27.02.2024

БАДГУМОНЛИК ЗАРАРЛАРИ

Мўмин ҳамиша бошқалар ҳақида яхши фикрда бўлади. Ҳеч қачон биров ҳақида ёмон хаёлларга бормайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисда шундай деганлар:
{ إيَّاكم والظَّن، فإنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ}
«Ёмон гумон қилишдан сақланинглар. Чунки ёмон гумон қилиш сўзларнинг энг ёлғонидир».
Аслида инсон Аллоҳнинг зикридан йироқ бўлгач, унинг қалбини ёмон гумон қамраб олади. Қалбни ёмон гумон қамраб олгач, инсон ҳамма ҳақида ёмон фикрда бўлаверади. Аллоҳ зикрнинг фойдаси ҳақида гапириб шундай деган:
أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ  [الرعد : 28]
«Билиб қўйинг. Аллоҳнинг зири ила қалб ором топур».
Хотиржам қалб ҳеч қачон ёмон гумонга бормайди. Инсон намоз ўқимаса, Аллоҳни зикр қилмаса, унинг қалби шайтон учун тайёр ўлжа бўлади.
Энг катта муаммо:
Азизлар Қуръонга амал қилсак, асло бундай гуноҳга мубтало бўлмаймиз. Аллоҳ бизга бир одам биров ҳақида маълумот келтирса нима қилиш кераклигини таълим бериб шундай дейди:
{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ}
«Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!».
Биздаги катта муаммо мана шу оятга амал қилмаслик бўлиб турибди. Бир одам биров ҳақида ундай, бундай, деса дарров унга ишониб кетмаслик керак.
Бугунги кунда биров ҳақида ёмон гумон қилиб, юз кўрмас бўлиб кетаётган одамларни текширсангиз, аксари мана шу оятда айтилган насиҳатга амал қилмай, дўсти ёки яқин одами ҳақида айтилган маълумотни текширмай, ундан ёмон гумон қилиб аразлашиб юрган бўлиб чиқади.
Аллоҳ ёмон гумонни қоралаб Қуръонда шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ [الحجرات : 12]
«Эй иймон келтирганлар кўп гумон қилишдан сақланинг. Зеро гумонларнинг баъзиси гуноҳдир».
Бу ҳадисга эътибор беринг:
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага қараб:
مَا أَعْظَمَكِ وَأَعْظَمَ حُرْمَتَكِ
«Нақадар буюксан! Нақадар ҳурматинг баланд!», дедилар.
Ҳақиқатдан Каъбани Аллоҳ қадрини буюк қилди. Ер юзидаги барча мусулмонлар унга талпинади. Қадри баланд муқаддас жой. Лекин ҳадиснинг давомини эшитинг:
وَلَلْمُؤمِنُ أَعْظَمُ حُرْمَةً عِنْدَ اللهِ مِنْكِ، إنَّ اللهَ حَرَّمَ مِنْكِ وَاحِدَةً، وَحَرَّمَ مِنَ الْمُؤْمِنِ ثَلَاثًا: دَمَهُ، وَمَالَهُ، وَأَنْ يُظَنَّ بِهِ ظَنَّ السُّوءِ
Аллоҳ сендан фақат бир нарсани яъни сени поймол қилишни ҳаром қилган бўлса. Мўмининг уч нарсасини яъни қонини молини ва у ҳақида ёмон гумон қилишни ҳаром қилди», дедилар 
Шайтон инсонинг қон томирида юради
Шунинг учун ёмон гумон қилиш ҳаром. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобларга ва бу орқали бутун умматларига таълим бўлиши учун бир куни шундай қилдилар. 
Бу воқеани Имом Бухорий киобларида келтирганлар:
Сафийя бинт Ҳуяй онамиз айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофда ўтирган эдилар. Кечаси у зотни зиёрат қилишга келдим ва у зот билан гаплашдим. Кейин туриб, ортимга қайтдим. У зот мени кузатиб қўйиш учун мен билан бирга турдилар. Шу пайт ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, тезлаб кетишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошманглар, ахир бу Сафийя бинт Ҳуяй!» дедилар. Улар: «Субҳаналлоҳ, эй Аллоҳнинг Расули! Сиз ҳақингизда ёмон хаёлга борармидик» дейишди. У зот: «Шайтон инсоннинг қонюрар жойида юради. Мен қалбларингизга шайтон бирор ёмонлик  солиб қўйишидан қўрқдим», дедилар».

САЛАФЛАРНИНГ СЎЗЛАРИ
Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Мусусулмон биродаринг ҳақида келган хабарни яхшиликкка ёйиб ҳусниз-зон қилишнинг имконияти бўла туриб, ёмон гумонга боришинг ҳалол эмас».
Сайид ибн Мусайяб айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган баъзи биродарларим менга : «Мусулмон биродарингни иши ҳақида келадиган хабарларни энг яхши гумонга солгин», деб мактуб ёзишди».
Абдуллоҳ ибн Муқаффал раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
التَمِسْ لِأَخِيكَ سَبْعِينَ عُذْرًا وَلَا تَسُؤْ بِهِ الظَّنَّ
«Биродаринг ҳақида ёмон хабар келганда, етмишда узр истагин. У ҳақида ёмон гумонга бормагин».
БУГУНГИ ҲОЛАТИМИЗ:

Телфон бўлиб қолса кўтаролмасангиз, «Ҳа кўтармаяпти. Қочиб юрибди. Кўтаргиси келмаяпти», деган гумонга борамиз.
Айтилган жойга боролмадик. Ҳа писанд қилмади-да. Бошқаларникига боради. Бизни менсимади, дейишади.
Илгари ёмон гумон қилиш аёлларнинг орасида кенг тарқалган иллат эди. Бугун бу борада эркаклар аёллардан ўзиб кетган.
Яхши гумон қилишнинг фойдалари:
Аслида яхши гумон қилишнинг бир неча фоидалари бор. Лекин яхши гумон қилувчи инсонинг қалбида бошқа мусулмонларга нисбатан ғиллу ғаш бўлмаслигининг ўзи сизу бизни яхши гумон қилишни ўзимизга одат қилиб олишимизга кифоя қилган бўларди. Энди яхши гумон қилишнинг қуйидаги фойдаларини санаб ўтамиз:
1. Иймон комиллигининг аломати
Чунки фақат мукаммал иймонга эга бўлган кишигина яхши гумон қилади.
2. Шайтониннг фитна ва ёмонликни қўзғатиши мумкин бўлган эшикни ёпиб қўясиз.
3. Жамиятда меҳр оқибат ва биродарлик руҳи кенг ёйилади. 
Тасаввур қилиб кўринг ҳамма яхши гумон қиладиган бўлса, адоват кўтарилади.
4. Яхшилик хислатлари тарқалиб ёмонлик хислати барҳам топади
Хулоса қилиб айтганда ҳақиқий мўмин, мўминлар ҳақида яхши гумонда бўлади. Биров унга фисқ хабарни етказганда дарҳол хулоса чиқармайди. Мўмин ҳуснуз-зон ила ёмонларни яхшига айлантиради.

Адиз Усмон,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси