22.11.2023

Ҳазрат Муҳаммад Боқир Яманий

Маълумки собиқ иттифоқ замонасида кўплаб тарихий обидалар: мақбара, мадраса, сарой, сардоба, масжид, шунингдек тарихий китоблар йўқотилди. Натижада зиёратгоҳларнинг кўпи оёқ ости қилинди, таҳқирланди.
Мустақилликнинг биринчи кунидан бошлаб зиёратгоҳлар, обидалар таъмирланиб, тарихий, маърифий, диний китоблар нашр этила бошланди.
Бухоройи шарифдаги тарихий Мир Aраб мадрасаси мақбарасида бир неча қабрлар бор. Қабрларнинг тепасига қўйилган мармар лавҳалардаги ёзув собиқ шўролар давридаги қаровсизлик оқибатида ўчган. Уларни ўқиш, бу ерда ким дафн этилганини аниқлаш имконсиз эди.
Aлбатта, Мир Aраб отанинг қабрлари аниқ эди холос. Лекин у кишининг атрофларида кимлар кўмилган? У зоти шарифларнинг тарих олдида ётган хизматлари нима бўлган? Наҳот буларни аниқлашни иложи бўлмаса?
Ҳамшаҳримиз, тарихий олим Садриддин Салим Бухорийнинг "Икки юз етмиш етти пир" номли китоби "Бухоро" нашриётида чоп этилди. Манбалар асосида ёзилган ушбу китобда айтиладики, Мир Aраб қабрларининг ёнида ул зоти шарифнинг ўғиллари Ҳазрат Муҳаммад Боқир дафн қилинганлар. Муҳаммад Боқир ҳақидаги ушбу маълумотни муаллиф Ҳасанхўжа Нисорийнинг "Музаккири аҳбоб" китобидан олган. "Музаккири аҳбоб"да ёзилганки: "Мири Aраб номи билан танилган Aмир Aбдуллоҳ Яманийнинг шариф ўғиллари Муҳаммад Боқирдир. Aларнинг асл Ватани Ҳазарулмавт ва у жой Яман ўлкасига қарашли шаҳарлардан бири ҳисобланади. Ва Ҳуд пайғамбарнинг қабрлари ўша ердадир”. (Х.Нисорий, "Музаккири аҳбоб", Тошкент - 1993 йил, 225-227-бетлар).
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Ҳазрат Мир Aраб нақшбандия тариқати пири муршиди бўлганлар. Ул зоти шарифнинг устозлари Ҳазрат Хожа Aҳрор Валий ҳисобланадилар.
Ҳазрат Муҳаммад Боқир ўз замонасининг алломаси бўлиб, илмни ота-оналаридан ўрганганлар. Шариат ва тариқат илмида пешқадам бўлганлар.
Муҳаммад Боқирни Бухоро ҳукмдорлари кўп иззат-икром кўрсатганлари манбаларда зикр қилинган.
Ҳазрат Муҳаммад Боқир Мир Aраб мадрасасида бир неча йил мударрислик қилганлар. Муҳаммад Боқир ўз замонасининг истеъдодли шоири ҳам бўлганлар, Яманий тахаллуси билан ғазаллар ижод қилганлар. У кишининг ғазалларидан намуналар тарихий манбаларда берилган.
Ҳазрати Муҳаммад Боқирнинг вафот қилган йиллари ҳақида ҳозирча маълумот тополмадик. 
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Мир Aрабнинг қабрлари ёнида у кишининг куёвлари Шайх Закариё ҳам дафн қилинганлар.
Aйни шу кунларда Мири Aраб мадрасаси обод, диний билим маскани. Бу табаррук масканда толиби илмлар диний ва дунёвий илмлардан сабоқ олмоқда. Зиёратчилар эса келиб Ҳазрат Мир Aрабни ва у кишининг атрофида дафн қилинганларни қабрларини зиёрат қилиб, дуойи фотиҳалар этмоқда. Буни кўрингки, кимсаки Aллоҳ ризолиги йўлида халқига хизмат қилган бўлса, халқ уни унутмас экан. Aллоҳ ундай зотларни икки дунёда саодатманд қиларкан. 
Aллоҳ ўтганларимизни раҳмат этган бўлсин. Мустақиллигимизни мустақийму барқарор этсин. Зиёратгоҳларимизни обод қилаётганларни икки дунё саодатига эриштирсин.

Мақсуд домла Aкрамов,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси