29.07.2021

Маййитлар тирикларни эшитадими?

Охирги пайтларда сохта салафийлар томонидан диний ақида ва шаръий аҳкомларни бузиб талқин қилиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Улар билиб-билмай, қош қўяман деб кўп ўринларда кўз чиқариб қўйишмоқда. Кўз чиқарганига чидаган паллаларда афсуски, бошни танадан жудо қиладиган ниҳоятда аянчли ҳолатларга қўл урмоқда. Уларнинг турли-туман фатволари сабабидан одамлар йўлдан адашмоқда, эътиқодларида иккиланиш ва шубҳа пайдо бўлмоқда. Ана шундай эътиқодларидан бири маййитлар тирикларнинг чақириқ ва дуоларини эшитишлари масаласидир. Улар маййитлар ўликларнинг дуосини эшитмайди, тирикларнинг ўликлар ҳақига қилган дуолар маййитларга етиб бормайди, Қуръон тиловати ҳам худди шундай деб оламга жар солишмоқда.
Салафийларнинг раҳнамоларидан бири бўлмиш Носириддин Албоний Нўъмон Олусий қаламига мансуб «Ал-Аятул баййина фий адами симаъил амват» («Ўликлар эшитмаслиги ҳақида очиқ¬ча далиллар») номли китобга муқаддима ёзиб, ушбу асарни таҳқиқ қилган. Китоб аввалида Носириддин Албонийнинг қуйидаги сўзлари бор: «...қўлингиздаги бу китоб бизнинг таҳқиқ ва таҳриримиз ила қайтадан, янгича кўринишда учинчи бор нашр қилинмоқда. Бу китобни кўпайтириб, Ислом ўлкаларида нашр этишга тарғибимиз туфайли бу хайрли ишга ҳурматли дўстимиз устоз Заҳир Шовийш ҳо¬мийлик қилди. Аллоҳ у кишини мукофотласин. Зотан, китобнинг мавзуси муҳим бўлиб, ундан жуда кўпчилик фойдаланиши кўзда тутилган эди. Айниқса, ўликлар эшитади, деб ўйлаб, пай¬ғамбарлар ва солиҳлардан дуоларида истиғоса қилиб юрган, жоҳилият ботқоғида яшаб кела¬ётганларга манфаати бўлсин, деган мақсадлар билан бу ишга қўл урганмиз».
Носириддин Албонийнинг фикрича, марҳумлар ти¬рикларнинг сўзларини эшитмайди ва бу жо¬ҳи¬лият ботқоғида юрганларнинг эътиқодидир. Ҳатто бугунги кундаги аксар «салафийлик» оқимига мансублар ҳам худди шу Албоний каби эътиқод қиладилар.
Уларнинг бу иддаоларига Имом Бухорий ва имом Муслимларнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» номли саҳиҳ тўпламларида ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф билан жавоб қайтаришни маъқул кўрдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَنَّ الْمَيِّتَ يَسْمَعُ قَرْعَ نِعَالِ الْمُشَيِّعِينَ لَهُ، إِذَا انْصَرَفُوا عَنْهُ
Яъни «Маййитни кузатишга келганлар (уни дафн этиб) қайтаётганларида маййит албатта уларнинг оёқ товушларини эшитиб туради», деганлар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу анъана саҳобалар давридан то бизга қадар ўзгармай саломат тарзда етиб келди. Ўтган уламолар ва дин пешволаридан бирортаси буни инкор этишмади. Ҳатто сохта салафийларнинг аждодлари ҳам шу эътиқодда бўлишган. Бироқ сохта салафийларнинг бугунги авлоди ҳам суннатга, ҳам ижмоъга, ҳам ўзларининг раҳнамоларига қарши чиқиб маййитлар ҳеч қачон тирикларнинг дуосини эшитмайди, уларга ҳақига ўқилган Қуръон тиловатининг зарарча манфаати йўқ деб турса, биз нима ҳам дея олардик? Шунда ҳам уларнинг адашган фирқа эканлигини наҳот сезмаяпсиз? Бугун бу гапига рози бўлсангиз эртага яна бошқа қилиқларни ўйлаб топмаслигига ким кафил бўлади?
Шундай экан, кўзимизни очайлик. Сохта салафийларнинг эмас балки дунёга донг таратган ота-боболаримизнинг йўлидан юрайлик.

Нарзулло Ахмедов,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси