26.02.2024

Комил иймон (ва илм)га чорлов

عن أنس بن مالك رضي الله  عنه , عن النبي صلَّى الله عليه وسلَّم قال " لَا يُؤمِنُ أحدُكم  حتى يُحِبُّ لأخيه ما يحب لِنفسه "

Анас ибн Молик родияллоҳу анҳудан: у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят этадилар: У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз токи ўз биродари учун ўзи севиб-хоҳлайдиган нарсани севиб-раво кўрмагунича иймонли бўлолмайди”.
Ҳадис ровийси билан қисқа танишув:
У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил мобайнида хизмат қилган, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг моллари, фарзандлари ва узоқ умр кўришлари борасида барака сўраб ҳаққиларига дуо этган, мол-мулки, фарзандлари кўплиги ва узоқ умр кўриш жиҳатидан ансорий саҳобалар орасида энг афзалларидан бири бўлган,  2286 та Ҳадиси-шариф ривоят қилинган, 93-ҳижрий санада 103 ёшларида Басрада барзах ҳаётига риҳлат этган,  саҳобийларнинг сўнггиси Хазраж қабиласининг фахри Анас ибн Молик ибн Надрдир.
Ҳадиснинг луғат маънолари:
1. Сизлардан ҳеч бирингиз иймонли бўлолмайди (لا يؤمن أحدكم) жумласидан мурод Иймонининг хислатларини камолга етказа олмасликдир. Бу ўринда (لا يؤمن ) "нафий-бўлишсизлик" феъли араб тили қоидалари ва ислом ақидаси асосларига кўра иймоннинг камолини инкори учун келтирилган дея англанади. 
2. "ўз биродари-акаси учун" иборасидаги (لأخيه) сўзидан мурод: кишининг исломдаги биродаридир. Бу ўринда (لأخيه)  сўзидан инсоний биродарликни англашни тўсувчи моне йўқ.
3.  "ўзи учун севиб-хоҳловчи" нарсани" "(ما يحب لنفسه ) жумласидаги (ما : нарса) калимаси, яхшиликларнинг барча турини қамраб олади.
Ҳадиснинг умумий шарҳи
Ушбу ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшиликларга ундовчи ўзларига хос бўлмиш, "кўп маъноларни қамраб олувчи"¹ сўзлари жумласидандир. У покланишга рағбатли қалбларни адоват, нафрат-ҳасад, бепарволик иллатларидан саломатликка етаклайди. Ҳа, Комил иймон — барча мўминларни ўз биродарларига ғамхўр бўлишга, натижада ўзлари учун нимани яхши деб билишса, биродарлари учун ҳам шу нарсани раво кўришга, ўзлари учун нимани ёмон деб билишса, уларга нисбатан ҳам ёмонликни хоҳламасликка чақиради. У ўз соҳибини юксалтиради ва иймон соҳиби ўзи учун ёқтирганидан ҳам зиёдароқ нарсани мусулмон дўсти учун раво кўра бошлайди. Яна, ҳадис кимки ўзи учун хотиржамликни, сиҳат-саломатликни ва бошқа яхшиликларни хоҳласа, энг камида мусулмон биродарига ҳам айни шуни тилаши лозим эканини таъкидлайди. Агар ўзи учун фақирликни, хорликни ва яна бошқа хил ёмонликларни истамаса, ўз биродари учун ҳам бу ҳолатларни ёмон деб билиши шарт эканини уқтиради. Яна бу ўринда айтиш керак-ки, агар бошқалардан неъмат завол топиши эвазига бўлмаса, улардан айрим фазилатлар борасида ўзишни хоҳлашликда ҳеч бир муаммо йўқ.
Ҳадис унга чақирувчи қўшимча хулосалар:
1.Комил иймон нафс токи бошқа бир мусулмонга ўзи учун ёқтирганни раво кўрмагунича, ҳосил бўлмаслиги;
2. Мусулмонларни алдаш, уларга ёлғон ишлатиш, азият етказиш, яна инсонлар ёмон деб ҳисоблайдиган  ёқимсиз нарсаларни уларга нисбатан қўллаш мумкин эмаслиги;
3. Тавозули бўлишга ва яхши хулқлар билан хулқланишга ундов;
4. Ўзаро муҳаббат, бир-бирини яхши кўриш ва бир-бирига раҳм-шафқатли бўлишга чорлов;.

Абдусаматов Усмонхон,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси 2 босқич талабаси