Чумоли ва Сулаймон алайҳиссалом (Илмий ҳақиқат)
Чумолилар нозик тебранишларни ажрата оладилар. Уларнинг манбасини билишади ва жуда ҳам ғаройиб усулда хатарни аниқлай оладилар. Келинг шулар ҳақида фикр юритамиз.
Атеистлар чумолини Сулаймон алайҳиссалом ва қўшинини келаётганини ҳис қилганини инкор этиб келадилар. Улар «Бу қисса афсонадан бошқа нарса эмас» дейдилар. Субҳаналлоҳ! Аллоҳ таоло бунинг илмий исботини топишни Германиялик олимларга насиб этди. Жорий йилда Спигел Онлайн сайтида чоп этилган немис тадқиқотчилар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, чумолилар бирор бир йиртқич ҳайвоннинг ёки қандайдир хатарнинг натижасида келиб чиқадиган тебранишни ажрата оладилар ва ҳужумга қарши ҳозирлик кўрадилар. Шамол келтириб чиқарадиган тебранишлар эса уларга таъсир ўтказмайди. Бу ҳолда чумолилар ўз ишларида давом этаверадилар.
Тадқиқотчилардан бири Кетрин Крозия тадқиқотга киришилишини шундай ҳикоя қилади: “Биз дарахт шохларига тўсатдан тегиб кетдик. Қарасак унда чумоли бор экан ва у бизга ҳужум қилмоқчи бўляпти. Чунки чумолилар тебраниш марказини аниқлаб, уни қаердан келаётганини билиб олади. Унга тезда қаршилик кўрсатишга шайланадилар.
Сулаймон алайҳиссалом замонларида ҳам чумолилар қўшиннинг келаётганини отларнинг ерга ураётган қадам товушларидан билган ва дарҳол қочишга ҳозирланган.
حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لَا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ
“Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар”, деди “(“Намл” сураси, 18-оят).
Биз ушбу оятдан 3 илмий ҳақиқатни топамиз:
1. Чумолилар тебранишларни сезади, уларни ажрата оладилар ва унга қарши ҳозирлик кўрадилар – "... бир чумоли: "чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар".
2. Чумолиларни аёл чумоли огоҳлантиради – «…бир чумоли…» (Оятда чумоли лафзи аёл жинсида келтирилган)
3. Чумолилар ўзлари учун жуда қулай уйларни қурадилар. Унда хоналар, йўллар, омбор ва ҳаттоки шамол айланиш тизими ҳам бўлади – "…масканларингга киринглар…".
Абдуддоим Каҳил
Шаҳзод Рамазонов таржимаси