06.03.2024

Мерос илми фани ҳақида

Бимиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бандаларига ораларидаги меросни юксак адолат ила тақсимлашнинг таълимини берган, мерос илмини дин илмлари ичида энг улуғларидан бири қилган, Роббимиз Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. 
Ўз умматларига мерос илмини жонкуярлик ила етказган, уни амалда кўрсатиб берган, бандаларнинг ҳақларини тўла - тўкис адо этишга ундаган суюклигимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин. Буюк Роббимиз Ислом динининг мукаммал бўлмоқлигини, ҳар бир замон ва маконга мос бўлишини ва бандалар ушбу динга эргашганларида, дунё ва охират саодатига эришишларини ирода қилганлиги шубҳасиздир.  Ислом, бутун инсониятга улуғ ҳаётий кўрсатмадир. Ўзида юксак маданиятни ҳамда, турли диний ва дунёвий илмларни мужассам этган гўзал динимиз, мерос борасида ҳам ўзининг гўзал ва бекаму - кўст кўрсатмаларини бергандир.  "Фароиз" сўзи "фарз" сўзининг жами бўлиб, луғатда "ўлчов", "кесиш","баён қилиш" деган маъноларни англатади. Мероснинг "фарз" деб айтилишининг сабаби эса, меросхўрларнинг ҳақлари Қуръони Каримдаги бир қанча оятлар, хусусан "Нисо", "Анфол" каби суралардаги бир қанча оятлар сабабидандир.  Мерос илми орқали биз вафот этган инсоннинг қолдирган мероси қандай тасарруф қилиниши,  ундан кимлар ҳақдор бўлса, уларнинг ҳақлари адолат ила адо этилишини ўрганамиз. Мерос илмининг асосий далил ва ҳужжатлари Қуръони Карим, суннат ва ижмоъдан олингандир. Бу илм шундай аниқ илмки,  унда, қиёсга ўрин қолмаган.
Ўз ўрнида мерос тақсимоти тўғри бўлиши учун бир қатор рукн, шарт ва сабаблар топилиши талаб этилади.  Айнан мана шу рукн,  шарт ва сабабларни алоҳида-алоҳида,  чуқур ўрганиш мерос илми фани орқали бўлади. Яъни мазкур фан бизга мерос тақсимотининг ўзига яраша қонун-қоидаларини ўргатади. Мерос илмининг ғояси- тарика (майитдан қолган мол)дан ҳар бир ҳақ эгасига, ўз ҳаққини етказишдир. Мерос илмининг самараси ва фойдаси шуки,  уни ўрганган одам меросни ҳақдорларига тақсимлашни ўрганиш билан бирга,  кўплаб мусулмонларнинг бир-бирларида ҳақлари қолиб кетишининг ва бу билан уларнинг гуноҳкор бўлиб қолишларининг олдини олишга хизмат қилади.

Раҳматов Баҳодир,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси