13.01.2024

Ватан ҳимояси олий бурч

  Ватан араб тилидаги "ٌوَطَن"- (Ватонун) сўзидан олинган бўллиб: "киши унда истиқомат қилувчи, униб-ўсувчи макон"-деган маънони ифодалайди. Луғавий жиҳатдан у маконда туғилиш ёки, туģулмаслик маъноларини ўз ичига олмайди. Демак, ҳар киши унда муқим яшайдиган ёки униб-ўсган заминни, унинг "Ватани" деб, аташ жоиз. Она Ватан тушунч аси ўзида – киши унга қалбий ришта ила киндик қони тўкилиб, мустаҳкам боғланган муқаддас диёр маъносини акс эттиради. Буни муборак аталмиш "Она" лафзига нисбат берилишидан билса ҳам бўлади. Мусулмон шахс учун эса, "Она Ватан" ва "ҳар қарич" ислом диёри Ватан ҳисобланади.    

Ҳимоя араб тилидаги "حماية"- (Ҳимааятун) сўзидан олинган бўллиб: унинг маъноси–бир нарсани, унга зарарли бўлган нарсадан "асраш", "сақлаш" демакдир. Ватан ва Ҳимоя сўзларини бир-бирига бўлган нисбатини англасак, "Ватан Ҳимояси" нима эканини хулоса қила оламиз. Бундан тушуниладики, Ватан муҳофазасига отланган ҳар бир аскар олий мақомдалигида ҳеч шубҳа йўқ. Улар агарда душман қўшинининг зарарларини Ватан сарҳадларига киришига йўл бермай, даф эта олса, ўзларига берилган "ВАТАН ҲИМОЯЧИСИ" маъносини ҳаққоний адо этган бўлади. Чунки, ҳақиқий ҳимоя– зарар кириб келмасидан аввал даф этиш демакдир. Ватан сарҳадларида душман билан кураш эса, қолган бор ҳудудларни сақлаб қолиб ҳимоя этиш, душман бор ҳудудни қайтариш курашидир, лекин унда ҳам қисман бўлсада Ватан ҳимояси акс этади. Юртбошимиз ҳам бунга алоҳида эътибор қаратиб, йиллар давомидаги мудофа соҳасида олиб борилган ишларни янада самарадирлигини ошириш, бу учун керакли чора-тадбирларни янада кучайтириш Ўзбекистон Республикасининг бу йилги асосий дастурларидан бири бўлишини ўзларини йил якунидаги халққа мурожаъатларида таъкидлаб ўтдилар. Ҳар биримиз ВАТАН ҲИМОЯЧИСИ деган номга сазовор бўлишимиз мумкин. Бунинг учун Ватанга етиши мумкин бўлган ҳар қандай зарарни ҳамма ўзи турган мақомдан келиб чиқиб даф этишга киришиши лозим. Бундан аввал эса  "Зарар нима-ю?, Мен ким?!" деган саволга яхшилаб ўйлаб, аниқ жавоб топиши шарт. Шундан сўнг ўла- ўлгунча сабот билан мақсад сари ҳаракатда яшаб-курашади. Шундагина ВАТАН ҲИМОЯЧИСИ номига лойиқ-сазовор бўла олади.Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқороси шу юртда истиқомат қилар экан, у Ватан олдида қарздордир. Қонунчиликка кўра ҳар бир Ватандош Ватан ҳимоясига масъулдир. Ватанга Она нигоҳида қарасак, бу қутлуғ заминда туғилган қалб ва қон риштаси ила боғланган ҳар кас Ватан ҳимоясига жавобгардир. Янада хос ёндашиб мусулмон шахс сифатида ёндашилса, ислом ўлкаси бўлган ҳар қарич ернинг-Ватаннинг ҳимояси фарздир.Зотан бизнинг  асрлар мобайнида ислом диёри бўлиб, ўзини ислом оламига, дунёга қилган хизматларини, етиштирган уламолари ила намоён қила олади. Бунга Имом Абу Ҳафс Кабир(767-832), Имом Бухорий(810-870), Имом Термизий(824-892), Имом Мотуридий(853-944) Насафийлар-у, Марғилоний-Фарғонийлар, Шошийлар-у, Яссавий(1093-1166), Нажмиддин Кубро(1145-1221), Хоразмийлар, Нақшбандий-у(1318-1389), Навоий(1441-1501), Махдуми Аъзам(1461-1542),  Машраб(1657-1711), Сўфи Аллоҳёр(1644-1724) ва яна кўплаб номлари тилларда-қалбларда мудом барҳаёт зотлар мисол бўла олади.Хуллас, ҳар биримизнинг зиммамизда энг камида бир, умуман олсак уч бор Ватан ҳаққи турибти. Аллоҳ Таоло ҳақларни адо этишни буюрган. Мусулмон шахс буни англаб етиши ва ҳаётини қолган қисмини ҳақиқий мўминдай кечириб, Ватан олдидаги бурчини адо этиши лозим. Бунга далолат қилувчи оят-ҳадислар талайгина, лекин бу ўрин уларни зикр қилиш учун торлик қилади. Ватанни севиш иймондандир*¹, унинг ҳимояси эса олий бурч ва шарафдир. Аллоҳ ҳар биримизга ҳақларни адо этишда тавфиқ берсин, у қандай ҳам яхши вакил ва нусрат берувчи зотдир! 

*¹ Бу айни сўзма-сўз равишда ҳадис бўлмасада, маъноси исломдандир. 

2-босқич талабаси Абдусаматов Усмонхон