22.02.2024

Гапнинг кўплиги илм эмас!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Ҳабибимиз Муҳаммад мустафога салавоту саломлар бўлсин. 
Аллоҳ таоло илм аҳлини баланд даражотларга кўтариб, у аҳлларни ўзининг хос бандалари дея эътироф этгандир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидадир», деган эканлар. 
Имом Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: 
إِنَّمَا يَخۡشَى ٱللَّهَ مِنۡ عِبَادِهِ ٱلۡعُلَمَٰٓؤُاْۗ
“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”. оятини тиловат қилар эканлар.

Илм фақатгина Аллоҳнинг розилиги учун ўрганишлиги лозимлигини пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг ҳадиси муборакларида марҳамат қилиб айтадиларки:

عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ لِيُجَارِيَ بِهِ الْعُلَمَاءَ أَوْ لِيُمَارِيَ بِهِ السُّفَهَاءَ أَوْ يَصْرِفَ بِهِ وُجُوهَ النَّاسِ إِلَيْهِ أَدْخَلَهُ اللهُ النَّارَ. رَوَاهُ لتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда илм талаб қилишда толиби илм ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган учта хатарли ишдан огоҳлантирмоқдалар:
Илм талаб қилаётган киши уни: 
1.«Уламолар билан можаро қилиш учун» ўрганмаслиги керак. Бир илмни яхшилаб ўрганиш «уламолар билан талашиб-тортишиб, можаро қилиб, ҳаммасини енгиб, жим қилиб қўяй», деган ниятда бўлмаслиги керак. 
2.«Эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун» илм талаб қилмаслик керак. Толиби илм ҳеч қачон илмни ўрганиб олиб, тушунмаган одамларни мағлуб этиб, ҳаммасини лол қилиб қўяй, деган ниятни дилига тугмаслиги лозим.
3.«Ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун» илм талаб қилмаслиги керак. Одамлар: «Фалончи қори бўлибди, олим бўлибди, гаплари билан ҳаммани лол қолдиряпти», дейишлари учун ва шунга ўхшаган ниятлар билан илм олмаслик керак. Агар шундай ният билан илм ўрганиладиган бўлса унинг оқибати ҳақида пайғамбаримиз айтганларидек: “Аллоҳ уни дўзахга киритади” оқибати яхши бўлмас экан. Шунинг учун ҳар бир толиби илм аввало бу илмнинг қийматини билишлиги ва унинг учун ниятини тўғирламоғи энг асосийси илмни Аллоҳнинг розилиги учун олмоғи лозим бўлар экан. Шундагина илми баракали ва манфаатли бўлади.
Аллоҳ барчаларимизни чиройли илм олишлигимизни ва бу илмларни барча инсониятга манфаат бўлишлигини насиб айласин.

Д. Алиев
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби