18.05.2024

Ҳасирий (Бухоро фақиҳлари)

Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абду Саййид ибн Усмон ибн Наср ибн Абдулмалик Бухорий, Жамолиддин, Абул Маҳомид. Ҳасирий  номи билан машҳур олим, Бухорода 1141 йил (ҳиж. 536) жумодул аввал ойида таваллуд топган. Отаси тожирлик билан машҳур бўлган . Ҳасирий кўпгина бухоролик олимлардан таълим олиб фақиҳлик даражасига етган. Имом Ҳасан ибн Мансур Қозихон Ўзжандийдан «Саҳиҳи Муслим»ни эшитган. Найсобурда (Нишопур) Мансур Фуровий ва Муайяд Тусийлардан, Балхда Шариф Абу Ҳошимдан таълим олган. Шомга бориб, Нурийя мадрасасида таълим беради. Турли, мушкул масалаларда фатво бериб, ҳадислар ривоят қилган.  Айнан шу ердан ният қилиб, ҳаж сафарига боради . 
Малик Муаззам Исо, фақиҳ аллома Маҳмуд ибн Обид Тамимий Сархадий ва Имом Юсуф Сибт ибн Жавзий сингари олимлар Ҳасирий қўл остида фақиҳлик даражасига етган. 
Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг муаллафотларини ривоят қилгани билан алоҳида ажралиб туради. Имом Абу Ҳанифа асъҳобларининг раёсати алломада ниҳояланган. 
Кўп садақа улашувчи, кўп кўз ёш тўкувчи, жуда яхши фазилатли, ҳусни хати чиройли, обид зот бўлган. 1238 йил (ҳиж. 636) 8-сафар, душанба кунида вафот этган. Дамашқдаги Суфийя қабристонида дафн қилинган. 
Алломага Ҳасирий  дейилиши ўзи истиқомат қилган Бухородаги бўйра тоқиладиган маҳалла (Бўйробофон)га нисбат берилган. Маҳмуд ибн Аҳмад Ҳасирий ҳам Бўйра тўқиб кун кечирган. Ҳофиз Мунзирий: “Дамашқга борганимда ўша ерда эканлар. У кишига етиб борадиган ижозам бўлсада ўзидан таълим олиш Насиб қилмаган ”, деб айтган.
Маҳмуд ибн Аҳмад Ҳасирий бир нечта асарлар ёзиб қолдирган. Жумладан: «Жомеъ ул-кабир»га иккита шарҳ ёзган. Бири мухтасар бўлса кейингиши «Таҳрир» деб номланган кенг шарҳ ҳисобланади. Шогирди Малик Муаззам Исо ҳам Маҳмуд ибн Аҳмад Ҳасирий қўл остида «Жомеул Кабир»дан таълим олган. Фанлар ва улар борасидаги асарлар ҳақида «Хойру матлуб»  деб номланган асар ҳам ёзган. «Мабсут»ни ўз хатида кўчирган. «Сияр»ни ўзига ижоза берган шайхларни жамлаган ҳолда шарҳлаган.  


Абубакр Мустафоев,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси

___________________________________________________________________________

Тазкирот ул-ҳуффоз 4-том 1425-рақам, Мираат уз-заман 8-том 820-821 бетлар, Зайл ур-ровзотайн 121-рақам, Бидоя ван ниҳоя 13-том 152-бет, Тобақот ул- фуқоҳаа(Тош Куброзода) 107-бет , Нужум аз-зоҳиро 6-том 313-бет, Фаваид ул-баҳийя 205-рақам, Ийзоҳ ул-макнуун 2-том 33бет, Ҳадийят ул-орифийн 2-том 405-бет, Тожут-тарожим 69-рақам, Катаибу аълаамил ахяар  417-рақам, Тобақот ус-санийя 2319-рақам, Кашф уз-зунун. 1-том 563-бетларда келтирилган.
 Жаваҳир ул-музийя. Муҳиддин Абулвафо Қураший. Дару ҳижр. 2007. 3-том, 432-бет.
 Ўша асар. 3-том, 431-бет.
 الحصر – арабчадан «бўйра». Ҳозирги «бўйробофон» маҳалласи.
 Ўша асар. 3-том, 432-бет.
Тўлиқ номи  «Хойру матлуб фи илмил марғуб».
 Жаваҳир ул-музийя. Муҳиддин Абулвафо Қураший. Дару ҳижр. 2007. 3-том, 433-бет.