Илмнинг фазилати
Аллоҳ Одам алайҳиссаломни яратгандан кейин фаришталарни у кишига ўша заҳоти сажда қилишга амр қилмади. У кишини фазилат соҳиби қилгандан кейин фаришталарни сажда қилишга буюрди. Ўша фазилат нима эди? Албатта илм эди. Аллоҳ бу ҳақида Қуръонда шундай марҳамат қилади:
وَعَلَّمَ آدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا
«(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди». (Бақара сураси: 31-оят).
Мана Одам алайҳиссаломни фазилатли қилган, бошқа барча махлуқотлардан устун ва афзал қилган нарса бу илм эди.
Ушбу оятнинг тафсирида уламолар: «Аллоҳ Одам алайҳиссаломни яратгач, фаришталар эътироз билдиргандай бўлишди. Аллоҳ уларга Одамни устунлигини билдириш учун барча нарсаларнинг исмини ўргатди ва Одам алайҳиссаломга ато қилган бу неъмати билан Одам фаришталардан устун эканлигини намоён қилди ва илм соҳибига айланган Одам алайҳиссаломга фаришталарни сажда қилдирди. Демак ўша илм туфайли Одам ва унинг зурриётлари фаришталардан устун бўлар экан», дейишган.
Олимлар шайтон учун энг хатарли мавжудот
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : " فَقِيهٌ وَاحِدٌ أَشَدُّ عَلَى الشَّيْطَانِ مِنْ أَلْفِ عَابِدٍ " .
“Битта фақиҳ мингта жоҳил обиддан кўра шайтон учун қўрқинчлироқдир”.
Хўш савол:
Нима учун мингта оддий ибодат қилувчи одамдан кўра битта олим шайтон учун хатарли?
Жавоб:
Чунки битта олим юз минглаб одамларни яхшиликка чорлайди. Мисол учун ҳозир масжидда ўн минга яқин одам бор. Имом уларга Аллоҳнинг ва Расулининг сўзларидан гапириб тўғри йўлга бошлаяпти. Бу ердаги ўн минг киши марузани ҳаммасини бўлмаса ҳам, маълум жойини бошқаларга етказади, улар эса яна кимларгадир айтади. Шундай қилиб бу яхшилик занжири давом этиб, давом этиб ҳидоятга эришганлар сони кўпаяди. Бундан ташқари бу марузалар диск бўлиб чиқади ва яна қанчадан қанча одамлар хайр сари қадам қўяди. Шундай экан шайтон учун албатта битта олимдан кўра мингда илмсиз авом намозхонни адаштириш осонроқ кечади.
Қиёмат кунидаги олимларнинг ҳолати
У кунда ака укасидан, бола ота-онасидан ва эркак хотини ва бола чақаларидан қочадиган кунда яъни қиёмат кунида ҳамма ўзим ўзим деб қолади. Ҳатто фарзандига энг меҳрибон она ҳам ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Ким бундай дахшатли кунда дўзахдан қутилиб жаннатга кириш неъматига мушарраф бўлса энг бахтли инсон ҳисобланади. Аллоҳ ушбу ҳолатни Қуръонда «Буюк ғалаба» деб номлаган. Энди тасаввур қилиб кўринг. Ўзи жаннатга кириш билан бирга яна бошқаларни ҳам жаннатга киритиш мартабасига эга бўлган одам нақадар бахтли ва нақадар буюк мақомда бўлади. Айнан мана шу мақомга олимлар эришади. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилган:
وعن عثمان بن عفان رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قال : قال رسول الله صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " يَشْفَعُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَلَاثَةٌ : الأنْبِيَاءُ ، ثُمَّ الْعُلَمَاءُ ، ثُمَّ الشُّهَدَاءُ" . رواه ابن ماجه .
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; «Қиёмат кунида уч тоифа инсонлар шафоат қиладилар: Анбиёлар сўнг олимлар сўнг шаҳидлар», дедилар».
Ушбу ҳадиснинг шарҳида уламолар шундай деганлар:
«Агар қиёмат кунидаги ҳолатни инсон ҳақиқий ҳис қилганида эди албатта олим бўлишга интиларди. Бошқалар у ёқда турсин ўзини дўзахдан қутилиб жаннатга кириши улкан бахт. Олим эса ўзи билан бирга Аллоҳ хоҳлаганча инсонларни жаннатга киритади. Аллоҳ барчаларимизни олимлардан қилсин!».
Илм аҳлининг номи боқий қолади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобаларнинг буюк олими бўлган. У киши бой бўлгани ёки чиройли бўлгани ёки насл-насаби олий бўлгани учун тарихда қолмаган. У киши олим бўлгани учун мана ҳанузгача у кишини эслаймиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу илм олиш осносида қоринлари очлигидан ейишга ҳеч вақо топмаганларидан ҳушдан кетар эдилар.
Тарихда қанча қанча бойлар ўтди. Лекин бирортасининг номи тарихда қолмаган. Йўқчиликдан очликдан ҳушидан кетадиган Абу Ҳурайрани эса қиёматга қадар мусулмон авлоди эслайди.
Албатта бу илмнинг шарофатидан!
Аҳли илм билан ўтириш
Олимлар ва аҳли илмлар Аллоҳнинг зикри билан банд бўлувчи инсонлар бўлиб, улариннг илмий мажлисларини уламоларимиз «мажолису зикр» деб аташади. Улар шундай инсонларки, уларнинг олдида туришнинг ўзи бир неъмат. Биров адашиб уларнинг мажлисида ўтириб қолса ҳам Аллоҳнинг раҳматига эришади.
Бу ҳақда ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ لِلَّهِ مَلَائِكَةً يَطُوفُونَ فِي الطُّرُقِ، يَلْتَمِسُونَ أَهْلَ الذِّكْرِ، فَإِذَا وَجَدُوا قَوْمًا يَذْكُرُونَ اللهَ تَنَادَوْا: هَلُمُّوا إِلَى حَاجَتِكُمْ. قَالَ: فَيَحُفُّونَهُمْ بِأَجْنِحَتِهِمْ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا. قَالَ: فَيَسْأَلُهُمْ رَبُّهُمْ وَهْوَ أَعْلَمُ مِنْهُمْ: مَا يَقُولُ عِبَادِي؟ قَالُوا: يَقُولُونَ يُسَبِّحُونَكَ، وَيُكَبِّرُونَكَ، وَيَحْمَدُونَكَ، وَيُمَجِّدُونَكَ. قَالَ: فَيَقُولُ: هَلْ رَأَوْنِي؟ قَالَ: فَيَقُولُونَ: لَا وَاللهِ مَا رَأَوْكَ. قَالَ: فَيَقُولُ: وَكَيْفَ لَوْ رَأَوْنِي؟ قَالَ: يَقُولُونَ: لَوْ رَأَوْكَ كَانُوا أَشَدَّ لَكَ عِبَادَةً، وَأَشَدَّ لَكَ تَمْجِيدًا، وَأَكْثَرَ لَكَ تَسْبِيحًا. قَالَ: يَقُولُ: فَمَا يَسْأَلُونِي؟ قَالَ: يَسْأَلُونَكَ الْجَنَّةَ. قَالَ: يَقُولُ: وَهَلْ رَأَوْهَا؟ قَالَ: يَقُولُونَ: لَا وَاللهِ يَا رَبِّ مَا رَأَوْهَا. قَالَ: يَقُولُ: فَكَيْفَ لَوْ أَنَّهُمْ رَأَوْهَا؟ قَالَ: يَقُولُونَ: لَوْ أَنَّهُمْ رَأَوْهَا كَانُوا أَشَدَّ عَلَيْهَا حِرْصًا، وَأَشَدَّ لَهَا طَلَبًا، وَأَعْظَمَ فِيهَا رَغْبَةً. قَالَ: فَمِمَّ يَتَعَوَّذُونَ؟ قَالَ: يَقُولُونَ: مِنَ النَّارِ. قَالَ: يَقُولُ: وَهَلْ رَأَوْهَا؟ قَالَ: يَقُولُونَ: لَا وَاللهِ مَا رَأَوْهَا. قَالَ: يَقُولُ: فَكَيْفَ لَوْ رَأَوْهَا؟ قَالَ: يَقُولُونَ: لَوْ رَأَوْهَا كَانُوا أَشَدَّ مِنْهَا فِرَارًا، وَأَشَدَّ لَهَا مَخَافَةً. قَالَ: فَيَقُولُ: فَأُشْهِدُكُمْ أَنِّي قَدْ غَفَرْتُ لَهُمْ. قَالَ: يَقُولُ مَلَكٌ مِنَ الْمَلَائِكَةِ: فِيهِمْ فُلَانٌ لَيْسَ مِنْهُمْ، إِنَّمَا جَاءَ لِحَاجَةٍ. قَالَ: هُمُ الْجُلَسَاءُ لَا يَشْقَى بِهِمْ جَلِيسُهُمْ».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳнинг зикр аҳлини қидириб, йўлларда айланиб юрадиган фаришталари бор. Агар бирорта зикр қилаётган қавмни топиб қолишса, «Излаган нарсаларингизга келинглар!» деб бир-бирларини чақиришади. Кейин улар буларни (зикр қилаётганларни) қанотлари билан дунё осмонигача ўраб олишади. Робблари Ўзи улардан яхши билса ҳам: «Бандаларим нима дейишяпти?» деб сўрайди. Улар: «Сенга тасбеҳ, такбир ва ҳамд айтишяпти, Сени улуғлашяпти», дейишади. У Зот: «Улар Мени кўришганми?» дейди. Улар: «Аллоҳга қасамки, йўқ, улар Сени кўришмаган», дейишади. У Зот: «Агар Мени кўрганларда, қандай бўлар эди?» дейди. Улар: «Агар Сени кўрганларида, Сенга янада қаттиқроқ ибодат қилишар, Сени янада қаттиқроқ улуғлашар ва Сенга янада кўпроқ тасбеҳ айтишар эди», дейишади. У Зот: «Улар Мендан нима сўрашяпти?» дейди. Улар: «Жаннатни сўрашяпти», дейишади. У Зот: «Улар уни кўришганми?» дейди. Улар: «Аллоҳга қасамки, йўқ. Эй Роббимиз, улар уни кўришмаган!» дейишади. У Зот: «Агар уни кўрганларида, қандай бўлар эди?» дейди. Улар: «Агар улар уни кўрганларида, унга янада ҳарисроқ, янада қаттиқроқ интилувчан ва янада кўпроқ рағбатли бўлишар эди», дейишади. У Зот: «Улар нимадан паноҳ сўрашяпти?» дейди. Улар: «Жаҳаннамдан», дейишади. У Зот: «Улар уни кўришганми?» дейди. Улар: «Аллоҳга қасамки, йўқ. Улар уни кўришмаган», дейишади. У Зот: «Агар уни кўрганларида, қандай бўлар эди?» дейди. Улар: «Агар уни кўрганларида, ундан янада қаттиқроқ қочган ва қаттиқроқ қўрқган бўлишарди», дейишади. У Зот: «Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, Мен уларни мағфират қилдим», дейди. Бир фаришта: «Уларнинг ичида фалончи ҳам бор, ўзи улардан эмас, бир юмуш билан келган, холос», дейди. У Зот: «Улар шундай суҳбатдошларки, уларнинг суҳбатдоши ҳам бахтсиз бўлмайди», дейди».
Ҳадисда фаришталарни «يَلْتَمِسُونَ أَهْلَ الذِّكْرِ» дейилди. Луғавий таржима қилганда «Зикр қилувчиларни қидириб юрадиган фаришталар», деган маъно чиқади. Лекин аслида аҳли зикр кимлигини Қуръонда баён қилиб Аллоҳ шундай дейди:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ [الأنبياء : 7]
«Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан яъни олимлардан сўрангиз!».
Демак ушбу оят билан ҳадисдаги зикр аҳлидан мурод олимлар, аҳли илмлар экани аён бўлди.
Юқоридаги ҳадисдан илм аҳлининг қуйидаги фазилатлари маълум бўлади:
1. Илм мажлислари ва илм аҳлини фаришталар қидириб юради
2. Фаришталар илм аҳлини қанотлари билан дунё осмонигача ўраб олишади.
3. Аллоҳ илм қилувчи олимлар ҳақида фаришталарга: «Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, Мен уларни мағфират қилдим», дейди.
4. Илм аҳли билан ўтирган инсон ҳам ушбу неъматдан баҳра олади ва асло хор бўлмайди.
Аллоҳ барчаларимизга илм олиб, унга амал қилиш ва бошқаларга таълим беришни насиб айласин!
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассаси
АРМ мудири Адиз Усмонов