Имконимиз борида...
عن ابى هريرة رَضي الله عنه قال :قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: إنَّ اللَّهَ عزَّ وجلَّ يقولُ يَومَ القِيامَةِ: يا ابْنَ آدَمَ مَرِضْتُ فَلَمْ تَعُدْنِي، قالَ: يا رَبِّ كيفَ أعُودُكَ؟ وأَنْتَ رَبُّ العالَمِينَ، قالَ: أما عَلِمْتَ أنَّ عَبْدِي فُلانًا مَرِضَ فَلَمْ تَعُدْهُ، أما عَلِمْتَ أنَّكَ لو عُدْتَهُ لَوَجَدْتَنِي عِنْدَهُ؟ يا ابْنَ آدَمَ اسْتَطْعَمْتُكَ فَلَمْ تُطْعِمْنِي، قالَ: يا رَبِّ وكيفَ أُطْعِمُكَ؟ وأَنْتَ رَبُّ العالَمِينَ، قالَ: أما عَلِمْتَ أنَّه اسْتَطْعَمَكَ عَبْدِي فُلانٌ، فَلَمْ تُطْعِمْهُ؟ أما عَلِمْتَ أنَّكَ لو أطْعَمْتَهُ لَوَجَدْتَ ذلكَ عِندِي، يا ابْنَ آدَمَ اسْتَسْقَيْتُكَ، فَلَمْ تَسْقِنِي، قالَ: يا رَبِّ كيفَ أسْقِيكَ؟ وأَنْتَ رَبُّ العالَمِينَ، قالَ: اسْتَسْقاكَ عَبْدِي فُلانٌ فَلَمْ تَسْقِهِ، أما إنَّكَ لو سَقَيْتَهُ وجَدْتَ ذلكَ عِندِي. رَواهُ مُسلم
Абу Ҳурайра розиял¬лоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганди: «Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни айтади: «Эй Одам боласи, мен бемор бўлдим, сен зиёрат мени қилмадинг». Банда: «Эй Роббим, Сени қандай бориб кўраман, ҳолбуки, оламларнинг Роббиси бўлсанг?!» дейди. Аллоҳ таоло: «Билмадингми, фалончи бандам бемор бўлди. Сен уни бориб кўрмадинг. Биласанми, агар уни зиёрат қилганингда, унинг олдида мени топган бўлардинг… Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, бас, менга таом бермадинг…» дейди. Банда: «Эй Роббим, Сени қандай таомлантира¬ман, ҳолбуки, оламларнинг Роббиси бўлсанг?!» дейди. Аллоҳ таоло: «Билмадингми, фалон бандам сендан таом сўради, бас, унга таом бермадинг. Биласанми, агар унга таом берганингда, уни менинг олдимда топган бўлардинг… Эй Одам боласи, сендан сув сўрадим, бас, менга сув бермадинг…» дейди. Банда: «Эй Роббим, Сенга қандай сув бераман, ҳолбуки, Сен оламларнинг Роббиси бўлсанг?!» дейди. Аллоҳ таоло: «Сендан фалончи бандам сув сўради, бас, унга сув бермадинг. Агар унга сув берганингда уни менинг олдимда топган бўлардинг…» дейди. («Саҳиҳи Муслим», 3088-ҳадис).
Бандалар бу дунёда қилган ҳар бир яхши ёки ёмон амали учун қиёмат куни сўроққа тутилиши муқаррар. Яхши бўлса, мукофот олади, ёмон бўлса, жазога тортилади. Аллоҳнинг адолати ниҳоятда кенг. Уни таърифлашга тил ожиз. Бу борада ҳеч кимга ҳатто пашшанинг қанотичалик бўлса-да, зиён қилинмайди. Шунингдек, заррача бўлсин яхшилик ҳам ёмонлик ҳам беъэтибор ташлаб қўйилмайди.
Шуни ҳам ёддан чиқармаслик зарурки, банда нафақат қилган балки қилмаган иши учун ҳам Яратганнинг олдида жавоб беради. Агар у Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажармаса, бунинг учун ҳам ҳисоб-китоб қилинади. Агар банда имкони бўла туриб, уни адо этмаса, бунга ҳам жавоб беришга мажбур. Аллоҳ унга бу имкониятни неъмат қилиб берган эди, банда охиратда ҳар бир неъмат учун масъулдир.
Бу ҳадиси шарифдан шундай хулоса оламизки, имконимиз борида беморларни бориб кўрайлик, камбағал ва мискинларнинг ҳолидан хабар олайлик, бева-бечораларга ҳадя улашайлик, етим-есирларнинг кўнглини овлайлик, заиф-мазлумларнинг қалбига хурсандчилик нашидасини солайлик, қийналиб қолган кишиларга ёрдам қўлимизни чўзайлик. Иложимиз борича ҳар куни савоб халтамизни тўлдириш пайида бўлайлик. Тариқ донасидек савоб ҳам мезонда асқотишини ҳис этайлик. Ана шунда Яратганнинг ҳузурида юзимиз ёруғ бўлиб, дийдорига эришамиз, иншааллоҳ.
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси