“Мубаййин”- Бобурнинг исломий меъроси.
“Мубаййин”- Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ислом шариатига бағишлаб ёзилган китобидир. Ушбу асарда шариат аҳъкомлари, фиқҳий масалалар, ислом шариатига оид бўлган асосий мавзулар шерий тарзда ифодалаб берилган. Шоир ушбу асар хотимасида китобни шундай таърифлайди:
“Чун баён этдим анда шаръийёт,
Не ажаб, гар дедим “Мубаййин” от.”
Яни, “унда шаръий масалаларни баён этганим учун китобни “Мубаййин” деб номладим, дейди.” “Мубаййин”- очиқ баён этилган деган маънони билдиради.
Ушбу асар ўз даврининг бошқа асарлари сингари Аллоҳ таолага ҳамд, Пайғамбар алайҳиссаломга наът билан бошланган. Китоб беш бобдан иборат. “Eътиқодийя”(Иймон-еътиқод китоби), “Китобус-солат”(Намоз китоби), “Китобуз-закот”(Закот китоби), “Китобус-совм”(Рўза китоби), “Китобул-ҳаж”(Ҳаж китоби).
Китобнинг ҳар бир боби ислом шариатининг беш устуни иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж каби муҳим масалаларни ўз ичига қамраб олган. Китобнинг “Eътиқодийя” бобида Аллоҳ таолонинг борлик ва бирлиги, унинг ягона яратувчи зот экани, унинг сифатлари Абу Ҳанифа(р.а)нинг “Фиқҳул-акбар” китоби асосида, шерий тарзда баён қилинган. Хусусан,
“Қодиру баркамол Тенгридурур,
Қоҳир, у Зулжалолол Тенгридурур.
Ҳар наким қилса, Ул қилур бешак,
Ҳар на ким қилса, Ул билур бешак”
Яни, “Ҳар ишга қодир, комил сифатларга соҳиб ягона зот Аллоҳдир, Қаҳҳор сифатига эга, Жалол-беҳад улуғлик ва бениҳоят буюклик эгаси Аллоҳдир. Барча нарсанинг ягона бажарувчиси, ҳар бир ишнинг қилувчиси удир. Қиладиган ишни биладиган ҳам, билган ишни қиладиган ҳам, ҳар ким не иш қилса, уни билувчи ҳам Удир!”
Бошқа бир мисрада Аллоҳнинг шаънига шукрлар айтиб, эргашишимиз Абу Ҳанифа мазҳаби эканлигини таъкидлайди:
“Тенгридин бизга латифадурур,
Муқтадомиз Абу Ҳанифадурур.
Тенгрига шукрлар дейинг яксон,
Қилди бизларга ишни ул осон”
Бу буюк асар шоҳ ва шоир, буюк фақиҳ темурийзода Бобур томонидан ҳижрий 928 (мил. 1521) йили фарзандлари Ҳумоюн ва Камрон Мирзога бағишлаб ёзилган.
Асар охирида Бобур ўзининг нафақат буюк олим, саркарда, маърифатпарвар ҳамда камтарин Аллоҳнинг бандаси эканлигини яна бир бор таърифлайди. “Бу китобни ўқиб савоб топсинлар, камчилиги бўлса мендан деб билсинлар” дейди шоир.
Аҳмадов Муҳаммад
Мир Араб ЎМИБЮ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси. Бухоро давлат университети талабаси.