Интернет тармоқлари орқали инсонларни чув тушириш уларнинг молларига жонларига тажовузлар бўлаётгани, баъзи инсонларни шарманда қилишлик каби тубан чиркин ишларни ҳам қилаётганлар йўқ эмас. Бундай ҳолларда албатта, мусулмон киши доим ҳушёр бўлмоғи ҳар ишида ва соҳада лозимдир. Айниқса ҳозирги кунда бу ҳушёрлик барчадан бирдек талаб қилинадиган бўлиб қолди. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси муборакларида шундай марҳамат қиладилар:


لاَ يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ مَرَّتَيْنِ. (رواه البخاري)
“Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди”. Бухорий ривояти.
Бу ҳадисдаги чақилмайди деган сўз заҳарли ҳашаротлар назарда тутилган бўлсада, фақатгина мана шу билан маъно чекланиб қолмайди, балки ҳар қандай зарарни тушиниш лозим бўлади. Мўмин мусулмон бирор нарсадан икки марта зарар кўрмаслиги лозим бўлади. Зарар кишини хоҳ ишида бўлсин, хоҳ ҳаётидаги бошқа ҳолларида бўлсин, бирор кору ҳолидан зарар кўрдими бу иш зарар кўрган инсонга қайта такрорланмаслиги учун барча чора тадбирларни кўрмоқлиги керак бўлади. 
Ҳозирги кеча кундузда ижтимойи тармоқлар орқали кишиларнинг банк карталаридан пул ўмаришни касбга айлантирган баъзи “уддабурон” тоифалар пайдо бўлиб, турли алдов йўллари билан содда инсонларни пулларини ўғирлаётган ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда. Бундай ҳоллардан барчаларимиз огоҳ бўлмоғимиз ва яқин атрофимиздаги кишиларни ҳам бундай ҳоллардан сақлашлик йўлларини кўрмоғимиз лозим ва лобуддир. Зеро Аллоҳ таоло Ўзининг каломида:


وَتَعَاوَنُواْ عَلَى ٱلۡبِرِّ وَٱلتَّقۡوَىٰۖ وَلَا تَعَاوَنُواْ عَلَى ٱلۡإِثۡمِ وَٱلۡعُدۡوَٰنِۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَۖ إِنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир. (Моида сураси, 2-оят).
Аллоҳ таоло яхшилик ва тақво йўлига буюриб, ёмонлик ва гуноҳ йўлидан қайтиш амри билан мурожаат қилмоқда. Акс ҳолда яхшиликдан қайтиб ёмонлик йўлини танлаган инсонни охири вой бўлишлиги, Аллоҳни азоби қаттиқ эганлиги билан огоҳлантирмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, барчамиз яхшилик йўлида бирдам бўлиб, ёмонларнинг тузоғидан бир-биримизни ҳимоя қилиб, ўзаро ёрдамчи бўлайлик. Яқинларимизнинг ҳалол меҳнати орқали топилган маблағларига манфур кимсаларнинг тажовуз қилишига йўл қўймайлик. Бу йўлда ҳамиша бирдам бўлайлик.
Аллоҳ барчамизни ёмон иллатлардан Ўз паноҳида асрасин!


Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби.