03.06.2024

АМАЛГА ЧОРЛОВЧИ ОМИЛ

Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун инсонда хайрли ишларни қилишга ундовчи ички омил бўлиши керак. Араб тилида уни «баис», яъни туртки деб аташади. 
Бу мўмин қалбини Аллоҳ розилигини топиш учун ҳаракатлантирувчи ички куч ҳисобланади. Ҳамма ширин уйқуда ётган пайтда муаззин нидосини эшитиш билан ширин уйқусини бузиб, таҳорат олиб, масжидга чиқишга ундаган нарса нима? Ёки ҳеч ким йўқ пайтда, ҳеч ким кўрмаётган бир ҳолатда, гуноҳ қилишга имкон бўла туриб, ўша гуноҳдан тийилишга сабаб бўлган нарса нима? Молни алдаб сотса, катта фойда кўришига кўзи етиб турса ҳам, тўғрисини айтиб, арзимаган фойдага рози бўлиб, ёлғон гапиришдан ўзини тийишнинг боиси нимада? 
Бундай йўл тутишга сабаб шуки, инсонларда шундай ҳалол ва покиза яшашга ундовчи ички туртки бор. Уламолар ана шу ботиний куч сабабли  Аллоҳга тоат ошиб, ҳиммат кучаяди, дейишган. 
Баъзан ҳаётда ғафлатда юриб, тоат-ибодатдан йироқ, гуноҳларга ботган, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган бир банданинг тўсатдан ибодатга кириб, Аллоҳ сари чин дилдан юзланганига гувоҳ бўламиз. 
Хўш, у қандай қилиб юз фоиз яхши томонга ўзгарди? Бу банда Робби томон юзланиши учун Аллоҳ томонидан унинг қалбига солинган ҳидоят ва ҳимматул иқболдир (яъни юзланиш ва тавба қилиш учун инъом қилинган ҳимматдир). 
Хўш, мана шу ҳимматни қандай қилиб қўлга киритиш мумкин? “Баис” (ички туртки) ҳар бир бандага Аллоҳ томонидан юборилган таклифнома бўлиб, кимдир уни қабул қилади, кимдир рад қилади. Мисол учун, бир инсонга таклифнома бериб, тўй маросимига чақиришди. Таклифномада: «Сизни фарзандларимизнинг никоҳ тўйига таклиф қиламиз. Келсангиз бошимиз осмонга етади. Ўз ташрифингиз билан бизни хурсанд қилган бўласиз...», дейилган. Мана шу таклифнома ва ундаги ёзувлар сабабли инсон қалбида ўша тўйга бориш ҳиммати, яъни “баис” ҳосил бўлади. 
Энди ушбу “баис”га "лаббай" деб, жавоб берадиганлар тўйга ҳозир бўладилар. Ушбу “баис”га беэътиборлар тўйга бормайдилар.
Аллоҳ сари юзланишдаги ҳиммат ҳам У Зот томонидан бандага қилинган таклифлар орқали пайдо бўлади. Кимдир бу таклифларни ўқигач, қалбида “баис” пайдо бўлиши билан Аллоҳ сари юзланади ва нажотга эришади. Кимдир эса бу таклифларни ўқиганда Аллоҳ томонидан қалбида пайдо қилинган “баис”нинг қадрига етмайди ва Аллоҳ сари юзланмай юраверади. 
Натижада ҳалокатга учрайди. Уламолар Аллоҳ бандага қилган таклифни тарғиб ва тарҳиб, яъни жаннат ва унинг неъматлари, жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллар хабарини бериш, дўзах ва унинг азоблари, дўзахга тушишга сабаб бўладиган амаллардан огоҳлантириш, деб атаганлар. 
Демак, Аллоҳга юзланиш ва ибодатга кириш учун Аллоҳ томонидан банда қалбига солинадиган баис, яъни ҳидоят бўлиши керак. Ким ҳидоятга йўлланмаган бўлса, у ибодатдан йироқ бўлгани учун қораланмайди, чунки унга ҳали ўша ҳидоят берилмаган. Бу мутлақо нотўғри фикр, чунки у ҳолда бировнинг ибодатдан йироқ бўлишига Аллоҳни айбдор қилаётган бўламиз. Аллоҳ эса бундай айблардан пок Зотдир. Бунга қуйидагича жавоб берилади: барча мусулмонлар Аллоҳнинг Раззоқ, яъни ризқ берувчи сифатига иймон келтирган. Ким Аллоҳнинг барча сифатлари қаторида ушбу сифатига иймон келтирмаса, уни мўмин деб бўлмайди, чунки Аллоҳ:
وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ إِلَّا عَلَى اللَّهِ رِزْقُهَا [هود : 6] 
«Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (яъни барча жонзотнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир, деб марҳамат қилган. (Ҳуд сураси, 6-оят). Лекин ушбу оятга суяниб, ризқни Аллоҳ ўз зиммасига олган деб, унинг сабабларини қидирмасак, Аллоҳнинг бошқа бир амрига итоат қилмаган бўламиз. Зеро, Аллоҳ таоло: 
فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ [الجمعة : 10]
«Ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлини истанг!» (яъни ризқ топадиган ишларни қилинг), деб марҳамат қилган (Жума сураси, 10-оят). Демак, ризққа эга бўлиш учун Аллоҳнинг Раззоқ сифатига иймон келтириш баробарида Унинг амрига итоат қилиб, ризқнинг келишига сабаб бўладиган ишларни ҳам қилиш лозим экан. Аллоҳ томонидан бериладиган ҳидоят ҳам худди шунга ўхшайди. Аллоҳнинг ҳидояти бўлсагина инсон бошини саждага қўяди. Лекин ҳидоят берилиши учун қилиниши керак бўлган сабабларни бажармай «Менга Аллоҳ ҳидоят берсагина ибодат қиламан-да! Ҳидоят бермаса, қанақасига сизларга ўхшаб намоз ўқийман?» деб, Аллоҳни айблаш нотўғри бўлади.
Шундай экан, Аллоҳ томонидан инъом қилинадиган “баис”га эга бўлиш учун нима қилиш керак? Қандай амаллар унинг пайдо бўлишига сабаб бўлади? Бу ҳақда уламолар шундай дейишган: «Қалбда “баис”ни пайдо қилувчи асосий омил – юқорида айтилган тарғиб ва тарҳибни, яъни жаннат ва унинг васфи, дўзах ва унинг азоблари ҳақида келган хабарларни ўқиш ёки эшитишдир. Ким бу хабарларни эшитса, қалбида Аллоҳ сари юзланишга туртки пайдо бўлади. Агар у ақлли инсон бўлса, қалбда пайдо бўлган ўша “баис”га "лаббай" деб жавоб беради ва икки дунё саодатига эришади. Агар тарғиб ва тарҳиб туфайли қалбда пайдо бўлган “баис”га жавоб бермаса, Аллоҳ сари юзланмаса, дардга чалинган беморга эътибор берилмаса, кун сайин унинг касали кучайиб, кейинчалик даволаш қийин бўлганидек, бу инсоннинг маънавий дардини ҳам даволаш қийин бўлади».

Мир Араб ўрта махсус таълим муассаси
АРМ мудири Адиз Усмонов