02.12.2023

МЕНИНГ ҚАРАШИМ

Ҳар тараққий айлаган миллат элига сол қулоқ, 
Кеча-кундуз сўзлари афкор илм, афкор илм. 
Ул ҳақиқат ойиниға сайқал истарсан, Ниҳон,
Илм иста, илм иста, истагил зинҳор илм. 
                   Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 

Бундан қарийб 100 йиллар муқаддам, собиқ шўролар даврида ўзларининг айрим ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган халқимизнинг 10000 нафари ваҳшийларча қириб ташланади. Ўша даврларда бизнинг буюк халқимиз шундайин бир "уйғониш"га мухтож эдики, мустамлакачиликни таг-туги билан йўқ қиладиган, жаҳолатни кетказиб маърифатни юксалтирадиган, зулмни енгиб адолатни қоим қиладиган, ёт маданиятни қувиб миллийлигимизни дунёга танитадиган, бир сўз билан айтганда ўзлигимизни англатадиган Ўзбекона "уйғонишга" мухтож эди. Мана шуни ҳис қилган, халқнинг орасида ўсиб улғайган, уларнинг, азоб уқубатларидан хабардор бўлган, миллатимизни "уйғотиш"га астойдил бел боғлаган 271 нафар (эҳтимол ундан ҳам кўпроқ) маърифатпарвар жадидчи боболаримиз шу "уйғонишлик" , шу Ренессанс йўлида қатағон қилинганлар. Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, биз, бугун шундай бир даврга етиб келдикки, энди бугун уларнинг амалга оширмоқчи бўлган ишларини бутун бир даватимиз ўз олдига устувор мақсад қилиб қўйган. Шу мақсад йўлида жонларини фидо қилган 271 нафар буюк инсонларнинг ғояси бугун бутун давлатимиз, миллионлаб инсонларнинг бош ғоясига айланди. Юртимизда амалга оширилаётган янгидан-янги ислоҳотлар эса бунинг яққол намунасидир. Ренессанс ўзи нима? Ренессанс бу "қайта туғилиш", Ренессанс бу "уйғонишлик" , Ренессанс бу келажакка интилиш, Ренессанс бу истиқбол, Ренессанс бу эртанги кунимиз, бир сўз билан айтганда эса, Ренессанс бу "Янги Ўзбекистон" демакдир. Ҳар бир мақсадга олиб борадиган йўл бўлгани каби, бу мақсадларга ҳам бизни бошлаб борадиган ягона йўл бу илм-маърифат йўлидир. Дарҳақиқат, ҳар қандай ривожланган, буюк давлат борки бугунги натижаларга эришишларининг негизи илм- фан ва таълимга қаратилган эътиборнинг самараси ўлароқ десак янглишмаймиз. Барчамиз билган жадидчи қаҳрамонларимиздан бири бўлган маърифатпарвар адиб, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бобомиз ҳам ўз шеърларидан бирида шундай дейдилар:

 Ҳар тараққий айлаган миллат элига сол қулоқ, 

Кеча-кундуз сўзлари афкор илм, афкор илм. 

Ул ҳақиқат ойиниға сайқал истарсан, Ниҳон, 

Илм иста, илм иста, истагил зинҳор илм. 

Адиб айтмоқдаки ҳар бир тараққий қилган миллатнинг тарихига назар солсак, тараққиётининг сабаби кечаю-кундуз илм ҳақида тафаккур қилганлиги, илмдан бошқа фикру хаёли бўлмаганидадир. Ҳақиқат ойнасига, ҳаётнинг ҳақиқатларига жило беришни, сайқаллашни истасанг фақат ва фақат илм изла, илм талаб қил Ниҳон деб ўзига мурожаат қилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир ривожланган, юксак малакали миллат борки, шоир айтганидай барчасининг замирида халқнинг, ёшларнинг илмга бўлган муҳаббатлари, турли фанлардаги юксалишлари ва ютуқлари ётади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, агарда мана шу ҳар бир илм фаннинг негизига қарайдиган бўлсак, деярли барча фанларнинг ривожида, юзага чиқишида бизларнинг буюк бобокалонларимизнинг хизматлари ётганини кўришимиз мумкин. Уларнинг ҳаёт йўлларига назар соладиган бўлсак барчалари, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний, Марғилоний ва яна бошқа юзлаб алломаларимизнинг ҳаммалари, бутун дунё тан олган буюк мутафаккир, олимлар бўлишган. Бугунги кундаги деярли барча илмлар, уларнинг қолдириб кетган илмларининг устига бунёд қилингандир. Уларнинг мана шундай илмга бўлган муҳаббатларининг сабабидан бизнинг юртимиз ўша пайтларда илм ўчоқларидан бири, маданият ва маърифат юксак равнақ топган, ўз даврининг буюк давлатларидан бири бўлган. Бу ҳақда ҳаттоки АҚШ нинг Чикаго штатида икки юз минг нусхада чоп қилинадиган, инглиз тилидаги икки жилдлик "Жаҳон қомусий луғати"да миллатимиз ўтмиши ҳақида шундай сўзлар битилган: " Ўзбек - жаҳон халқлари орасида биринчилардан бўлиб ўтроқлашган, маданий турмуш кечирувчи, жаҳон цивилизациясига ҳисса қўшган миллат". Бундан кўриниб турадики бизнинг миллат 9- асрларда, ҳамда 14- асрларда юз берган икки буюк исломий Уйғониш - Ренессансда дунё илм - фани ва маданияти тараққиёти учун беҳад катта ҳисса қўшгани бутун дунёга маълумдир. Бунинг учун энг асосий бирдан-бир омил олий таълим масканлари, мадрасалар ва уларда тўпланган олиму - уламоларнинг хизматларидир. Аммо, афсуслар бўлсинки душманлар босқини, мустамлакачиликлар сабаб мамлакатда парчаланиш, илмсизлик, маърифатсизлик, маънавий ва ақлий қолоқлик ҳукмрон бўла бошлади. Айнан мана шу иллатлатлар сабаб юртимиз, халқимиз таназзулга юз тутганди. Муҳтарам юртбошимиз ҳам уларнинг мана шу мақсадларини ҳис қилган ҳолда юртимизнинг янги юксалиш йўли ҳам айнан илм йўлидан бўлишини, илмдан бошқа йўл беҳуда эканлигини бот-бот такидлаб, биз ёшларни ҳам шу йўлга дават қилиб келмоқдалар. Улуғ алломаларимизнинг илмдаги эришган ютуқлари тинимсиз изланиш билан бирга, Аллоҳ ризолиги учун ўрганилганлиги сабаб ҳали ҳанузгача бутун инсониятга хизмат қилиб келмоқда. Юртимизда бугунги кунда олиб борилаётган диний ислоҳотлар ҳам аслида шу мақсаднинг, шу Ренессанснинг бир қисми десак хато бўлмайди. Чунки ёшларимиз қачонки Аллоҳни, динини, ўзлигини билган, юртимизнинг, мусулмонларнинг манфаатини ўйлаган ҳолда илм ўргансалар эртага бундай маърифатли ёшлардан чинакам олимлар, юртимизнинг равнақига ҳисса қўшадиган чинакам юрт фидойилари етишиб чиқади. Ишонч билан айта оламизки бизнинг она юртимиз ҳам янада юксалиб, тараққий топади, авваллари бўлгани каби яна илм- маърифат, маданият ўчоғига айланади, барча жабҳаларда энг юқори натижаларга яна эришади. Фақат биз бунинг учун ўзгаришликни айнан бугундан бошлашимиз лозим бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам каломида буни таъкидлаб шундай марҳамат қилади:

 إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ 

яъни: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси, 11-оят) Шундай экан, илм талаб қилишликни биз айнан бугундан, ҳозирдан бошлаб ўзимизни ва юртимизни ўзгартиришлик учун ҳаракат қилишимиз лозим. Қолаверса яна айтишимиз лозимки бугунги кунда дунёда ғоявий, мафкуравий кураш яъни, дунёни ғоявий жиҳатдан бўлиб олишга бўлган уриниш кучайиб бормоқда. Бундай шароитда соғлом эътиқодли, илмли, ўз мақсадини аниқ белгилаб олган, эҳтиёж ва манфаатларини яхши англаб йетган кишигина келажагини сақлаб қолади ва истиқболини белгалайди. Шундай экан биз ўзимиз ва юртимиз келажаги учун ҳам айнан бугундан ҳаракат қилмоғимиз лозим ва бунинг учун бугунги кунда барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Гапимиз исботи ўлароқ айтамизки, 2018 йил 16 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида, Нукус шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида Президент мактаблари ташкил этилиши тўғрисида эълон қилди ва 4 ойдан сўнг „Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ қарорни имзолади. 2019 йилнинг июнь ойида „Президент мактаблари тўғрисида низом“ тасдиқланиб сентабр ойида „Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисида“ Президент фармони эълон қилинди. Юртбошимизнинг 2021 йилда имзолаган қарорига мувофиқ, агентлик номи „Президент таълим муассасалари агентлиги“га ўзгартирилди ва айни пайтда юртимиз вилоятларининг марказларида ва айрим йирик шаҳарларида жами 14та президент мактаблари 500 нафар чет эллик мутахассислар ёрдами асосида фаолият юритмоқда. Бундан ташқари яна 9 та Ижод мактаблари, 3 та Таянч ихтисослаштирилган мактаблари, 1000 тага яқин Ихтисослаштирилган мактаблар, 337 та касб-ҳунар мактаблари ташкил қилинганлигининг ўзиёқ таълим соҳасида қанчалик кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганлигининг ва биз таъкидлаётган Ренессансга юртбошимиз бошчилигида бутун давлатимиз қанчалик бел боғлаганининг яққол намунаси бўлади. Бундан ташқари Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Фахриддин ар-Розий мадрасалари ташкил қилиниши диний таълим соҳасида ҳам кўплаб ислоҳотлар олиб борилаётганини кўрсатиб беради. Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки мактаб, илм даргоҳлари бу - болаларнинг, ёшларнинг иккинчи бешикларидир. Дастлабки бешик инсон танаси соғлом ва равон ўсишини таминлаб берса, мактаб эса, унинг фикрининг равон ва соғлом эканлигини, маърифати юксак бўлишини таъминлаб беради. Зеро, ақли носоғлом бўлган соғлом танадан, на инсоннинг ўзига ва на жамиятга ҳеч қандай наф йўқдир. Шунинг учун ҳам биз ёшлар мана шу юксалишлик учун энг аввало пухта илм эгалламоқлигимиз лозимдир. Бу сўзларимиз халқимиз раҳнамоларидан бири бўлган маърифатпарвар инсон Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг қуйидаги шеърида ўз ифодасини топгандир: Қўзғолингиз, эй ўртоқлар! Келди бизга ишлаш чоғи, Биз барчамиз ёш ишчимиз, ишхонамиз - мактаб боғи. Туринг, тезроқ иш бошлайлик, Ялқовликни биз ташлайлик! Кўкдан булут ёмғир сочар, сувлар оқар, ўтлар ўсар Қушлар учар, озиқ излар, бутун дунё тинмай ишлар. Сиз ҳам туриг эй ўртоқлар, Юрт обрўсин ёшлар сақлар. Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб, сендан иш кутадир, Сенда кўргач ишсизликни, ҳасрат чекиб, қон ютадир. Тур ўрнингдан, оч кўзингни, Нодонликка айт сўзингни.

 Жумаев Нозимжон

 Мир араб ўрта махсус ислом 

таълим муассасаси 4-босқич талабаси