Ёшлар муаммосининг негизи қаерда
Бу ҳақида гапиришдан олдин, сизга бир саволим бор: Ўзи, ҳақиқатдан ҳам ёшларда бирон-бир муаммо борми?
Аслида ёшларда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳеч бир нарса уларни ўйлантириб, қийнаётгани йўқ. Ҳар қандай ички ёки фикрий муаммоларни табиий инстикт йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қилишади. Тўғри кўпинча хато қилишади, лекин бу хатолик фақатгина уларнинг ўзига тааллуқли эмас, балки бу масалада жамиятнинг бошқа қатламидан бўлган кўплаб инсонлар уларга шерикдир. Қарор қабул қилишда эса табиий омиллар, яъни асаб, психологик ҳолат ва турли урф-одатларга эргашиш каби омилларга таянишади.
Хўш, унда бутун дунё жар солаётган, глобал муаммо деб тан олинган, гўё лавҳда катта ҳарфлар билан ёзилган, ўша «ёшларни қийнаётган масала» қаердан чиқди?! Нега барча машҳур журналлар, ахборот воситалари шу мавзуни кўтаришга ҳаракат қилишади?! Нега, бу масалада бир неча китоблар, рисолалар чоп этилди?!
Бу муаммони фақат ёшларга чеклаш менинг наздимда касалга қўйилган юзаки ташхисдир.
Бу масалага юзаки қарайдиган кишилар наздида бу муаммонинг негизи ёшларнинг ўзига бориб тақалади. Ҳатто баъзилар ёшлар билан турли хил психологик тадқиқотлар олиб бориб, турли хил ечимларни айтишган. Бошқа олимларнинг эътиборини ҳам шу масалага қаратиб, «ёшларнинг ҳолати ёмонлигини ва буни тезроқ ҳал қилиш лозимлиги»ни айтишган.
Лекин, афсуски бу ҳеч қандай фойда бермайди. Айтган ечимлари билан ҳеч нарса ҳал бўлмайди. Чунки, асл бемор ёшлар эмас, улар касални зоҳир қилган бир кўриниш холос!...Унда ҳақиқий бемор ким?
Муаммонинг асл негизи улар яшаётган жамиятдир! Уларнинг ҳаётида намоён бўлаётган муаммолар аслида улар яшаётган жамият таъсирида пайдо бўлади.
«Ёшларни қийнаётган муаммолар» деб жар солаётган ҳамда унинг ечимини топишга уринаётган кишилар худди машинада тошлоқ ерга кириб бориб, ҳаракатлана олмаганидан кейин тушиб, муаммо қаердалигини билиш учун машина ичига, мотор қисмига қараган кишига ўхшайди.
Аслида ёшларнинг фикрида ҳам, ўзларида ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ. шунчаки улар жамиятда топилиши мумкин бўлган нотинчлик, тартибсизлик каби ҳар қандай муаммоларни ўзида намоён қиладиган воситага айланиб қолган.
Агар жамиятнинг бошқа қатламлари ҳам улар каби ҳиссиётга берилувчан бўлганларида, албатта бу муаммоларда улар билан шерик бўлишарди. Бир ҳақиқатни англасак, бу масалани янада яхшироқ тушунамиз. «Бу дунё жабҳаларида ҳар бир инсон ўзини ақл ва нафсдан иборат қалқон билан ҳимоя қилади.» Бу икки неъмат инсонга бериларкан, аввалига ерга қадаладиган уруғ каби бўлади. Кейинчалик соҳиби ҳаёти давомида турли тажриба ва ҳаётий кечинмаларни бошидан ўтказганидан кейин улкан ва серҳосил мевали дарахтга айланади.
Буларнинг баъзилари танланган тажрибалар бўлиб, уни фан тилида «йўналтирилган омил» деб аталади. Бунга мисол қилиб ўқув масканларини олишимиз мумкин. Бошқалари эса, беихтиёр ҳаёти давомида бошидан ўтказадиган дарслар бўлиб, унга фан тилида «мустақил омиллар» деб юритилади. Яшаётган жамияти, атроф-муҳит, генетикани мисол қилишимиз мумкин.
Ёшлардаги фикрий тамойилларнинг асосий қисми бевосита ёки билвосита айнан мана шу жамият таъсирида шаклланади. Шундай экан, ёшларни жамият юзига тутилган ойна деб аташимизда ҳеч қандай хатолик бўлмайди.
Демак, ёшларда кўринаётган яхши ёки ёмон ҳолатлар аслида жамиятнинг яхши ёки ёмон ҳолатига далолатдан бошқа нарса эмас.
«Нега масалага бир томонлама қараяпсиз?»,-деб сўрашингиз мумкин.
Балки, аксинча жамиятнинг яхши ёки ёмонлашишига асосий сабаб ёшлардир. Балки жамият ёшларнинг ойнасидир?
Бу саволга жавобни олдинги сатрлардан ўқиб олишингиз мумкин. Олдин айтиб ўтганимиздек, ёшлар ўзининг фикрий тамойилларининг асосини яшаётган жамиятига таянган ҳолда қуради. Жамият шаклланишда биргина ёш йигитнинг фикрига асосланмайди.
Акбар Раҳмонов,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси