Исломдаги ҳукмларнинг жорий қилинишидан кўзланган мақсад
Исломда инсонларга фойда келтириш шунчаки тарғиб қилинадиган амал эмас, балки барча ҳукмлардаги бош мақсад ҳисобланади. Ислом аҳкомларини атрофлича ўрганган уламолар таъкидлайдиларки, Ислом шариати ўзининг барча аҳком ва кўрсатмаларида инсон манфаатларини рўёбга чиқаришни кўзлаган бўлиб, ушбу мақсадга эришиш учун керакли ҳукмларни жорий қилган. Шунинг учун ҳам ушбу ҳукмлар асосида ишлаб чиқилган фиқҳий қоидаларнинг аввало инсонга, жамиятга манфаат келтиришга қаратилганини кўрамиз. Уларнинг ҳар бири инсоний манфаатларга бориб тақалади. Шу боис уламолар: «Шариатнинг барчаси манфаат: у ё зарарни қайтаради, ёки фойдани жалб қилади», деганлар.
Ўша фиқҳий негиз қоидаларни ҳанафий мазҳабининг айрим уламолари ўн еттита дейишса, шофеъий мазҳаби уламолари тўрттага қисқартирганлар. Изз ибн Абдуссалом уларни иккитага жамлаб, «манфаатни жалб қилиш» ва «зарарни даф этиш» қоидалари билан изоҳлаган. Аллома Субкий эса буни ҳам қисқартириб, «Манфаатни жалб қилиш барча шаръий аҳкомларга асосдир, чунки зарарни қайтариш ҳам манфаатни жалб қилиш ҳисобланади», дейди.
Ислом аҳкомларини чуқур ўрганган уламолар уларни жорий қилишдан олти нарсанинг муҳофазаси назарда тутилганини аниқлаганлар. Шайх Имод Зовъ раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳикматут ташриъ» китобларида уларни санаб шундай деган:
إنَّ الشَّرِيعَةَ وُضِعَتْ لِلْمُحَافَظَةِ عَلَى الضَّرُورِيَّاتِ الْسِتِّ، وَهِيَ: الدِّينُ، وَالنَّفْسُ، وَالنَّسْلُ، والعِرْضُ وَالْمَالُ، وَالْعَقْلُ
وَلِمُحَافَظَةِ الدِينِ حَرَّمَ الشِّرْكَ، و لِمُحَافَظَةِ النَّفْسِ حَرَّمَ القَتْلَ، و لِمُحَافَظَةِ النَّسْلِ حَرَّمَ الزِّنَا، وَلِمُحَافَظَةِ العِرْضِ حَرَّمَ القَذْفَ، و لِمُحَافَظَةِ المالِ حَرَّمَ السَّرِقَةَ، وَ لِمُحَافَظَةِ العَقْلِ حَرَّمَ الخَمْرَ وَالْمُسْكِرَاتِ،
Шариат қуйидаги олти нарсанинг ҳимояси учун ҳукмларини жорий қилган:
1. Дин ҳимояси (Шунинг учун ширкни ҳаром қилди)
2. Жон ҳимояси (Шунинг учун одам ўлдиришни ҳаром қилди)
3. Насл ҳимояси (Шунинг учун зинони ҳаром қилди)
4. Мол-мулк ҳимояси (Шунинг учун ўғирликни ҳаром қилди)
5. Ақл ҳимояси (Шунинг учун гиёҳванд ва маст қилувчи нарсаларни ҳаром қилди)
6. Обрў ҳимояси (Шунинг учун туҳматни ҳаром қилди)
Ушбуларнинг муҳофазасини таъминламай туриб, инсон осуда ҳаёт кечириши ёки инсон манфаатларининг таъминланиши ҳақида сўз юритишга ўрин йўқ. Шу боис, Ислом ўзининг барча ҳукмларида ушбу манфаатларни муҳофаза этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Исломда инсон манфаати барча нарсадан устун туради. Ҳатто кўп ўринда унинг моддий манфаати маънавий манфаатларидан устун қўйилади. Мисол учун, диндаги энг муҳим амаллардан таҳорат, ғусл каби фарз амалларни бажаришда аслида инсон манфаатлари кўзда тутилган бўлиши билан бирга, агар сув ишлатиш инсоннинг соғлигига зарар келтирадиган бўлса, таҳорату ғусл ўрнига таяммум қилиш мумкин бўлади. Худди шунингдек, сув манбаи йўқ ёки танқис вазиятда (масалан, чўлда сафар пайтида) сув кам бўлиб, таҳоратга ишлатилса, ичишга етмай қоладиган бўлса, у билан таҳорат қилинмайди, сув фақат ичиш учун сақлаб қўйилиб, тупроқ ёки қум билан таяммум қилиб покланилади. Кўриниб турибдики, ҳар иккала ҳолатда ҳам инсон манфаати, инсоннинг ҳаёти шаръий ҳукмни адо этишдан устун қўйилмоқда.
Намоз диннинг устуни, Аллоҳнинг ҳаққидир. Унинг инсон учун манфаатлари чексиз. Бироқ, шунда ҳам инсоннинг моддий манфаатлари риоя қилинади. Мисол учун, намозни туриб ўқиш инсонга оғир келса, ўтириб ўқиши мумкин. Намоз ўқиганда унинг бирор аъзосига нуқсон етиши аниқ бўлса, уни кечиктириб туради. Мисол учун, бир киши намоз ўқиётган эди, ёнида бир одам сувга тушиб кетди. Бундай пайтда намозни бузиб, чўкаётган одамни қутқариш фарздир, гарчи намоз вақти чиқиб кетадиган бўлса ҳам, акс ҳолда гуноҳкор бўлади.
Рўзани олайлик. Бу амал ҳам Исломнинг рукнларидан бири. Аммо рўза тутиш инсонга зарар келтирадиган бўлса, лоақал унинг касали тузалишига тўсқинлик қилса, рўза тутмаслик мумкин. Ҳомиладор ёки эмизикли боласи бор аёл ҳам рўза боланинг ривожига салбий таъсир ўтказиши мумкин бўлса, уни тутмайди, агар рўза тутаман деб болага зиён етказса, шариат наздида қаттиқ гуноҳкор бўлади.
Исломда инсоннинг ҳаёти шунчалар қадрлики, аслида шариат ҳаром қилган нарсани инсон ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун ейиши нафақат жоиз, балки жонини сақлаш учун вожиб ҳисобланади. Ҳатто жонини сақлаш учун тил учида иймондан қайтишга ҳам рухсат берилади, аммо собит туриб, қайтмаса, бу ўзи учун фазл, савоби буюк ишдир, аммо ҳаётини сақлаб қоладиган бўлса, бунинг учун заррача маломат қилинмайди.
Исломда инсоннинг нафақат бу дунёдаги манфаатлари, балки у дунёдаги манфаатлари ҳам риоя қилинади ва керакли чоралар кўрилади. Исломда бирор ҳукм ё кўрсатма йўқ-ки, унда инсон манфаати кўзда тутилмаган бўлса.
Ислом аҳкомларида инсон манфаатлари қанчалар таъминланишини англаш учун оят-ҳадислардан олинган шаръий асослардан айримларини эслаб ўтиш кифоя:
1. Ниманинг яхшилиги ғолиб бўлса, жоиз, ниманинг ёмонлиги ғолиб бўлса, ножоиз.
2. Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан устундир.
3. Жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устун туради.
4. Зарарни бартараф этиш ва фойдани жалб қилиш, машаққатни кетказиб, енгилликни жалб қилиш, торликни кетказиб, кенгликни жорий қилиш лозим.
5. Зарар бартараф этилади.
6. Иккита зарардан бирини танлашга тўғри келиб қолса, зиёни камроғи ихтиёр қилинади.
7. Зарар етказиш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ, зарарни зарар билан қайтариш ҳам йўқ.
8. Оммадан зарарни бартараф этиш якка шахсга етадиган зарарни кетказишдан устундир.
Юқоридаги гапларнинг барчаси Исломда инсон манфаати қанчалар қадрланишини кўрсатиб турибди. Ушбу ҳақиқатни англаш мусулмон кишини инсонларга манфаат етказишга ундайди ва бу йўлда толмай хизмат қилишини таъминлайди.
Мир араб ўрта махсус таълим муассаси
АРМ мудири Адиз Усмонов